Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан Бишкек ИЭСдаги авария бўйича Қирғизистонга ёрдам кўрсатилади
Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов қирғизистонлик ҳамкасби билан телефон орқали мулоқотида маълум қилган. Ўзбекистон томони Андижондан Ўшга суюлтирилган газ баллонлари етказиб беради.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Қирғизистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Бахтиёр Саидовнинг сўзларига кўра, Бишкекдаги иссиқлик электр станциясида юзага келган авария муносабати билан Ўзбекистон томони президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан Қирғизистонга ёрдам кўрсатишга тайёр.
“Хусусан, ўзбек томони ёрдам тариқасида Андижондан Ўш шаҳрига суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилишини маълум қилди. Ўз навбатида Қирғизистон ташқи сиёсат идораси раҳбари Жээнбек Кулубаев биродар сифатидаги инсонпарварлик ёрдамига тайёрлиги учун самимий миннатдорлик билдирди”, – дейилади хабарда.
Қирғиз Республикаси ТИВ ахборотига кўра, Туркманистон президенти Сервар Бердимуҳамедовнинг топшириғи билан ушбу мамлакат ҳам Қирғизистонга суюлтирилган газ тарзидаги инсонпарварлик ёрдамини етказиб беришга тайёрлигини билдирган.
2 феврал куни, ҳаво ҳарорати 0 даражадан паст бўлиб турган шароитда Бишкекдаги ягона ИЭСда рўй берган портлаш оқибатида мамлакатнинг айрим ҳудудларида иссиқлик ва электр таъминоти узилиб қолди. 5 киши жароҳатланиб, улардан 3 нафарининг касалхонага ётқизилишига олиб келган авария сабаблари ҳозирча маълум эмас.
Мавзуга оид
17:30 / 14.11.2024
Қирғизистон Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун қўшниларга камроқ сув бериши мумкин
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
17:21 / 06.11.2024