Жаҳон | 10:39 / 01.07.2023
13708
2 дақиқада ўқилади

Сан-Францискода 104 минг доллар йиллик даромад кам деб белгиланди

Сан-Францискода 104,4 минг доллар даромадга эга бир кишилик хонадон учун бу миқдор кам деб баҳоланди. Шаҳарда ўртача даромад юқорилиги билан бирга харажатлар ҳам баланд. Бир кишилик ижара ойига 3 минг долларга тўғри келади.

Alexander Spatari/Getty Images

Калифорния штати Уй-жой департаментига кўра, Сан-Франциско шаҳрида йиллик даромади 104,4 минг доллар бўлган бир кишилик хўжалик кам даромадли ҳисобланади. Бир кишилик хонадон учун ўртача даромад 122,5 минг доллар этиб баҳоланди.

2023 йилги Даромадлар чегараланишига оид ҳужжатга кўра, Сан-Францискода бир кишилик хонадонда йиллик даромад 18,4 минг бўлса, ҳаддан ортиқ паст, 39,1 минг доллар эса жуда паст, 65,3 минг доллар пастроқ, 104,4 минг доллар эса паст деб баҳоланди.

Икки кишилик хонадон учун 119,3 минг доллар, 3 кишилик хўжалик учун 134,2 минг доллар, 4 кишилик хонадон учун 149,1 минг долларлик даромад паст ҳисобланади.

Ойлик даромадга мос равишда Сан-Франциско қиммат шаҳар ҳисобланади. Шаҳарда бир кишилик ижара нархи ойига 3 минг долларни ташкил қилади ва нарх қимматлиги бўйича АҚШда учинчи ўринда туради. Биринчи ва иккинчи ўринларни эса Нью-Йорк ва Жерсей шаҳарлари эгаллайди.

2020/2021 йилги ўрганишларга кўра, сан-францисколиклар уй-жой учун даромадининг 42 фоизини сарфлайди. АҚШ бўйича бир киши уй-жой харажатлари учун ўртача 34 фоиз даромадини сарфлайди. Шунга қиёсан олганда Сан-Францискода нархлар ўртачадан юқорироқ экани кўринади.

Даромадлар билан бирга яшаш харажатларининг юқорилиги сабаб Сан-Франциско аҳолиси 2020 ва 2022 йиллар оралиғида 7 фоизга, 62 минг одамга камайган. Пандемиядан кейин масофавий ишлаш вариантининг оммалашиши одамларни яшаш нисбатан арзонроқ ҳудудларга кўчиб ўтишга ундаган.

Мавзуга оид