Вакциналар ва мантиқсиз миш-мишлар: инфодемиядан огоҳ бўлинг
Коронавирус вакцинаси ҳақида Telegram'да тарқалган аудиоларни эшитиб, кўнгил хижил бўлди. Тармоқда шундай гаплар тарқагани учунмас, унга кимлардир ишонгани учун ҳам эмас. Мана шундай асоссиз, бозорчи гапларга ишонадиганлар кўплигидан одам ранжийди.
Расо ақл деган нарса бор. Русчада “здравый смысл”, инглизчада “common sense” дейилади. Бу нима дегани? Ким нима деса ишониб кетавермаслик, кимдир қаергадир етакласа эргашиб кетавермаслик учун қабул қилинаётган ахборотни текшириш, манбанинг қанчалар ишончлилигини аниқлаш орқали фильтр қилиш дегани.
Келинг, аудиоларда айтилган иддаоларни расо ақл тарозисига солиб кўрамиз.
Аввало, аудио муаллифлари кимлиги мутлақо номаълум. Овоз эгаларининг бири эркак, иккинчиси аёл жинсига мансублигидан бошқа маълум нарса йўқ. Шундай ҳолатда уларнинг гапига ишониш қанчалар дуруст? Ҳар ҳолда гап, минглаб олимларнинг меҳнати ва фармкомпанияларнинг миллиардлаб доллар маблағ сарфланган дорилар ҳақида кетяпти.
Иккинчидан, вакцина “икки йил ичида деворнинг нарёғига олиб кетади” деган гапга асос қани? Қайсидир илмий журнал, мўътабар манбада шу ҳақда гап борми? Ундан кейин, нега икки йил? Нега 1,5 йилмас, нега 3 йилмас? Коронавирус вакцинаси ишлаб чиқилганига ҳали бир йил ҳам ўтгани йўқ-ку, уни қабул қилган одам икки йилдан кейин ҳалок бўлиши ҳақидаги фараз қанчалар тўғри бўлади шунда?
Дарвоқе, вакциналарга ишонмаганлар улар ҳақидаги маълумотларни бир-биридан мустақил бўлган манбалардан ўқиб олишлари ва ўзларида пайдо бўлган турли саволларга жавоб топишлари мумкин.
Энди учинчи ва энг асосий пунктга келамиз. Шу кунгача COVID-19'га қарши 3 миллиард 100 миллион доза вакцина билан эмлаш ўтказилди. Бу ҳақда, масалан, АҚШнинг Bloomberg агентлиги томонидан онлайн тарзда янгиланиб турган махсус саҳифа орқали билиб олиш мумкин. Ана шу саҳифага кўра, Хитойда 1 миллиард 240 миллион, АҚШда 328 миллион, Европа Иттифоқида эса 370 миллиондан ортиқ вакцина дозаси қўлланган.
Ўз-ўзидан савол туғилади: дунёнинг етакчи давлатларининг аҳолиси ҳам икки йилдан кейин “деворнинг нарёғига ўтиб кетадими?”
Қолган мамлакатлар майли, жаҳоннинг ўзига тўқ ва кучли давлатлари ҳам “дунёда одам кўпайиб кетгани учун” ўз фуқароларини ўлдирворяптими шунда?
“Вакцина олган одам икки йилдан кейин ўлиб кетади” деган иддаода “мантиқ” сўзининг “м” ҳарфи ҳам йўқ экани кундек равшан.
Энди келинг, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган вакциналар ҳақида сўз юритамиз. Ҳозиргача Ўзбекистонда 3 та вакцинадан фойдаланишга рухсат берилди:
1. Оксфорд университети ва AstraZeneca фармкомпанияси қўшма лойиҳаси маҳсули бўлган AstraZeneca вакцинаси (Vaxzevria and Covishield номлари остида савдога чиқарилган).
Ҳозирга қадар 172 та мамлакат (!)да фойдаланишга рухсат берилган.
2. Россиядаги Гамалея номидаги институт томонидан ишлаб чиқилган Спутник-V вакцинаси.
Дунёнинг 74 та давлати, жумладан, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия каби давлатларда рўйхатдан ўтказилган.
Қуйидаги инфографикага қараб, Спутник-V вакцинаси қаерларда ишлаб чиқарилаётгани, ишлаб чиқариш режалаштирилгани ва ишлаб чиқариш муҳокамаси олиб борилаётганини кўриш мумкин.
3. Хитой Фанлар академияси ва Анхуй Жифей Лонгком институти ҳамкорлигида ишлаб чиқилган ZF2001 вакцинаси.
Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC 2001 белгиси билан рўйхатдан ўтказилган. Ушбу вакцина Хитой ўз аҳолисини эмлаётган 4 вакцинадан биридир.
Жаҳоннинг етакчи мамлакатлари ҳам коронавирусга қарши вакцинани аҳолисига тавсия этаётган пайтда, бу “одамни ўлдиради” дейиш учун одам қанчалар жоҳил ва саводсиз бўлиши керак.
Вакцина олиш ё олмаслик – ҳар кимнинг шахсий иши. Бунга аралашишга на давлат, на бошқа фуқароларнинг ҳаққи бор. Лекин нотўғри ва асоссиз маълумот тарқатиш дуруст иш эмас ва бунга жавобгарлик бор.
Шоакмал Исроилов
Мавзуга оид
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
20:25 / 23.10.2024
Британияда норовирусга қарши дунёдаги биринчи вакцинани синовдан ўтказиш бошланди
21:15 / 13.09.2024
ЖССТ маймунчечакка қарши биринчи вакцинани тасдиқлади
00:00 / 06.09.2024