Ўзбекистон | 16:20 / 07.05.2020
5569
2 дақиқада ўқилади

ИИВ академик лицейларига ўқишга кириш учун аризалар қабул қилиш муддати узайтирилди

ИИВ академик лицейларига 2020–2021-ўқув йили учун аризаларни қабул қилиш муддати узайтирилди. ИИВ Кадрлар бош бошқармасининг Kun.uz’га маълум қилишича, ўқишга кириш учун аризалар 15 майгача қабул қилинади.

Ички ишлар вазирлиги тасарруфида Ўзбекистон бўйича 14 та академик лицей мавжуд бўлиб, улар ҳар бир вилоят маркази ва Қорақалпоғистон Республикаси пойтахтида жойлашган.

Ички ишлар вазирлигининг академик лицейларига ўқишга қабул қилиш учун ўтказиладиган танловларга умумтаълим муассасаларининг 9-синфини тамомлаётган ўқувчилар таклиф этилади. Номзодлар соғлиғи жиҳатидан ўқишга яроқли деб топилган, дастлабки, махсус-профессионал танлов ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган бўлиши керак.

Фарзандлари академик лицейга ўқишга кириш истагини билдирган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар доимий яшаш жойидаги ҳудудий ички ишлар бошқармаларига белгиланган шаклдаги ариза билан мурожаат қилишлари лозим.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашга муносиб ҳисса қўшган, хизмат ёки илмий фаолиятида юқори натижаларга эришган ички ишлар органларининг амалдаги ходимлари фарзандларига ИИВ академик лицейларига кириш учун ўқувчиларни қабул қилишнинг умумий сонидан беш фоизли квота ажратилади.

Шу пайтгача ИИВ академик лицейларига ўқишга кириш учун аризалар қабул йилининг 1 февралидан 15 апрелига қадар қабул қилиб келинган.

ИИВ ахборот хизматининг маълум қилишича, карантин чекловлари сабабли ҳужжат топширишга улгурмаган абитуриентларга имконият яратиш мақсадида ушбу муддат 15 майгача узайтирилмоқда.

Тайёрлаган:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид