«Kun.uz» таҳририятига Ички ишлар вазирлиги Самарқанд академик лицейи ўқувчисидан мурожаат келиб тушди.
Унда шундай дейилади: «Лицейда 800 нафарга яқин ўқувчи ўқийди. Аммо лицей ошхонасига 100 киши сиғади холос. Ошхонада гигиеник қоидалар унутилган. Текширувчилар келганда булар олдиндан огоҳлантирилади. Бизга ҳатто ҳайвон ҳам емайдиган овқат пиширишади. Сомса (молнинг калла-почасидан), перашкиси ёғга бўкиб ётади. Ўқитувчилар ва директоримизга бошқа турдаги овқатлар пиширилади. Бизга ҳатто бир неча кунлик қайлани ҳам бераверишади. Мен ўша овқатлар туфайли ошқозонимдан қаттиқ азият чекаяпман.
Қолаверса, биз ИИВ Самарқанд академик лицейида ўқиб, ҳалигача форма билан таъминланганимиз йўқ. Форма учун пулни шу йилнинг июль ойида йиғиб берганмиз. Форма фақат 1-курс ўқувчиларига берилган. Текширувчилар келишганда улар йиғилишга чиқишади. Ҳаммаси кўзбўямачилик. Ҳатто иситиш тизими йўқ. Хоналар совуқ».
Мазкур мурожаат бориб ўрганилди.

Ушбу лицейда 775 нафар ўқувчи ўқийди. Мурожаатда айтилганидек, ҳақиқатан ҳам лицей ошхонаси 100 ўринга мўлжалланган.

– Келгуси йили дастур асосида 200 ўринли ошхона қурилади, – дейди лицей директори Актам Усмонов. – Айни вақтда лойиҳалаш ишлари давом этмоқда.
Маълум бўлишича, айни вақтда лицей ўқувчилари ўз ҳисобларидан овқатланишади. Ошхонада нонушта, тушлик ва кечки тановул учун таомлар тайёрланади.
Аммо ошхонадаги санитария ҳолатини яхши деб бўлмайди. Бош ошпаз ошхона охирги марта қачон давлат санитария-эпидемиолгия назорати маркази томонидан текширувдан ўтказилганини ҳам айтиб бера олмади.


Ўша куни тайёрланаётган таомлар тиббиёт ходими назоратидан ўтмаган. Таомлар сифатига ҳеч ким жавоб бера олмайди. Бош ошпаз бу ҳолатни ошхонага бириктирилган ҳамшира келмай қолгани билан изоҳлади.
Лицей ўқув хоналари ва ётоқхонасидаги иситиш тизимига келсак, айни вақтда бу борада таъмирлаш ишлари олиб борилаётганининг гувоҳи бўлдик.
















