Сенаторлар Ўзбекистоннинг ЕОИИда «кузатувчи давлат» мақомида иштирок этиш таклифини маъқуллади
Жамшид Қўчқоров: «ЕОИИга кузатувчи сифатида қўшилиш Ўзбекистондаги ислоҳотларга салбий таъсир кўрсатмайди»
Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.
Муҳокамалар давомида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистоннинг ЕОИИда кузатувчи сифатидаги иштироки мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қандай таъсир кўрсатиши ҳақидаги саволга жавоб берди.
“Бу ўринли савол. Шуни ишонтириб айтиш мумкинки, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга салбий таъсири йўқ. Чунки биринчи навбатда ўзингиз ҳам кўриб чиқаётган қарор лойиҳасида Ўзбекистон ЕОИИ билан ҳамкорликда кузатувчи мақомида иштирок этмоқчи. Ўзбекистон мана шу иттифоқнинг ҳамма ишчи органларида иштирок этишда бемалол фикр билдириш ҳуқуқига эга бўлади. Қарор қабул қилиш жараёни бундан мустасно. Очиқ ҳужжат бўладиган бўлса, ҳаммаси билан танишиш имкониятига эга.
Бунинг ислоҳотларга нима аҳамияти бор демоқчи бўлсак, шуни айтишимиз керакки, кўплаб ислоҳотларни маълум маънода шу мамлакатлардан орқада қолган ҳолда [амалга оширяпмиз]. Улар кўп ислоҳотларни аввалроқ қилган. Давлатимиз раҳбари ҳам айтиб ўтганлар, биз кўп вақт йўқотиб қўйдик. Шунинг учун ўрганишимиз ҳам мумкин.
Иккинчи томондан қарайдиган бўлсак, яъни эртага тўлақонли аъзо бўлсак, мана шу ислоҳотларга таъсири бўладими, деб айтадиган бўлсак, йўқ. Бу ҳам қайтанга рақобатни кучайтиради. Биз маълум бир бозорларда ўз ўрнимизни топишга мажбурмиз. Бунинг битта-ю битта йўли – иқтисодиёт тармоқларининг рақобатдошлигини таъминлаш. Шунинг учун бирор бир ислоҳотлар учун салбий томонларини кўрмаяпмиз. Буни кўплаб экспертлар айтяпти”, - деди Жамшид Қўчқоров.
У инвестицион лойиҳалар бўйича тадбирлар салбий таъсир остида қолмаслиги учун амалга ошириладиган ишлар ҳақида гапирди.
“Ўзбекистонда кўплаб инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Инвестиция лойиҳалари жараёнларида бир қатор божхона тўловлари бўйича имтиёзлар белгиланган ва ҳ.к. Бу тадбирлар салбий таъсир остига тушмаслиги учун тармоқлар бўйича бўлиниб, қисқа, ўрта ва узоқ муддатли давргача “отсрочкалар” оламизки, агар вақти келиб аъзо бўладиган бўлсак, бу давр ичида биз тегишли тармоқларни рақобатдошлигини ошириб, оёққа қўйиб оламиз. Мана шулар ҳисобига қараб гапирадиган бўлсак, хавф-хатарга ўрин йўқ”, - деди Қўчқоров.
Қизғин ва очиқ мунозара якунида сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг ЕОИИда “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этиш таклифини маъқуллашди.
Мазкур масала бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Мавзуга оид
14:55
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024
Сенат 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджетини маъқуллади
07:09 / 14.12.2024