Ўзбекистон | 18:24
506
3 дақиқада ўқилади

Сенат ялпи мажлисида шаҳарсозлик, йўл инфратузилмаси ва риелторликка оид муҳим қонунлар маъқулланди

Олий Мажлис Сенатининг 7-8 апрель кунлари ўтказилган 14-ялпи мажлисида қатор муҳим қонунлар кўриб чиқилди. Кун тартибидан шаҳарсозлик, йўл инфратузилмаси, риелторлик ва суд-экспертлик соҳаларига оид ҳужжатлар ўрин олди.

Фото: Kun.uz

Хусусан, «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонун билан реновация жараёнларини очиқ ва шаффоф ташкил этиш белгиланмоқда. Энди барча реновация дастурлари махсус электрон платформага жойлаштирилиб, ОАВ ва расмий сайтлар орқали эълон қилиб борилади.

Қонунга кўра, мулкдорлар учун компенсациянинг тўрт хил шакли жорий этилмоқда. Яъни, уларга янги ёки бошқа ҳудуддан уй-жой (ёки нотурар объект), пул компенсацияси ёки томонлар келишуви асосида бошқа турдаги товон таклиф қилинади. Муҳими, компенсация тури мажбурий эмас — у томонлар ўртасидаги келишувга кўра ихтиёрий танланади.

«Риелторлик фаолияти тўғрисида»ги қонунда эса соҳанинг асосий тамойиллари аниқ белгилаб берилди. Унга кўра, риелторлар қонунийлик, холислик, ҳалоллик, ахборот махфийлиги ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик принциплари асосида ишлаши шарт. Бу эса кўчмас мулк бозорида мижозлар манфаатларини яхшироқ ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Шунингдек, риелторларнинг профессионал жамоат бирлашмаларига алоҳида ваколатлар берилмоқда. Улар мутахассисларга сертификат бериш, уларнинг малакасини баҳолаш ва касбий фаолиятини назорат қилиш билан шуғулланади. Сенаторлар фикрича, бу янгиликлар соҳада «яширин» иқтисодиёт улушини қисқартириб, легалликни кучайтиради.

Мажлисда, шунингдек, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний қарорлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида етказилган зарарни қоплаш механизмларини кучайтиришга қаратилган қонунлар ҳам муҳокама қилинди. Қоровуллик фаолиятини такомиллаштириш, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришга оид ҳужжатлар ҳам кўриб чиқилди.

Кун тартибидан фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонунлар ҳам жой олди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати билан Иордания ҳукумати ўртасида қидирувдаги шахсларни «ушлаб бериш» тўғрисидаги битимни ратификация қилиш масаласи кўриб чиқилди.

Ялпи мажлисда Омбудсманнинг 2025 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисобот эшитилиб, маъқулланди.

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистоннинг БААдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига Умид Шодиев тайинланди ҳамда Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид