10:05 / 11.01.2022
30406

Адлия вазирлигига 30 йил: Маликовдан Давлетовгача

Ўзбекистонда мустақил адлия тизими ташкил топганига 30 йил тўлди. Шу йиллар давомида Адлия вазирлигига ўн киши раҳбарлик қилди. Биз юбилей сана муносабати билан тизим раҳбарларининг касбий фаолиятига назар ташладик.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон президентининг 1992 йил 8 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-314-сонли тарихий фармони билан мустақил Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига асос солинган.

Тўғри, мустақилликдан олдин ҳам Адлия вазирлиги бўлган. Лекин 1992 йилда қайта ташкил этилгани туфайли вазирлик ўз “туғилган кун”ини 1992 йил 8 январ деб билади.

Фото: Адлия вазирлиги
Фото: Адлия вазирлиги

Роппа-роса 30 ёшга тўлган Адлия вазирлиги ушбу давр мобайнида Ўзбекистон қонунчилигининг драйвери вазифасини ўтади, деб бемалол айтишимиз мумкин. Чунки айни шу даргоҳда минглаб қонун, қарор ва фармонларнинг “зуваласи қорилган”. Зеро, вазирликнинг энг асосий вазифаси ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш ва норма ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ҳисобланади.

30 йиллик тарихида вазирликни жами 10 нафар вазир бошқаришга улгурди.

Қуйида ушбу вазирларни бирма-бир кўриб ўтамиз.

Муҳаммад-Бобур Маликов

Муҳаммад-Бобур Маликов / Фото: YouTube

1991–1993 йилларда адлия вазири бўлган Муҳаммад-Бобур Маликов 1948 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Она (Хайринисо ая) томондан Йўлдош Охунбобоевнинг набираси ҳисобланади.

Фаолиятини асосан суд тизимида олиб борган Муҳаммад-Бобур Маликов 1989 йилда Ўзбекистон ССР Олий суди раиси ва бир вақтнинг ўзида СССР Олий судининг аъзоси сифатида иш бошлайди.

Муҳаммад-Бобур Маликов мустақил Ўзбекистоннинг илк адлия вазири бўлиш билан бирга 1993 йилда Ўзбекистоннинг АҚШдаги илк элчиси ҳисобланади.

Муҳаммад-Бобур Маликов оиласи билан Оқ уйда АҚШ президенти Билл Клинтон ҳузурида, 1993 йил / Фото: BBC

1993 йилнинг охиригача элчи бўлиб ишлаган Муҳаммад-Бобур Маликов шундан кейин ҳам оиласи билан АҚШда яшаб қолган.

Алишер Мардиев

Алишер Мардиев / Фото: Адлия вазирлиги

1951 йил 17 августда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида туғилган Алишер Мардиев 1993–1995 йилларда адлия вазири бўлган.

Меҳнат фаолиятини Пахтачи тумани прокурорининг ёрдамчиси лавозимида бошлаган. Вазирликдан ташқари Самарқанд вилояти ҳокими, вилоят суди раиси, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи каби юқори лавозимларда фаолият юритган. Ҳозирда пенсияда.

Кейинчалик адлия вазири бўлган Музраф Икромов Алишер Мардиев ҳақида шундай деган: “Талабаликни якунлаганимдан кейин мени адлия остонасига олиб келган инсон Алишер ака бўлади. Бу инсон ёшларга катта ишонч билдирар эди. Жуда талабчан, бироқ ўта меҳрибон инсон. Ҳеч қачон ўргатишдан чарчамаган”.

Сирожиддин Мирсафоев

Сирожиддин Мирсафоев / Фото: Адлия вазирлиги

Сирожиддин Мирсафоев 1949 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган. Иш фаолиятини 1966 йилда Самарқанд шаҳридаги 3-сонли юридик маслаҳатхона котиблигидан бошлаган. Вазирликкача бош прокурор ўринбосари (1985–1989), Президент девони бўлим бошлиғи ўринбосари (1989–1992), бош прокурорнинг биринчи ўринбосари (1992–1995), президент давлат маслаҳатчиси (1995) лавозимларида ишлаган.

Вазирликка 1995 йилдан 2000 йилгача раҳбарлик қилган Сирожиддин Мирсафоев камида 5 йил ишлаган кам сонли адлия вазирларидан бири бўлиб қолди. Адлия тизимидагиларнинг маълумот беришича, Сирожиддин Мирсафоев айни дамда ҳаёт эмас (вафот этган санасини аниқлай олмадик).

Абдусамад Полвонзода

Абдусамад Полвонзода / Фото: Адлия вазирлиги

Абдусамад Полвонзода ҳам Сирожиддин Мирсафоевдек 5 йил (2000-2005) адлия вазири бўлган.

1949 йил 17 январда Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон туманида туғилган. 1975-1990 йилларда прокуратура тизимида ишлаган. 1990–2000 йилларда Олий суд раисининг биринчи ўринбосари ва мустақилликка эришиш арафасида Олий суд раиси вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимида фаолият кўрсатган.

Собиқ вазир айни дамда пенсияда.

Маълумотларга кўра, у раҳбарлик қилган даврда вазирликнинг асосий эътибори тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини қатъий ҳимоя қилишга қаратилган. Жумладан, ноқонуний текширувларга барҳам бериш учун тадбиркорлик субъектларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими ва механизми яратилиб, мансабдор шахслар томонидан содир этилган ҳар қандай қонун бузилиши ҳолати юзасидан Адлия вазирлигига махсус хабарнома юбориш тартиби жорий этилган.

Бўритош Мустафоев

Бўритош Мустафоев

1949 йил 2 январда Хатирчи туманида таваллуд топган.

Адлия вазирлари рўйхатида 2005-2006 йилларда тизимга раҳбарлик қилган Бўритош Мустафоевни энг номдор шахс десак, муболаға бўлмаса керак. Сабаби, у ҳуқуқшунослар орзу қиладиган суд-ҳуқуқ соҳасидаги деярли барча юксак лавозимларда фаолият юритган. Бош прокурор, президент давлат маслаҳатчиси ўринбосари, адлия вазири, Конституциявий суд раиси, Марказий сайлов комиссияси раиси, Олий суд раиси лавозимлари шулар жумласидан.

Бўритош Мустафоев мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк бош прокурор (1990-1998) ҳам ҳисобланади. Шунингдек, у адлия вазири ва бош прокурор лавозимларида ишлаган 2 шахснинг бири сифатида алоҳида эътиборга молик.

Фото: Бўритош Мустафоев – Ўзбекистон тарихидаги илк бош прокурор (1990-1998)

2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари лавозимига сайланиб, умрининг охиригача шу лавозимда меҳнат қилиб келди.

У 2017 йил 12 апрел куни 68 ёшида оғир хасталикдан вафот этди.

56 ёшида вазирликка тайинланган Бўритош Мустафоев бу лавозимга энг кеч тайинланган вазир сифатида тарихда қолди.

Фозилжон Отахонов

Фозилжон Отахонов / Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Фозилжон Отахонов 1959 йил 18 апрелда Фарғона вилоятида туғилган.

У 2006 йил декабрдан 2007 йил декабргача адлия вазири бўлган.

Шунингдек, у фаолияти давомида Тошкент шаҳар хўжалик суди раиси, Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро савдо арбитраж (ҳакамлик) суди раиси, президент давлат маслаҳатчиси каби қатор лавозимларда ишлаган.

2019 йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Раҳимжон Ҳакимов ТДЮУ ректорлигига кетгач, бир неча ой бўш қолиб кетган лавозимга 2020 йилда Фозилжон Отахонов тайинланди ва бугунги кунгача ушбу лавозимда ишлаб келмоқда.

Айрим манбаларда Фозилжон Отахоновнинг адлия вазири сифатида ишлаган пайтларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказишни лотин ёзувида олиб боришга ҳаракат қилгани айтилади.

Равшан Муҳиддинов

Равшан Муҳиддинов / Фото: Kun.uz

1963 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Равшан Муҳиддинов Адлия вазирлигини 2007–2011 йилларда бошқарган.

Турли йилларда Президент девони масъул ходими (1998-2000, 2005-2006), Жиззах вилояти прокурори (2000-2005), бош прокурор ўринбосари (2006-2007) лавозимларида ишлаган.

2011 йил июнида вазир лавозимидан олиниб, президентнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини мувофиқлаштиришга жавобгар давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинланади. Шу йилнинг ўзида Тошкент вилояти прокурори этиб тайинланади ва бу унинг карьерасидаги сўнгги “баланд зина” бўлиб қолади...

Равшан Муҳиддиновни қолган адлия вазирларидан ажратиб турувчи жиҳат – бу унинг бир неча собиқ бош прокурорлар каби жиноий жавобгарликка тортилганидир. У 2011 йилда давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаб турган чоғида бир қатор жиноятларда гумон қилиниб, лавозимидан бўшатилади ва 2012 йилда жиноий жавобгарликка тортилади. У Жиноят кодексининг жами 10та моддаси (пора олиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқалар) бўйича айбдор деб топилиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Собиқ вазир 2018 йилда муддатидан аввал озодликка чиқади.

Муҳиддинов собиқ МХХ ва ўша даврдаги Бош прокуратура тизимига қарши курашгани учун панжара ортига жўнатилган, деган гап-сўзлар ҳам юради.

Ушбу вазир даврида эсда қоларли воқеа сифатида қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (Lex.uz)дан бепул фойдаланиш бошланганини кўрсатиш мумкин.

Олган маълумотларимизга кўра, Равшан Муҳиддинов айни дамда “Давр банк” юридик хизматида фаолият юритмоқда.

Ниғматилла Йўлдошев

Ниғматилла Йўлдошев / Фото: Kun.uz

Бўритош Мустафоевдан кейин ҳам адлия вазири, ҳам бош прокурор бўлишга мушарраф бўлган яна бир ҳуқуқшунос – Ниғматилла Йўлдошевдир.

У 1962 йил 5 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Меҳнат фаолиятини терговчиликдан бошлаб, прокуратура тизимида раҳбар лавозимларигача кўтарилади. Хусусан, 2006-2008 йилларда Солиқ ва валютага оид жиноятлар, ноқонуний даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти раҳбари, 2008-2011 йилларда бош прокурор ўринбосари лавозимларида ишлайди.

2011 йил 21 июндан адлия вазири лавозимига тайинланади ва ушбу лавозимда 2015 йил январигача ишлайди.

2015 йил 22 январдан Сенат раиси сифатида иш бошлайди. 2019 йилнинг 20 июн куни бош прокурор этиб тайинланади ва ҳозиргача ушбу лавозимда фаолият юритмоқда.

Музраф Икромов

Музраф Икромов / Фото: Gazeta.uz

Музраф Икромов 1973 йил Тошкент шаҳрида туғилган.

Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Адлия вазирлигида бошлаб, турли йилларда Вазирлар Маҳкамаси, Президент девонида фаолият юритган.

2015 йилнинг февралидан 2017 йилнинг августигача адлия вазири лавозимида иш юритади.

2017 йилнинг августидан 2019 йил мартигача ҳуқуқшунослар учун ноодатий бўлган Ҳисоб палатаси раиси лавозимида ишлайди. Шундан сўнг, Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланади.

2020 йил 25 майдаги президент қарори билан Адлия вазирлигига вазир ўринбосари сифатида қайтди.

Музраф Икромов адлия вазирлари орасида вазирлик лавозимидан кетиб, кейинчалик ушбу идорага қайтгани билан ажралиб туради.

Русланбек Давлетов

Русланбек Давлетов / Фото: Kun.uz

2017 йил 14 августдан ҳозиргача адлия вазири бўлиб келаётган Русланбек Давлетов 1980 йил Хоразм вилояти Шовот туманида туғилган.

Меҳнат фаолиятини 2001 йилда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида бошлаган. 2004−2012 йилларда Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда, 2012−2014 йилларда Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича Тадқиқот маркази директори ўринбосари, директор вазифасини бажарувчиси, 2014−2016 йилларда Президент девони шуъба мудири, 2016-2017 йилларда адлия вазирининг биринчи ўринбосари, 2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган.

Русланбек Давлетов адлия вазирлари рўйхатида бир неча жиҳатлар билан ажралиб туради. Вазирликка тайинланган энг ёш (37 ёшда) кадр экани, ҳуқуқшунослик билан бирга иқтисодчи мутахассислигига эгалиги (2007 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган), хорижий ОТМларда таҳсил олгани (Буюк Британиянинг Варвик, АҚШнинг Вебстер университетларини тамомлаган) шулар жумласидан.

Шунингдек, адлия тизимини ислоҳ қилиш, халққа яқинлаштириш, тизимда бюрократия ва коррупцияни бартараф қилиш, аҳолига давлат хизматлари кўрсатишда янги тизим жорий этилиши бўйича кўплаб ишлар олиб борилиши ҳам айни шу вазир даврига тўғри келди. Кенг дунёқараш ва билимга эга вазирга бугунги кунда жамоатчиликнинг ҳурмати ҳам бўлакча. Сўнгги йилларда вазирликнинг жамоатчиликка ўзини очиқ тутиши ҳам бунга сабаблардан бири бўлса ажаб эмас.

Аббос Салайдинов тайёрлади.

Top