Навбатдаги ҳолат: Турк сайёҳи Тошкент-Андижон поездида 100 минг сўм эвазига жойини алмаштирганини айтди
Коррупцион йўл билан экономдан VIP классга ўтган голландиялик саёҳатчидан сўнг, тармоқларда турк сайёҳининг Андижонга кетаётган поездда жойини алмаштириш учун 100 минг сўм пора бергани айтилган видео тарқалди. Расмийлар ҳолат текширилаётганини маълум қилди.
Ўзбекистонга ташриф буюрган туркиялик сайёҳ Тошкент-Андижон йўналишидаги саёҳатида поезд ходимига 100 минг сўм (8,20 доллар) қўшимча пул бериб жойини алмаштирганини айтади.
"Ёнимизга вагон хизматчиси келиб, маълум бир маблағ эвазига алоҳида бир купе қилиб беришини айтди. Ҳаётимизда илк марта пора бердик, дўстлар. Ўзимни бироз ёмон ҳис қилдим. Аммо 5-10 дақиқадан сўнг берган қўшимча 100 минг сўм пулимиз эвазига яхши бир купеда Тошкентдан Андижонгача бўлган 6 соатлик масофага гўзал манзараларни томоша қилиб етиб келдик”, – дейди хорижлик сайёҳ.
Ушбу ҳодиса қачон ва қаерда юз бергани хозирча номаълум.
Kun.uz ҳолат юзасидан “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ матбуот хизматига сўров юборди. Масъуллар вазият ўрганилаётганини маълум қилишди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ голландиялик сайёҳ “Афросиёб” электропоезднинг VIP классига ўтиш учун поезд бошлиғига қўшимча 15 доллар пул берганди. Воқеадан 4 кун ўтиб ходим ишдан олинганди.
“Ўзбекистон темирйўллари” АЖ раисининг биринчи ўринбосари Ҳикматилла Раҳметов матбуот анжуманида соҳадаги муаммолар ва чипта нархлари бўйича саволларга жавоб бераркан, бу вазиятда ходимларни жазолаш чора бўлмаслигини, бошқа ечим ишлаб чиқилганини маълум қилганини, эндиликда поездларда эконом классдан бизнес классга ўтиш учун “upgrade” тизимидан фойдаланиш тизими йўлга қўйилишини маълум қилган.
“Яъни эконом классда кетаётган йўловчи бизнес классда жой борлигини кўрса, ўша ернинг ўзида бизнес класснинг пулини тўлаб, қонун доирасида шу жойга кираверади. У тўлаган пул эса бюджетга, солиққа тушаверади. Эндиликда расман шу нарсани жорий этамиз. Бу – ҳам бир фойда”, – деганди у.
Мавзуга оид
10:12
Метро учун яна 26 та поезд харид қилинади
07:54 / 18.11.2024
Тошкент - Бухоро - Тошкент йўналишида янги поезд қатнови йўлга қўйилади
23:28 / 14.11.2024
«Миллий боғ» метро бекатида поезд техник носозлик сабаб тўхтатилди
20:45 / 12.11.2024