Иқтисодиёт | 20:13 / 25.03.2020
41646
4 дақиқада ўқилади

Рубль ва тенге қадрсизланиши нега сўм курсига таъсир қилмаяпти? Марказий банк изоҳ берди

Ўзбекистон Марказий банки ички валюта бозоридаги жорий ҳолат бўйича ахборот берди. Регулятор таҳлилларига кўра, сўмнинг кескин девальвацияси эҳтимоли юқори эмас.

Рубль ва тенге қадрсизланиши, меҳнат ресурслари ҳаракатига чекловлар жорий этилиши ва бунинг натижасида четдан кириб келадиган пул ўтказмаларининг пасайишига қарамай, сўмнинг алмашув курси ва ички валюта бозорида кескин тебранишлар кузатилмади.

Ўзбекистон Марказий банки ушбу ҳолатни қуйидагилар билан изоҳлади:

Биринчидан, кутилаётган глобал иқтисодий пасайиш ва пандемияга қарши кўрилаётган чоралар иқтисодий фаолликнинг пасайишига олиб келади. Бунда импорт ва шунга мос равишда хорижий валютага бўлган талабнинг ҳам пасайиши кузатилмоқда.

Иккинчидан, иқтисодий ўсишнинг секинлашиши ва коронавируснинг сезиларли таъсири бўлган секторларда кредитларни қайтариш жадваллари қайта кўриб чиқилиши ва муддатлари узайтирилиши ҳисобига, банк кредитларига бўлган талабнинг аввал прогноз қилинган кўрсаткичларга нисбатан сезиларли даражада камайиши кутилмоқда.

Учинчидан, инқирозга қарши жамғармани шакллантиришда асосан ташқи манбаларга урғу берилаётгани валюта бозорига қўшимча таклиф олиб келади.

Тўртинчидан, олтин нархининг ўсиши ҳисобига Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари нейтраллиги тамойили асосида амалга ошириладиган доимий валюта интервенциялари ҳажми ўтган йилдагига нисбатан ўртача 30 фоизга ошишига имкон яратади.

Регулятор маълумотига кўра, бугунги кун ҳолатига хўжалик юритувчи субъектлар томонидан валюта тушумлари ва чет эл валютасини сотиш ҳажмлари ўтган ойлар даражасида сақланиб қолмоқда.

«2019 йил апрель ойидан буён сўмнинг девальвация даражаси, асосий савдо ҳамкор давлатлар валютаси қадрсизланиши даражасига яқин бўлди.

Айни пайтда жисмоний шахслар томонидан банклардан сотиб олинаётган валюта ҳажмининг нисбатан ошиши юқори девальвацион кутилмалар билан изоҳланиб, келгусида рубль ва тенге алмашув курсининг барқарорлашуви ва ўз навбатида, девальвацион кутилмаларнинг пасайишига ижобий таъсир кўрсатиши тахмин қилинмоқда.

Ҳозирда асосий савдо ҳамкор давлатлар валюта курсларида кузатилаётган кескин тебранишларни ушбу давлатларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида барқарорлашуви эҳтимоли юқори бўлиб, келгусида дунёдаги коронавирус билан боғлиқ вазият нормаллашиши ҳисобига жаҳон бозорларининг аста-секин мувозанатлашиши ҳамда юқорида қайд этилган хорижий валюталар курслари қадрининг маълум даражада ошиши кутилмоқда.

Келгусида сўм алмашув курси шаклланиши иқтисодиётнинг импортга бўлган талаби, экспорт ва пул ўтказмаларидан валюта тушумларига даражаси билан боғлиқ. Бугунги кунгача қилинган таҳлиллар миллий валюта алмашув курси динамикасида маълум бир кичик тўғирланишлар бўлиши мумкинлигини ва сўмнинг кескин девальвацияси бўйича эҳтимолларнинг юқори эмаслигини кўрсатмоқда», – дейилади Марказий банк ахборотида.

Қўшимча қилинишича, асоссиз спекулятив кутилмалар пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида ички валюта бозоридаги ҳолат ва унга таъсир этувчи омиллар тўғрисидаги маълумотлар мунтазам эълон қилиб борилади.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан саналувчи Россия ва Қозоғистон миллий валюталари қадрсизланиши фонида сўмнинг долларга нисбатан курси сезиларли ўзгаришга учрамаётгани хавотирларга сабаб бўлганди. Хусусан, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов: «Агар Марказий банк резервлар орқали курсни ҳозиргидек ушлаб турган бўлса, бу яхши чора эмас», дея қайд этганди.

Мавзуга оид