Ўзбекистон | 18:59 / 25.06.2024
32168
9 дақиқада ўқилади

200 доллар учун 200 млн сўм бадал тўлаётганлар: банклар нега ишсизларга кредит берган?

“Номингизга олинган кредит 2 ой ичида узилади” деган ваъдага ишониб, чув тушганларнинг аксарияти – ишсиз ва даромадсиз. Шунга қарамай, банклар уларга катта суммада қарз берган. Ҳатто ҳеч қаерда ишламайдиган талабага ҳам 293 млн кредит чиқарилган. Хўш, қандай қилиб? Kun.uz суриштирувининг иккинчи қисмида шу ҳақда сўз боради.

Электромобиллар савдоси билан шуғулланувчи “ZTY Car Energy” ва бошқа автосалонлар эгаларининг фирибгарлик жиноятларига оид мавзуни давом эттирамиз. Бу гал 200 долларга алданган ҳамюртларимизнинг кредит сиртмоғига илинишларида банкларнинг роли қандай бўлганига эътибор қаратилди.

Кўрсатув аввалида “ZTY Group” компанияси қандай қилиб шуҳрат қозонгани ва ўзини одамларга ишончли компания сифатида кўрсата олгани ҳақида қисқача тўхталсак. 2022 йил апрелига келиб, “ZTY Group” электромобил олиш, сотиш, уни қувватлаш ва сервис хизматлари йўналишларида фаолият юритувчи йирик компания сифатида пиар акциялар ўтказа бошлайди.

Турли оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва бошқа машҳур кишилар бунга жалб этилади. Ҳатто, мазкур компаниянинг ўша вақтдаги Экология қўмитаси билан ҳамкорликни йўлга қўя олгани булар орасида энг ишончлиси бўлса ажаб эмас. Тан олиб айтиш керак, бундай кўрсатувлар ҳатто Kun.uz'да ҳам берилган. Бунда сайтнинг реклама бўлими томонидан компания ҳужжатлари текширилганида ҳеч қандай камчилик аниқланмаган.

Энди фуқароларни боши берк кўчага етаклаган катта миқдордаги кредитлар ишсиз ва доимий даромадсиз кишиларга қандай қилиб осонгина бериб юборилганини 4 та банк ва уларнинг мижозлари мисолида бирма бир кўриб чиқамиз. Рўйхатимизда: Миллий банк, Asia Alliance Bank, Зироат банк ва Туронбанк бор.

Миллий банк

Фотима Ясинжонова 2023 йилнинг 24 ноябр куни “Ev Sky” автосалони билан BYD русумли автомобил 407 млн 550 минг сўмлик шартнома имзолайди.

Айни шу куни Ясинжонова номига Миллий банкнинг Бектемирдаги банк хизматлари марказидан, 60 ойда қайтариш шарти билан, 2023/670-сонли автокредит шартномаси расмийлаштирилади. Кредит миқдори – 203 млн 775 минг сўм.

Банкка ўзини ўзи банд қилганлик ҳақидаги маълумотнома ва кредит таъминоти сифатида кредитни қайтмаслик хатаридан суғурта полиси тақдим қилинган. Қизиғи, автосалон ва банк билан бўлган шартнома ҳам, ўзини ўзи банд қилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳам айнан 2023 йил 24 ноябр куни олинган. Ҳаммаси бир кунда, жуда тез ва осон.

Фотима Ясинжоновага кўра, у паспорт маълумотларини автосалон эгаларига берган бўлган. Шулар асосида автосалондагилар барча ҳужжатларни тайёрлаб, банкка тақдим қилгани, мижоз шунчаки бориб тайёр қоғозларга имзо чекиб келгани айтилади.

Бошқа бир жабрланувчи Садоқат Жалилова ҳам Миллий банкдан худди шунча – 203 млн 775 минг сўмлик автокредит олган. У банкнинг Яккасаройдаги марказига топширган ўзини ўзи банд қилганлик маълумотномаси ва “Ev Sky” автосалонининг шартномаси 9 ноябрда, суғурта ва банк шартномалари эса бир кун ўтиб, 10 ноябрда олинган.

Яъни бир кун фарқни ҳисобга олмаса, иккала мижоз бир сутка ичида ҳам автосалон билан шартнома тузиб, ҳам ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган, ҳам банкдан кредит олишга улгурган.

Asia Alliance Bank

Дилдора Шабилова 2023 йил 3 ноябр куни “Green-Watt” МЧЖ билан автомобил етказиб бериш тўғрисидаги шартномасини тузган. 6 ноябр куни Asia Alliance Bank'нинг Файзобод БХМдан 282 млн 975 минг сўм миқдорда кредит олган. Унинг ҳам кредит шартнома муддатлари ўзини ўзи банд қилганлик маълумотномасини олганлик вақти билан бир кунга тўғри келган.

Худди шу МЧЖ билан шартнома имзолаган Равшан Содиқов эса банкнинг Шайхонтоҳур БХМ мижози ҳисобланади. У оддий талаба, ҳеч қаерда расман ишламайди, даромади ҳам йўқ. Ҳатто ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ҳам ўтмаган. Шунга қарамай, унга 293 млн 454 минг сўм истеъмол кредити ажратилган.

Зироат банк

Бегзод Аминов 2024 йил 27 апрел куни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган, бунда ўзини буюртма асосида товарларни етказиб берувчи шахс деб кўрсатган. Бунгача эса у расман ишсиз, даромадсиз эди. Шундай бўлишига қарамай, ўтган йили 13 декабрда у Зироат банкдан 240 млн сўм миқдорда қарз олишга муваффақ бўлган ва суммаларни “Quwwat Motors” МЧЖ расмийларига ўтказиб берган.

Туронбанк

Оддий талаба йигит Шерзод Мирсобитов 2023 йил 29 сентябрда Туронбанкнинг Дўрмон банк хизматлари офисидан 454 млн сўмлик, уй бекаси Дилдора Латипова 30 ноябрда Яшнобод БХМдан 260 млн сўмлик автотранспорт учун истеъмол кредити олган. Эътиборлиси, уларнинг иккиси ҳам на расман ишлайди, на ўзини ўзи банд қилган. Бироқ булар инобатга олинмай, тижорат банклари томонидан уларга йирик суммада қарзлар берилаверган.

Банклар нима дейди?

Аввал айтганимиздек, банкларнинг ички тартибига мувофиқ ўзини ўзи банд қилганлар учун ҳам кредит пакетлари мавжуд. Уни бериш қонунга зид эмас. Аммо жараёнда юқоридаги ҳолатлар эътиборга олиниши керак эди. Хўш, банклар қарз беришда мижозларнинг рисклилик даражасини қанчалик ўрганган, нима учун ҳатто ўзини ўзи банд қилмаган ишсиз, даромадсиз одамларга катта суммада кредит ажратилган ҳамда нима сабаб мижозларни судга берган Миллий банк ва Asia Alliance Bank ундирувни суғурта компанияларига эмас, мижозларга қаратмоқда? Шу саволларга жавоб олиш учун Kun.uz шу 4 та банк билан боғланди.

Айтиш керак, таҳририят дастлабки материални тайёрлаш чоғида ҳам банклардан, хусусан, Миллий банк ва Зироат банкдан изоҳ сўраган, қолаверса, Asia Alliance Bank'нинг мижозларидан бири билан бўлган судда тингловчи сифатида иштирок этиб, банкнинг ҳуқуқшуноси билан ҳам суҳбатлашган. Аммо юқоридаги бирорта саволларга жавоб ололмаганди.

Кейинчалик, Миллий банк матбуот хизмати аввалги жавобини такрорлаб, то тергов жараёнлари тугаб, суд бўлмагунча маълумот беролмаслигини, бунга рухсат йўқлигини маълум қилди.

Asia Alliance Bank вакиллари эса интервю форматида изоҳ бера олишларини, саволларга тайёргарлик учун бироз вақт кераклигини таъкидлади. Kun.uz мухбири кредит ташкилотидан саволларга жавоб олиш учун бошқарув офисида бўлиб, масъулларнинг тайёрланишини ярим соатлар атрофида кутди. Жараёнда суҳбат учун жой ҳам қидириб, энди масалани ҳал қилганимизда, Чакана кредитлаш бошқармаси бошлиғи в.б. Жаҳонгир Дўстбеков интервю беролмаслигини, банк ёзма равишда расмий муносабат тақдим қилишини айтиб қолди. Лекин ҳозирча бу муносабат берилгани йўқ.

Зироат банкнинг маркетинг бўлими вакиллари эса вазият ҳуқуқшунослар, бўлим бошлиқлари томонидан ўрганилаётгани, аниқ маълумот кейин берилишини айтди. Лекин бу тижорат банки ҳам ҳали расмий изоҳ берганича йўқ.

Туронбанк эса юқорида мисол тариқасида келтирилган ҳолат бўйича тушунтириш берди. Унга кўра, мижозларнинг рисклилик даражасини ҳал қилиш масаласи кредит суммасининг 30-40 фоизли қисмини бошланғич бадал сифатида киритиш талаби қўйилганидан бошланган. Шартнома талабига кўра, мижозлар берилаётган қарзнинг бир қисмини тўлаш мажбуриятини олган ва уни тўлаган ҳам.

Изоҳга кўра, Туронбанк ҳақиқатан ҳам расман ишсиз, даромадсиз ва ўзини ўзи банд қилмаган фуқарога истеъмол кредитини ажратган. Қайд этилишича, банк томонидан жисмоний шахсларга бирламчи ва иккиламчи бозордан электромобил ва гибрид автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун “ЭкоГреэнCар” номли автокредитни ажратиш тўғрисидаги низом қабул қилинган. Аян шу низом асосида уй бекасига 260 млн сўм миқдорида кредит шакллантирилган.

Тижорат муассасасининг расмий сайтидаги хабарга кўра, Туронбанк ҳар қандай маркадаги электромобил ёки гибрид машиналар учун 4 йил муддатга 660 млн сўмгача “EkoGreenCar” автокредитини ажратади.

Автокредит бирламчи ва иккиламчи бозордаги машиналар учун ажратилади. Асосийси, расмий даромадга эга бўлмаганлар ҳам расмийлаштириши мумкин”,– дейилади хабарда.

Kun.uz ҳолат бўйича Марказий банк муносабати билан қизиқиб, регуляторнинг матбуот хизмати билан ҳам боғланди. Аммо Марказий банкдан изоҳ бўлмади.

Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Иш доирасида 200 нафардан кўп фуқаролар жабрланувчи сифатида эътироф этилган. Қамоққа олинган 6 киши орасида банк ходимлари ҳам бор-йўқлиги эса номаълум бўлиб қолмоқда, Ички ишлар вазирлиги бу масалага тергов якуни бўйича аниқлик киритилишини билдирди.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи Низомжон Тошпўлатов.

Монтаж устаси Шерзод Эгамбердиев.

Мавзуга оид