Жамият | 14:40 / 08.08.2025
25076
3 дақиқада ўқилади

Марғилонда кўчада ўйнаб ўтирган ёш болани Gentra'да босиб кетган ҳайдовчига ҳукм ўқилди

55 ёшли аёл судда болани кўрмай қолганини, ҳатто босиб ўтганда йиғлаган овозини эшитмаганини айтган. “Билганимда дарров тўхтардим. Масалан, итни эзиб кетсангиз ҳам тўхтайсиз-ку”, деган у. Боланинг отаси эса фарзанди оёққа турган бўлса-да, аҳволи тўла-тўкис яхши эмаслигини билдирган.

Фото: Видеодан кадр

Марғилон шаҳрида кўп қаватли уй олдида ўйнаб ўтирган 2,5 яшар болани машинасида босиб ўтиб кетган аёл жиноий жазога тортилди. Бу ҳақда Ruxsor TV телеканали хабар берди.

Ҳолат шаҳарнинг Зухро кўчасида содир бўлган. Кўп қаватли уй йўлагида ўйнаб ўтирган Абубакр Акрамжоновни шу ердаги хонадонлардан бирида яшовчи 55 ёшли аёл Gentra машинасида босиб кетган. Ҳодиса оқибатда тан жароҳати олган бола шифохонага ётқизилган.

55 ёшли ҳайдовчи судда ўша куни яқин қариндошининг уйига бориш мақсадида йўлга чиққанини, юрган вақтида ҳеч қандай боланинг овози эшитилмагани ва машинада бирор нима босиб ўтганини сезмаганини айтган.

Билганимда дарров тўхтардим. Масалан, итни эзиб кетсангиз ҳам тўхтайсиз-ку! Келганимда ҳам йўқ, мен босмадим, дедим. Йиғлаганини ҳам эшитмабман. Камерадан кўрдим. Телефон бўлди, биттасини уриб кетибсиз, оёғи ва қўли шилинибди, дейишди. Кўриб, кетиб қолибсиз, дейишди. Камерани кўринглар, мен урганим йўқ, деб тан олмадим. Кейин эртасига ўша камерани кўришган экан, мен эканман”, деган у ўз кўрсатмасида.

Аёл 5 йил аввал ҳайдовчилик курсини тамомлаб, ҳайдовчилик гувоҳномаси олганини билдирган.

Боланинг отаси судда фарзандининг руҳий ҳолати ўзгарганини, ҳайдовчи 3 ой ўтган бўлса-да, бирор марта қўнғироқ қилмаганини маълум қилган.

Битта гапни гапирсангиз, қўрқиб кетади. Кўчага олиб чиқсангиз, машина келса, уйга кираман, дейди. Олдин доим кўчада бўлган, ўйнаган, бошқа қилган, уйга кирмайман дейдиган бола ҳозир уйдан кўчага чиққиси келмайди”, деган у.

Ота суддан ҳайдовчи аёлга нисбатан қонуний чора кўришни, етказилган моддий зарар билан маънавий зарарни ҳам қоплаб беришини сўраган.

Суд ҳукми билан ҳайдовчи Жиноят кодексининг 117-моддаси 1-қисмида (Хавф остида қолдириш) ҳамда 266-моддаси 1-қисмида (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 2 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда уйдан чиқишини бутунлай чеклашдан иборат 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, ҳайдовчидан боланинг отасига 2 млн 350 минг сўм моддий ва 25 млн сўм миқдорда маънавий зарар ундириш белгиланган.

ЙТҲ 2025 йил 10 май куни содир бўлганди. Кўп қаватли уйлар оралаб жуда секин ҳаракатланган автомобил йўл четида ўйнаб ўтирган боланинг устидан юриб ўтган – машинанинг олд ғилдираги жабрланувчининг кўкрак қисмини, орқа ғилдираги эса тос қисмини босиб ўтган. Ҳайдовчи аёл боланинг бақиришини ҳам эшитмай, бамайлихотир ўз йўлида давом этиб, ҳодиса жойидан кетиб қолганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид