Ўзбекистон | 11:11 / 01.11.2019
84594
3 дақиқада ўқилади

Олий таълим вазири: Ҳозирги тизимда ҳам талабаларга олган баҳосига қараб стипендия тўланади

31 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Давлат дастурининг 2019 йил III чорагида бажарилишининг бориши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи тингланди.

Мажлисда депутат Расул Кушербаев олий таълим муассасаларида стипендиянинг баҳолар кесимида эмас, ҳаммага бир хил миқдорида – 400 минг сўм этиб белгиланаётгани жамоатчилик ўртасида кескин норозилик келтириб чиқараётгани, яхши ўқиган талабалар рағбатлантирилиши кераклиги, янги тартибга кўра бунинг акси бўлаётгани, натижада талабалар дарслардан кейин ишлашга мажбур бўлаётгани, бу эса таълим сифатига салбий таъсир кўрсатишини инобатга олиб, Ҳукуматдан мазкур масалани қайта кўриб чиқишни сўради.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидовга кўра бу масала кун тартибида турибди. Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида шу йилнинг 23 сентябрдан 6 октябргача муҳокама этилган Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасалари талабаларига стипендия тўлаш тартиби ва миқдорлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси юзасидан жуда кўплаб таклифлар келиб тушган. Уларнинг ичида энг кўп сўралгани – дифференциациялаш, яъни талабаларнинг ўқиши натижалари инобатга олинган ҳолда стипендия миқдорини белгилаш устида ишланди.

«Бу масала долзарб, бу масала кун тартибидан олингани йўқ. Ҳозирги кунда тушган асосий таклиф - дифференциациялаш, яъни талабаларнинг ўқиши натижалари инобатга олинган ҳолда стипендия миқдори белгиланиши устида ишланди. Тез орада бу борада низом қабул қилинади.

Ҳозир ҳам дифференциация борми? Бор. Ўқиш натижалари инобатга олинган ҳолда, худди олдинги тизимда бўлгани каби. Бир хил эмас. Негадир шундай фикрлар туғилган. Ҳалиям дифференциациялашган тизим амалда. Яъни, «тўртлик», «бешлик». Талабалар баҳосига қараб оширилган миқдорда стипендия олишлари мумкин. 400 мингдан 800 минггача ошириш ҳам мумкин», дея Иномжон Мажидовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид