Жаҳон | 07:32 / 22.04.2024
7177
3 дақиқада ўқилади

ЦАҲАЛ бош штаби Ғазо сектори жанубидаги ҳарбий амалиётни маъқуллади

Исроил оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ЦАҲАЛ, хусусан, миллиондан ортиқ фаластинлик қочқинлар бошпана топган Рафаҳга ҳужум уюштирмоқчи. Аввалроқ Исроил буни қилмаслик тўғрисида АҚШ ва Германия ҳукуматлари томонидан огоҳлантирилган эди. 

Фото: REUTERS/Ronen

Исроил Мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) бош штаби раҳбари Герзи Ҳалеви Ғазо секторининг жанубий йўналишида ҳарбий амалиётларни давом эттириш режасини тасдиқлади. Бу ҳақда 21 апрел, якшанба куни ЦАҲАЛ матбуот хизмати маълум қилди. Хабарда айтилишича, бош штаб раҳбари қўмондонлик штаби билан биргаликда Ғазо секторининг жанубий йўналишида «вазиятни баҳолаган» ва «урушни давом эттириш режаларини маъқуллаган». 

Исроилнинг «Кан-11» телеканали шу куни Исроил армияси, хусусан, миллиондан ортиқ фаластинлик қочқинлар жанговар ҳаракатлардан бошпана топган Рафаҳ шаҳрига ҳужум уюштиришни режалаштираётгани ҳақида хабар берди. Аввалроқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Рафаҳга ҳужум қилиш зарурати Исроил 2023 йил октябридан буён уруш олиб бораётган ҲАМАС ҳаракатининг қолган батальонлари кўпчилиги шу ерда жойлашгани билан боғлиқлигини айтган эди.

АҚШ ва Германия ЦАҲАЛнинг Рафаҳдаги ҳужумини қўллаб-қувватламайди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Исроилни Рафаҳга ҳужум қилмаслик ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. 19 апрел куни Блинкен АҚШ шаҳарда 1,4 миллиондан ортиқ тинч аҳоли борлиги сабабли «катта ҳарбий операцияни қўллаб-қувватлай олмаслигини» айтди. Блинкеннинг айтишича, Исроил Рафаҳ операциясисиз ҳам «мақсадларига эриша олади». 

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ҳам аввалроқ Исроилнинг жанубий Ғазанет шаҳрига ҳужуми «инсонпарварлик фалокати» бўлишини, чунки у ердаги тинч аҳоли «шунчаки ҳавода ғойиб бўла олмайди», деб айтган эди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 34 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид