Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазода 18 ойлик боланинг оёғига сигарет босиб қийнашди
Бугун сизларга шу кунларда Ғазода содир бўлган даҳшатли уруш жинояти ҳақида айтиб бермоқчиман. Бу маълумотни сизга етказишдан аввал ҳаққонийлигини имкони бўлган барча манбалардан текшириб кўрдим.
Ғазолик Осама Абу Носир транспорт ҳаракати деярли имконсиз бўлиб қолган Ғазода от билан киракашлик қилиб, оила боқарди. Оти ўлиб қолгач, тушкунликка тушиб қолган Осама бир куни бир ярим ёшли ўғлини кўтариб дўконга чиққанда унга қарата ўқ узишади. Қочоқлар лагери яқинида Абу Носир ва ўғли исроиллик ҳарбийлар томонидан қўлга олинади.
Ҳарбийлар йигитдан боласини ерга қўйиб, энг яқин блокпостга боришни талаб қилади. У ерда йигитни ечинтириб, сўроқ қилишади. Бироқ Осама исроиллик ҳарбийлар истаган кўрсатмани беришдан бош тортади. Шунда унинг олдига бир ярим ёшли ўғлини олиб келиб қийнашади. Бир ярим яшар боланинг оёғига сигарет босиб, мих тиқишади. Шу тариқа кўз ўнгида боласи чирқираб йиғлаётган йигитдан иқрор кўрсатмаси олишади...
Болани 10 соат давомида ушлаб тургач, халқаро ташкилотлар орқали оиласига қайтариб, отасини қамоққа олишади. Ҳозир унинг ҳолати ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Боланинг онаси фаластинлик журналистларга унинг оёқларидаги жароҳат изларини кўрсатган. Видеода боланинг икки оёғига сигарета босилгани излари яққол кўринган. Шунингдек, мих тиқилган жойида ҳам кўкариш инкор қилиб бўлмас даражада кўринган. Бола онаси жароҳатларини кўрсатаётганда чириллаб йиғлаб қолган.
Халқаро ҳуқуқ фаоллари бу ҳолатни бефарқ қолдириб бўлмайди деб айтмоқда. Боланинг онаси эри қайтишидан умидвор, чунки у ҳам даволанаётган бўлган. Ҳолат видеоси ҳали кўп нашрларда тарқамади, лекин ижтимоий тармоқларда видеони кўрганлар ҳайратини, кўплар ғазабини яшира олмаган. Al Jazeera бу бола ҳақида бугун репортаж эълон қилганига қараганда, ҳолат шу кунларда содир бўлган. Жароҳат излари янгилиги ҳам буни тасдиқлайди. Дарвоқе, боланинг оёғига сигарета босилгани ва мих тиқилгани тиббий хулосаларда тасдиқланган.
Болаларга қарши куч ишлатиш, уларни қийнаш, бу ёрдамида боланинг ота-онасидан кўрсатма олиш... энг қонли урушда ҳам бунақа қилиш мумкин эмас. Уруш бошлашнинг ўзи жиноят, қабиҳлик, лекин ўша машъум урушда ҳам қоида бор. Дунё ақли ноқис жиноятчилар бошлайдиган урушда имкон қадар камроқ тинч аҳоли ўлиши учун уруш қоидалари ишлаб чиққан. Урушда болаларни қийнашнинг номи уруш жинояти дейилади. Руҳий касал одамларгина боланинг оёғига сигарета босиши мумкин.
Жасад излаб одам ўлдиришди
Энди сал аввалроқ Ливанда содир бўлган яна бир воқеани эсга оламиз. Уруш бошлангач, яқинда «қўлидаги бармоғи ҳамон бешта эканини айтиб чиққан» Бинямин Нетаняҳу дўсти Трамп Эронни бомбалаётганидан фойдаланиб яна Ливанга бостириб кирди. Биз бир неча ой аввал Нетаняҳу энди қамалмаслик учун қўшни давлатларга уруш очаверади дегандик, шундай бўляпти.
Эсингизда бўлса, «қўлидаги стаканни кўндаланг ушласа ҳам қаҳваси тўкилиб кетмайдиган» товариш Нетаняҳу ўтган йил «Ҳизбуллоҳ» яксон қилинганини айтиб, ғалаба эълон қилганди. Лекин Эпштейн файлларида номи энг кўп тилга олинган дўсти Трамп Эронга ҳужум қила бошлагач, яна Ливанга бостириб кирди. Шундай босқинлардан бирида Исроил босқинчи армияси Наби-Шит шаҳрида 40 йил аввал бедарак йўқолган исроиллик ҳарбий учувчи Род Араднинг жасадини қидириб, рейд ўтказди.
Рейд давомида исроилликлар шаҳарга бостириб киргани етмагандек, 40 та авиазарба йўллаган, худди учувчиси йўқолган ҳар йил учун биттадан ракета отгандай. Маҳаллий аҳоли ва «Ҳизбуллоҳ» зобитлари исроилликларга жиддий қаршилик кўрсатади. Рейд давомида шаҳардаги қабристонда бир чуқур пайдо бўлади, шунда маҳаллий аҳоли бу 40 йил аввал ғойиб бўлган учувчининг жасад қолдиқларини излаш рейди бўлганини тушуниб етади.
Лекин исроиллик ҳарбийлар мақсадига етмайди. Энг даҳшати исроилликлар 40 йил олдин бедарак йўқолган учувчи жасад қолдиқларини қидириш пайтида ўнлаб уйларни вайрон қилиб, камида 41 кишини ўлдиради. Ҳатто учувчининг беваси ҳам бунақа қилиб эрининг жасадини топишлари керак эмаслигини айтиб чиқди. Кимнингдир жасад қолдиқларини қидириб тирикларни ўлдириш – ҳали бу учувчи асир тушганда туғилмаган одамларни ўлдиришнинг номи ҳам уруш жинояти дейилади.
Энди бу икки ҳодиса мисолида хулоса қилсак. Яҳудийларнинг ўликларга муносабати сир эмас, улар ўз миллатидаги жасадларни ҳам қадрлашади, «ҳаммадан аъло» деб билишади. Хўп, сиз абсурд иддаога кўра ўзингизни бошқалардан яхшироқ деб ҳисобларкансиз, лекин сизнинг жасадларингиз ҳам тириклардан устунми?
Ўзидан бошқа миллатдагиларни беписанд қилиш, улардан гап олиш учун болалари оёғига олов босиш, жасад излаб тирикларни аёвсиз ўлдириш... Бунинг номини миллатчилик, ҳаддан ошиш дейишади. Буни ҳам сизга Худо ваъда қилганми? Ахир сиз ҳар жиноятингизни оқлаш учун «Бу ерларни бизга Худо ваъда қилган» дейишни яхши кўрасиз-ку. Йўқ, ҳазрати Мусо алайҳиссаломга бундай буйруқ тушмаган. Аниғи шуки, бунақа ҳаддан ошиш яхшилик билан тугамайди. Бунга тарих гувоҳ. Дунёга гапини ўтказишга уринган манманларнинг бугун гул қўядиган қабри ҳам йўқ!
Мавзуга оид
09:35 / 24.03.2026
Нетаняҳу: Исроил Эрон ва Ливандаги нишонларга ҳужумни тўхтатмайди
16:20 / 23.03.2026
Харг ороли: ҳарбий сценарийлар ва иқтисодий оқибатлар таҳлили
10:04 / 23.03.2026
Исроил “Ҳизбуллоҳ” таъминотини узиш учун Ливандаги кўприкни бузди
16:42 / 22.03.2026