Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вайроналар ичра ёруғлик сари – Kun.uz учун Ғазодан махсус репортаж
Ғазолик журналист Мотаз Табаси Kun.uz учун тайёрлаган репортажида вайронага айлантирилган Хон Юнусда фаоллар томонидан ташкил қилинган ҳаракат – икки йил давомида таълимдан мосуво бўлган болаларга асосий фанлардан таълим бериш учун палаткаларда ташкил қилинган таълим жараёни ҳақида сўз юритади.
Хон Юнус шаҳрида энди таълим мактаб бинолари ёки синфхоналарда ўтилмайди – қочқинларнинг чодирлари вақтинчалик синфхоналарга айланган. Шу шароитда ўқитувчилар болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини сақлаб қолишга уринмоқда. Халқаро ҳуқуқ таълимни ҳар бир инсон учун кафолатланган ҳуқуқ деб белгилаган бўлса-да, бугун Ғазодаги кўплаб болалар учун у вайронагарчилик орасида қувилаётган орзуга айланган.
Шифа Омар, ўқитувчи: Мактабда парталар йўқ, қалам ва дафтар каби ўқув анжомлари ҳам етишмайди. Ҳатто ҳаёт учун энг зарур шароитларнинг ўзи ҳам йўқ. Мен ҳам кўчкинман, дарс берадиган жойим яқинида яшайман, ўқувчилар ҳам кўчирилган. Биз уларга асосий кўникмаларни ўргатяпмиз. Психологик жиҳатларга ҳамда ижтимоий таълимга катта эътибор қаратамиз. Бу ерда ҳар кимнинг ўзига хос кураш ва матонат ҳикояси бор, ўқувчиларнинг мунтазам бу ерга қатнаши эса ота-оналар фарзандлари таълимига нақадар бефарқ эмаслигини кўрсатади.
Ғазодаги икки йил кетма-кет мактабдан узилиб қолган ўқувчиларга ҳеч бўлмаганда энг зарур таълимни бериш учун таълим ташаббуслари фаолият юритмоқда. Азоб-уқубатлар, ракета ҳужумлари ва ўқлар остида биз ўқувчиларимиз учун таълим ташаббусини йўлга қўйдик. Биз титилиб кетган матолардан тикилган битта абгор чодирдан бошлаган эдик. Сўнг бу мактаб — билим ва маърифат чодири — аввал учта, кейин тўртта чодирга кенгайди, бугунга келиб олтита чодирга етди ва 2400 дан ортиқ ўқувчини қамраб олди.
Моайен Ал-Эйд, ўқитувчи, таълим ҳаракати асосчиси: Бир пайтлар Ғазонинг таълим рамзи бўлган мактаблар бугун вайроналарга айланган. Таълим жараёнини тиклаш вақт ва узлуксиз молиялаштиришни талаб қиладиган улкан муаммо. Геноцид тусини олган уруш бошланганига икки йилдан ошди, бу орада биз бошланғич ва ўрта мактаб ўқувчиларининг 16 мингдан ортиғидан айрилдик. Шунингдек, мингдан ортиқ ўқитувчини ҳам йўқотдик. Мактабларнинг 85 фоизидан ортиғи вайрон қилинган — аксари бутунлай, айримлари оғир даражада шикастланган. Бугун Худога шукур, биз дастлабки тикланиш жараёнида 700 дан ортиқ таълим масканини ташкил этдик.
Моддий вайронагарчилик билан бир қаторда, бу вазият ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг руҳиятига ҳам чуқур таъсир кўрсатмоқда. Ўз мактаблари Исроил ҳужумлари оқибатида вайрон қилингач, бу болалар энди Ғазо секторининг жанубидаги таълим чодирида ерда ўтириб таҳсил олмоқда. Шунга қарамай, улар илм олишни маҳкам тутган — бу фаластинликларнинг тафаккури синмаслигини кўрсатади. Бу ерда ўқиш ва ёзиш нафақат таълим, балки матонат ва бардошлиликнинг ҳам бир кўринишидир.
Мавзуга оид
10:17 / 09.03.2026
Исроил яна Ғазони ўққа тутди: 6 нафар фаластинлик ҳалок бўлди
19:01 / 04.03.2026
Қозоғистон Трампнинг Тинчлик кенгашига бадалсиз аъзо бўлди
20:32 / 20.02.2026
Тинчлик кенгашининг илк йиғилиши: улар Ғазога тинчлик олиб келадими?
10:10 / 19.02.2026