Жаҳон | 14:47 / 08.07.2021
27437
7 дақиқада ўқилади

Хориж қўшинлари Афғонистонни тарк этиши «Ал-Қоида» ва ИШИДни кучайтирадими?

Фото: Reuters

Ғарб разведка идоралари хавотирда

Бунинг ўзига хос ва асосли сабаблари бор, албатта.

АҚШ президенти Жо Байденнинг буйруғи билан хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тезлик билан тарк эта бошлаши толибларни кучайтирмоқда.

Сўнгги кунларда «Толибон» кўплаб туманларни бирин-кетин эгаллаб олди. Унинг қаршисидаги руҳий жиҳатдан тушкун афғон армияси эса аксар ҳолларда таслим бўлмоқда ёки қочиб кетмоқда.

Баъзи экспертларнинг таъкидлашича, халқаро терроризм хавфи яна қайтмоқда.

«Байденнинг Афғонистондан чиқиб кетиш қарори «Толибон»нинг ҳокимиятни эгаллаб олиши ва «Ал-Қоида» яна халқаро миқёсда хуружлар уюштира оладиган даражада ўз тармоғини кенгайтириб олишига сабаб бўлади», дейди хавфсизлик ва терроризм бўйича таҳлилчи доктор Сажжан Гоҳел.

Террористик ташкилотлар учун имконият

Бу умидсиз сценарийлардан бири. Аммо иккита нарса аниқ: 

  • биринчидан, Афғонистонни 1996 йилдан 2001 йилгача зулм билан бошқарган «Толибон» қайтади. Ҳозирча у пойтахт Кобулни зўрлик билан эгаллаб олиш мақсади йўқлигини айтмоқда. Аммо толиблар мамлакатнинг катта қисмида ҳукмрон кучдир ва улар Афғонистонни Ислом амирлигига айлантириш ниятидан воз кечишмаган;
  • иккинчидан, «Ал-Қоида» ва унинг рақиби бўлмиш ИШИДнинг Хуросон вилояти Ғарб қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетишидан фойдаланишга ҳаракат қилади.

Бу икки террористик ташкилот ҳамон Афғонистонда. Мамлакатнинг тоғли табиати халқаро ҳамжамият томонидан террористик гуруҳ деб ҳисобланган тузилмалар яширинадиган алоҳида изоляция ҳудудларини яратишга имкон беради.

Афғонистон разведка хизмати (NDS) АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг махсус кучлари ёрдамида ушбу таҳдидни ҳозирга қадар қисман ушлаб туришга муваффақ бўлганди.

Ҳужумлар ва бомбардимонлар тўлиқ тугамаган бўлса-да, информаторларнинг маълумотлари ва телефонларни тинглаш орқали кўплаб ҳужум режаларининг олди олинаётганди.

Афғонистонда ҳарбий базаси мавжуд бўлган хорижий давлатлар сўров бўйича бир неча дақиқа ичида махсус операцияларни ўтказа олишар, вертолётдан тушган аскарлар ярим тунда ғафлатда қолган душман кучларини қўлга оларди.

Энди бундай бўлмайди.

Кучайиб бораётган таҳдид

«Толибон»нинг таъкидлашича, 11 сентябрдан бошлаб барча хорижий қўшинлар олиб чиқиб кетилиши керак, акс ҳолда, бу Доҳада тузилган шартномани бузиш бўлади. Бунга Кобулдаги аэропорт ва АҚШнинг элчихонасини қўриқлаётган аскарлар ҳам киради.

Гарчи «Толибон» мамлакатда қолдирилган чет эл аскарларига ҳужум қилишини эълон қилган бўлса-да, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Афғонистонда  қанча аскар қолдириш лозимлигини армия билан муҳокама қилмоқда.

«Ғарб Афғонистонни тарк этса, Британияга ҳужум хавфи ортади», дейди Британиянинг MI6 ташқи разведка агентлигининг собиқ директори сэр Алекс Янг.

Ўртада иккилик мавжуд:

  • агар Буюк Британия тўлиқ чиқиб кетмай, бир гуруҳ махсус кучларни Афғонистонда қолдирса, АҚШ базалари ёпилгани туфайли ундан қўллаб-қувватлаш ололмайдиган ушбу бўлинмалар «Толибон»нинг нишонига айланади;
  • толиблар талаб қилганидек, барча қўшинлар олиб чиқиб кетилса, бу сафар бирор террористик фаолият тўғрисида маълумот олинган тақдирда ҳам, Ғарб давлатлари тезлик билан ҳаракат қила олмайди.

«Толибон» ва «Ал-Қоида»нинг алоқаси

Хўш, «Толибон» ва «Ал-Қоида» ўртасидаги муносабатлар қандай?

«Толибон»нинг қандайдир тарзда ҳокимиятнинг бир қисмига айланиб қолиши «Ал-Қоида» базалари ва ўқув лагерларининг қайтишини ҳам англатадими?

Ғарб разведка идоралари раҳбарлари бир неча йилдан бери ушбу саволнинг жавобидан ташвишда.

АҚШ 2001 йилдаги босқинга мана шу ташвишни йўқотиш учун ҳам киришганди.

2008 йилдаги ва бу йил жамоат жойида унутиб қолдирилган махфий маълумотлардан билиш мумкинки, Буюк Британия ушбу икки ташкилотнинг муносабатларидан жиддий хавотирда.

Минтақадаги радикал гуруҳлар устида кўп йиллар давомида иш олиб борган Осиё-Тинч океани фонди вакили доктор Гоҳелнинг сўзларига кўра, иккита ташкилотни бир-биридан ажратиб бўлмайди:

«Толибон» раҳбарияти бунга чин дилдан ҳаракат қилган тақдирда ҳам, уларнинг «Ал-Қоида» билан алоқаларини тўхтатиш имконсиз. Чунки маданий, оилавий ва сиёсий алоқалари бор».  

Ёмон ишора

«Ал-Қоида» етакчиси Усама бин Лодин ўз ташкилоти фаолиятини 1996 йилда Судандан Афғонистонга кўчиргач, «Толибон» унга бошпана беради.

«Толибон» ҳукуматини тан олган уч давлатдан бири бўлган Саудия Арабистони разведка агентлиги раҳбари шаҳзода Турки ал-Файсални Афғонистонга юбориб, толибларни бин Лодинни экстрадиция қилишга кўндиришга уринади.

«Толибон»  буни рад этади ва 11 сентябр ҳужумлари Афғонистондаги «Ал-Қоида» базасидан режалаштирилади.

Буюк Британия штаби бошлиғи генерал Сер Ник Картернинг фикрича, «Толибон» раҳбарияти ўзининг аввалги хатоларидан сабоқ чиқарган бўлиши мумкин.

Картерга кўра, агар толиблар қандайдир тарзда ҳокимиятнинг бир қисмига айланса ёки уни бутунлай қўлга киритса, бу сафар улар халқаро ҳамжамиятдан четда қолишни исташмайди.

Асосий муаммо шундаки, улар бунга эришиш учун кўп имкониятларга эга эмаслар.

«Толибон»нинг моҳир раҳбарлари, айниқса, тинчлик музокаралари пайтида Доҳадаги кондиционерли савдо марказларида яхши ҳаёт завқини туйган бошқарувчилари халқаро миқёсда тан олиниш учун «Ал-Қоида» билан барча алоқаларни узишга интилишлари мумкин.

Аммо Афғонистон сингари улкан ва давлат бошқаруви имкониятлари ниҳоятда чекланган бир мамлакатда келгусидаги «Толибон» ҳукумати «Ал-Қоида»нинг олдини олишга уринса-да, ташкилотнинг чекка қишлоқлар ва овлоқ водийлардаги ҳужраларини аниқлай олмаслиги мумкин.

Хулоса шуки, «Ал-Қоида» ҳам, ИШИД ҳам ривожланиш учун хаотик ва беқарор муҳитга эҳтиёж туяди. Афғонистондан келаётган сўнгги хабарлар эса ушбу эҳтиёжнинг қондирилиш арафасида эканига ишора қилмоқда.

Мавзуга оид