Жамият | 15:48 / 01.03.2026
2709
16 дақиқада ўқилади

“Қанот берадиган меҳнат” – Тошкентда тузилган инклюзив устахонадан репортаж

Тошкентда ўзгача болаларни бирлаштирган “Табассум” маркази бор. Бу ерда болалар сопол буюмлар ясашади, қадам-бақадам жамиятга фойда келтириш малакасини, фаол ҳаёт илмини эгаллашади.

Бу марказ қандай ташкил қилинди?

– Бу марказнинг ўз миссияси бор. Ўғлим махсус мактабни битирадиган йиллари менда она сифатида савол бўлган: бу ёғига нима бўлади, бу ёғига қаерга борамиз? Қаерда ўқиймиз, қаерда ишлаймиз, келажаги қандай бўларкин деб ўйлар эдим. Ногиронлик соҳасида 20 йилдан бери ишлаб келаман ва фарзандим Рустам туғилгандан кейин, изланишни бошладим. Бу фарзандимни қандай қилсам, оёққа қўя оламан? Нима қилсам жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлади? Кўп изланишлар олиб бордим ва ўзимга ўхшаган ота-оналарни қидиришни бошладим. Мутахассисларни ҳам изладим.

Шаҳноза Икромова, марказ директори

Энди у пайтда мутахассислардан “Болангиз катта натижаларга эриша олмайди, уйда ўтиради, исмини айтиб чақирсангиз ҳам сизни танимаслиги мумкин, оиланинг бўйнидаги бир юк”, деган гапларни ҳам эшитганман.

2012 йилда болалар марказини очганман ва шу болалар маркази қошида жуда ҳам кўп ота-оналарни бирлаштирганмиз. Қайси давлатга борсам, ўша ерда қидириб топиб, кўриб, ўрганиб келишга ҳаракат қилдим. Мисол учун, Японияда ўзимизникига ўхшаган устахонага борганман. Жуда ҳам қизиқарли тажрибалари бор экан. Қариялар ва ақлий ногиронлиги бўлган болалар билан биргаликда чиройли нарсалар ишлаб чиқишаётган экан. Бундан ташқари, Белгияга борганимда, премиум ресторанда ишлашаётганини кўрганман. Туркияда “Табассум” деган кафега борганимда уларнинг ишлаши, ўша ерда одамлар билан мулоқоти менга жуда ҳам ёққан. Шунда ўзимга Ўзбекистонда ҳам “Табассум” бўлиши керак экан, деб айтганман.

Ўқув машғулотларимизнинг бир қисми арт-терапия бўлган. Айнан кулолчилик, шам-совунлар ясашни арт-терапия дарси сифатида киритганмиз. Бунда жуда ҳам катта ҳисса қўшадиган одамлар бу – жамоамиз. Бизнинг командамиз, усталаримиз, координаторимиз.

Асосий мақсадимиз, болаларимиз ишлаб чиққан қўл меҳнатини ачиниш ёки ногиронлиги бўлган болалар ясагани учун эмас, айнан бозорда ўзига яраша рақобатбардош, сифатли бўлишига интилиб, шу нарсани халққа етказиш ва энг катта мақсадимиз, бу болалар ишлаб, меҳнат қилиб, жамиятга фойда келтириши ёки ўз оиласига фойда келтириши мумкинлиги стереотипини шакллантириш ва шу нарсани тарғиб қилиш.

Ҳамма болаларимиз мактабни битирган. Масалан, ўзимнинг ўғлим коллежни ҳам битирган. Лекин ўша мактабдан кейинги йўл биз учун мавҳум эди. Кўп маҳал ота-оналарга шунақа савол бераман. “Болангизни беш йилдан кейин қаерда кўряпсиз? 15 йилдан кейин қаерда кўряпсиз?” деган саволга ота-оналар баъзида жавоб бера олмайди.

Устахона очилаётганда, боя айтиб ўтганимдек, 1500 дан ошиқ ота-она армияси орқамда турган бўлса ҳам, нима учундир давлат ҳамма нарсани қилиб бериши керак, ҳамма нарса текин бўлиши керак ёки ҳамма нарсани кимдир қилиши керак деган позиция йўқ эмас.

Бу фарзанд ҳам бошқа бир оила аъзоси, бошқа фарзандларингиз каби бир фарзанд. Унинг ҳам оилада ўз ўрни, унга ажратилган бюджет, эътибор бўлиши керак деб ҳисоблайман. Шу билан бирга, давлат томонидан тизимлаштирилган ёрдам ҳам бўлиши керак деб ўйлайман.

Муаммоларни муҳокама қилганимизда, боламизга спорт йўқ, иш йўқ, уни олиб борадиган жой йўқ деб айтилади. Лекин “Очилдик, келинглар, 20 нафар бола олишга тайёрмиз” деганда, миллионта баҳона бўлди. Бу бошимиздан ўтди ўтган йили. Келиб-кетиш, тўгарак сифатида эмас, биз бу нарсани, бу жойни тўлақонли устахона ва инклюзив қилишга ҳаракат қиляпмиз. Ташқаридан одамлар келиб, шу болаларимиз билан бирга мастер-класслар ўтказсак, ҳаммага очиқ бўлган жой бўлишини хоҳлаймиз ва истаб қолардик.

Молиялаштириш ҳозир қайси манбалардан бўляпти?

– Жамоани ушлаб туриш, уни молиявий рағбатлантириш, ижараси, коммунал тўловларини тўлаш учун маблағ керак, албатта. Биринчи бўлиб Ўзбекистондаги ЮНИCЕФ ташкилотидан лойиҳамизни қўллаб-қувватлаган ҳолда, уч ойлик грант олдик ўтган йили. Шу грант доирасида яхши бир жамоани йиғишга муваффақ бўлдик.

Уч ой тугагандир-а?

– Уч ой тугади. Уч ойдан кейин нима қиламиз деган хавотир бўлди. Кейин нима қиламиз? Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз ҳали ўзини қоплаш даражасида эмас. Унинг сотувига ҳаракат қиляпмиз. Имкон қадар даромад олиб келадиган, болаларимиз уйига маош олиб борадиган ҳолатга келтириш ниятимиз бор. Мана, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан шунақа жой очган экансиз, шунақа жой бор экан, деб қизиқиш билдиришяпти.

Болаларда қандай ўзгариш? Ота-оналар қандай эътироф этяпти, нима деяпти?

– Ота-оналар билан суҳбатлашганимизда, болалардаги ўзгариш жуда ҳам катта. Нима учун? Мана, масалан, лой билан ишлаш боланинг ақлий, когнитив қобилиятларини ҳам яхшилайди. Мия фаолиятини яхшилайди. Майда моторикаси ривожлангани ҳисобига когнитив қобилиятлари яхшиланади.

Европа давлатларида хирург ёки адвокатлар ёки бир оғир, дейлик, стресс ҳолатида ишлайдиган ишчилар ҳам бир ҳафтада бир марта ҳозирги дориларсиз айнан шу кулолчилик билан бориб шуғулланади. Ўзим хурсанд бўлиб кетаётган тарафим, булар битта оила, жамоа бўлиб олишди. Биринчи бошлаганимизда ўзимнинг ўғлим ҳам, масалан, келиб, бир бурчакда телефон ўйнаб ўтириши мумкин эди. Тур, ишингни қил деб айтардим. Усталаримизга ҳам олиб келганимда айтардим-да, аямасдан тепиб-тепиб ишлатинглар дердим. Ўтган ҳафтада Америкадан 30 га яқин катта бир автобусда меҳмонлар келди, шу жойимизни ҳам кўришди, маҳсулотларимизни сотиб олишди. Бирорта бола туриб чалғимади, ишларини қилиб ўтирди. Улар ўз ишига жуда ҳам масъулият билан ёндашаётганига мен ўзим ҳайрон бўлиб қолдим.

Тушлик пайтида бирга чиқиб овқатланишади, яна кириб ишларини давом эттиришади. Шу нарсага биз эришдикки, ҳамма болалар биргаликда иш жойларини йиғиштириб, кейинги кунга тайёрлаб кетиш кўникмаларини шакллантирдик.

Ота-оналар айнан ақлий ногиронлиги бўлган болаларни катта қилаётганда уларни кийинтириб, едириб қўйишади. Рус тилида айтганда ъгиперопекаъ кучли бўлгани учун болада ўзига ўзи хизмат қилиш, нафақат ўзига, бировга ёрдам бериш кўникмалари жуда суст ривожланади.

Мана ҳозирги кунда болаларнинг ривожланиши, бу ерда биргаликда оила бўлиб ишлаши мени жуда ҳам хурсанд қиляпти. Молиявий кўмак тугаса, ёпишга тўғри келадими деган ўйлар ҳам бўлиб туради. Лекин буни кўргандан кейин грантлар ёзишга ва сотувларимизни яхшилашга янада кўп ҳаракат қиляпмиз.

Буви

Бу ерда набирангиз борми?

– Ҳа, набирам Абдуллаев Иля.

У неча ёшда?

– У 23 ёшда. Унда шундай ҳолат аниқланди, бу касалликмас, у ўзига хос инсон. Ҳозир уларни ўзига хос инсонлар деб аташади. Аутистик спектр бузилиши бор. Онаси — рассом. У лойни... у буни шунчаки ифлослик деб ҳисобларди ва “Қўлларимни кир қиламан” дерди, шуни енга олмасди. Лекин бу ерга келгач, у бу лойни яхши кўриб қолди. Уни ҳис қила бошлади. Дастлаб у ҳар дақиқада бориб қўлларини ювар эди. Кейин эса, фақат кетаётганида: “Вой, қўлимни ювишни унутибман”, дерди. Бўлди, фақат кетаётганида шундай қиларди.

Унга бу ер ёқадими?

– Унга жуда ёқади. Ҳа. Баъзан эринаман, ахир уни кузатиб қўйиш, кутиб олиш керак. Мен: “Балки бугун бормассан?” дейман. У: “Йўқ, мен бораман”, дейди. Ўзи кийинади. Ҳатто бу ерга ўзи келиб-кетишни ўрганди.

Қандайдир ўзгаришлар сездингизми?

– Ҳа, ўзгаришларни сездим. Ҳатто бугун психолог билан гаплашдик, унда катта ўзгаришлар рўй берганини айтди. У сўзларнинг маъносига қизиқа бошлади. У сергапроқ, киришимлироқ бўлиб қолди. Чунки инсоннинг ҳаётида маъно бўлиши керак. У аввалига ҳатто: “Нега яшаяпман? Нега туғилдим?” дерди. Унда шунақа ҳолатлар бўларди... У бошқалар каби мулоқот қила олмаслигини кўрарди. Ҳозир бу иборалар унинг луғатидан йўқолди. Шундай. Демак, у энди ўз ишини билади. Ҳозир у катта расмларга ўтди, чизмоқда. У масжидларни ҳам, замонавий биноларни ҳам тасвирлайди.

Она

Ўғлингиз бу ерга келгандан кейин қандай ўзгариш сездингиз?

– Уйда зерикиб қолаётган эди. Бу ерга келгандан кейин кайфияти ҳам яхши бўлди, хурсанд бўлиб келяпти. Ўрганишни бошлади, қизиқяпти.

Ота

Ўғлингиз шу ердами?

– Ҳа, ўғлим шу ерда, ижодий устахонада шуғулланади.

У бу ерга қатнай бошлаганидан кейин қандай ўзгаришларни ҳис қилдингиз?

– У масъулиятлироқ, тартиблироқ бўлди. Бу ерда шуғулланаётган бошқа болаларга қараб, улардан ўрнак олади, худди шундай шуғулланишга ҳаракат қилади ва уйда ҳам мустақил қарорлар қабул қилади. Бу ишга масъулият билан ёндашади. У буни иш деб ҳисоблайди.

Зиёдахон Зупарова, керамика устози

Қандай келиб қолдингиз бу марказга?

– Тўғрисини айтсам, эълон бўйича. ОЛХʼдан топганман. Институтни кулолчилик йўналиши бўйича битирганман. Кейин дизайн коллежида ҳам кулолчилик бўйича ишлаганман, лекин оналик таътилидан кейин ишга чиқаман десам, у ёқда жой йўқ эди ишлашга. Кейин ўтирдим-да, расм йўналиши бўйича устозлик, шунақа тўгаракларда ўқитувчилик қилишга жой қидирдим. Бир куни қидириб ўтирсам, кулолчилик чиқиб қолди. Ўзи кулолчилик қидирмаётган эдим, чунки кўп жойларда бундай йўналишдаги кулолчилик йўқ. Ёки бўлмаса, кулолчилик бўлса ҳам инглиз тили, рус тили талаб қилинади. Кейин телефон қилсам, келинг дейишди. Югуриб келдим, бошқа одам олиб қўйишмасин деб. Келганимда менга тушунтиришди ишни. Шунақа, ногиронлиги бўлган болалар билан ишлаш. Шу кунгача ўқувчилар билан ишлаганман, кичкина, каттароқ, коллеж ёшидаги ўқувчилар билан ҳам ишлаганман, лекин бунақа йўналишда, бундай болалар билан ҳеч қачон ишламаганман. У пайтда болалар ҳам унча кўп эмас эди. Бу ерда кулолчилик худди арт-терапия йўналишида ишлатиларди. Биринчи ўқувчим мана Иля. У билан ишлашни бошладим. Ёз бўйи фақат Иля билан ишладик. Ундан олдин ҳам ногиронлиги бўлган, аутизм, Даун синдромли болалар билан ишлашга қизиқардим-да, масалан, мақолалар чиқиб қолса интернетда ўқиб чиқардим. Масалан, қандай келиб чиқади, улар қанақа, уларга қандай дарс ўтиш керак, эътибор бериш керак, қизиқ....

Улар оламни қанақа кўради, қандай тушунишади? Ва уч ой ёз шулар билан ишладим. Кўп болалар билан ишламадик. Кейин сентябрда 20 та ўқувчи олдик. Бошида янги ўқувчилар келди. Биз уларга ўрганмаганмиз, улар бизга ўрганмаган. Тўғрисини айтсам, бироз қийин бўлди бошида. Уларни ўрганиб олгунча, уларга тушгунча, масалан, ҳамма ўқувчига ўзига яраша йўл топиш керак-да. Баъзи болаларга қаттиқроқ гапириб ўргатиш керак. Ва бир хилларга яхши гапириш керак. Бир хилларга яхши гапирсангиз умуман айтганингизни қилмайди, уришиш керак жойи келганда. Ҳозир кимга қандай гапириш кераклигини, кимга қанақа иш бериш кераклигини ҳам биламиз.

Ўзингизга ёқадими?

– Ишим ўзимга ёқади. Мана, лой, шу бизнинг йўналишимиз. Ўқувчилар билан ишлаш ҳам, ўқувчилар ҳам агар қизиқиб келса, бемалол ишлаймиз улар билан. Агар қизиқмайман деса, бошидан, биринчи кунидан маълум бўлади.

Бу болалар ҳақида нималар дея оласиз? Нималарни пайқадингиз, нималарни кашф қилдингиз?

– Кўпинча буларнинг кўзига қарайман-да. Кўриниши катта бўлса-да, лекин кўзига қарасангиз, юзига қарасангиз ёш бола. Кўзларидан ҳамма нарса билиниб туради: одам катта бўлганида унинг характери ва ички дунёси кўзларида намоён бўлади. Масалан, бу болаларнинг ичида ёмонлик ҳам, ғаразлик ҳам йўқ — улар бир-бирини урмайди, талашмайди.

Шундоқ қарасангиз, ёш бола. Ана, айтишади-ю, ўзининг фитратини сақлаб қолган одамлар, катта кўринишда бўлса ҳам ўз ички тозалигини сақлаб қолган. Буларнинг ичида кири йўқ. Уришамиз, масалан, бир-бири билан уришишади, лекин ўшани ўзи хоҳлаб, чин дилдан қилмайди. Ёш болалар бироз қўпол бўлади-ю, шундай булар.

Елена Тўраева, лойиҳа менежери

– Менинг исмим Амира. Мен “Табассум” лойиҳасининг менежериман. Бугун биз сиз билан кулолчилик бўйича маҳорат дарслари хонасидамиз. Сизга ривожланишида ўзига хосликлари бўлган болалар ясаётган буюмлар тўлақонли маҳсулотлар эканлигини кўрсатмоқчимиз.

Улардан ошхонангизда фойдаланиш мумкин. Бизда корпоратив компаниялар билан ишлаш тажрибаси бор, корпоратив буюртмаларни бажарганмиз. Устахона тўлақонли ишлаши ва биз ижара, коммунал хизматлар, ўқитувчиларнинг маоши каби харажатларни тўлай олишимиз учун ўз маҳсулотларимизни сотамиз. Бизда жуда чиройли буюмлар: ваза, кружка, ликопчалар тайёрланади. Мана шундай ажойиб идишларни яқинлашиб келаётган Ҳайит байрамига тайёрладик. Биз ҳар қандай ҳажмдаги корпоратив буюртмаларни бажарамиз ва бизнесни инклюзив устахонани қўллаб-қувватлашга, махсус усталарнинг ишлари билан тайёрланган буюмларга буюртма беришга чорлаймиз. Бугун сиз бу ерда кўриб турган маҳсулотлар жуда хилма-хил. Бу, албатта, ҳозирда мавжуд бўлган нарсалар, лекин биз мутлақо ҳар қандай корпоратив буюртмани бажара оламиз. Ўтган йили бундай корпоратив буюртмаларда тажриба орттириб, биз бу борада мустаҳкамландик ва шунинг учун, албатта, биз бизнесни айнан ижтимоий лойиҳаларни танлашга ва бу ижтимоий лойиҳаларнинг мавжуд бўлишига бизнес улардан буюртма бериши орқали имконият яратишга чорлаймиз. Масалан, бу кружкага Хитойдаги қайсидир номсиз заводда буюртма бериш ёки, мисол учун, “Табассум”да яқинлашиб келаётган байрамларга совға қилиш ва шу билан бирга бундай жуда муҳим лойиҳанинг муҳим миссиясини қўллаб-қувватлаш мумкин.

Болалар корпоратив буюртмаларни бажариш вақтида ўзларини жуда ва жуда масъулиятли тутишади. Улар бу жараёнда иштирок этаётганликларини, ишга келгандек келаётганликларини ҳис қилишади. Бу уларда масъулият ҳиссини, натижадан ғурурланиш туйғусини кучайтиради. Ўтган йили ижтимоий тармоқларимизда корпоратив буюртмаларни бажарганимизда, буни болалар билан тўлақонли жамоа сифатида нишонлаганимизни ҳам кўрсатиб ўтдик. Шу сабаб бу улар учун жуда муҳим. Бу жамоамизнинг ҳар бир аъзоси учун муҳим. Ва биз билан ишлаганлар – ўтган йили биз ишлаган компаниялар – уларнинг қалбидаги акс садони кўрдимки, бизнес шунчаки пул сарфламабди, балки яхши бир иш қилибди. Бу эса бутунлай бошқача ва ҳар томонлама ўзгача эди. Шунинг учун, албатта, биз ижтимоий лойиҳаларни, айниқса, бизнинг “Табассум” каби лойиҳамизни қўллаб-қувватлашга чақирамиз. Бу ерда сиз яқинлашиб келаётган байрамларга керамикадан ясалган ҳар қандай буюмга буюртма беришингиз мумкин.

Шокир Шарипов
Муаллиф Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид