Жамият | 20:43 / 16.06.2023
43171
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ўқитувчи аёлларни дўппослаган эркакка ҳукм ўқилди

Икки ҳамкасбини урган 34 ёшли эркакка 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчи ҳукм юзасидан шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқига эга. 

Фото: Видеодан кадр

2023 йил 16 июнь куни жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Узун тумани судида 31-сонли мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлаган ўқитувчи Г.Т.га оид жиноят иши кўриб чиқилди. 

Суд ҳукмига кўра, 1988 йилда Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманида туғилган Г.Т. Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» банди билан айбли деб топилди. 

Жиноят оқибатида икки нафар жабрланувчига етказилган маънавий ва моддий зарарлар қоплангани ҳамда уларнинг судланувчига нисбатан даъвоси йўқлиги инобатга олинган ҳолда, унга 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди. 

Қайд қилинишича, судланувчи ҳукм юзасидан апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли. 

18 апрел куни Сурхондарёдаги мактабда 2 нафар ўқитувчи аёл бир эркак ўқитувчи томонидан дўппослангани акс этган видеоёзувлар тарқалган эди. 

Унда бир гуруҳ ходимлар иштирокида мажлис кетаётгани ва суҳбат орасида бир эркак рўмолли аёлга дафтар ёки китобни улоқтирганини, сўнг ургани акс этган. Шундан кейин гувоҳлар томонидан ажратилган эркак хонадан чиқиб, яна қайтиб кирган ва эшик ёнида турган яна бир аёлга, сўнг яна рўмолли аёлга мушт туширган.

Мавзуга оид