Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Улар ёш авлодни илҳомлантиради” — БМТ вакили ўзбекистонлик 17 нафар фаол хотин-қизларни эътироф этди
Масс-медиа фонди Тошкентда “Матонатнинг 17 қиёфаси” кўргазмасини ўтказяпти. Кўргазма стереотипларни синдира олган ижтимоий фаол хотин-қизларга бағишланган. БМТнинг Женевадаги офиси бош директори Татяна Валова иштирокчи аёллар ўз ҳаёт йўллари билан ижтимоий муваффақият қозониш ва дунёни яхши томонга ўзгартириш борасида ёш авлодга ўрнак бўлишига ишонч билдирди.
Ўзбекистон тарихи давлат музейида “Матонатнинг 17 қиёфаси” номли кўргазма бўлиб ўтди.
Президент Администрацияси шуъба мудири Саида Мирзиёева ғояси асосида Масс-медиа фонди томонидан ташкил этилган мазкур кўргазма БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларини ўз фаолиятида акс эттираётган ўзбек аёлларига бағишланган.

Кўргазма ташаббускорлари қаторида БМТнинг Женевадаги бўлими бош директори Татяна Валова ва Швейцария аёлларининг ўзаро ёрдам уюшмаси ҳам бор. Татяна Валова кўргазманинг аҳамияти ҳақида шундай дейди:
“Ўзбекистонда сўнгги йилларда ижтимоий ва иқтисодий ҳаётда хотин-қизларнинг мавқейи ва роли сезиларли даражада ошди. Бундай тенденция дунёнинг барча давлатлари учун истисносиз муҳим. Афсуски, бутун дунёда аёллар эркаклар билан мутлақо тенг ҳуқуқларга эга бўлган бирорта давлат йўқ. Баъзи мамлакатларда вазият бошқа давлатлардан яхшироқ, баъзи мамлакатларда эса ёмонроқ.
Ўзбекистондаги ҳолат яхши томонга ўзгармоқда, лекин шунга қарамай, биз ҳаммамиз жуда қаттиқ ишлашимиз керак. Мен тез-тез айтаман, биз ҳали ҳам эркаклар яратган қоидаларга кўра тузилган дунёда яшаяпмиз. Биз дунёни ва ундаги қоидаларни эркаклар билан биргаликда яратишимиз керак.
Ушбу лойиҳанинг ғояси – барқарор ривожланиш мақсадини амалга оширишда аёлларнинг ролини кўрсатиш. Шунинг учун лойиҳа “17 ҳаракат юзи” деб номланади. 17 аёл барқарор ривожланиш мақсадлари сари олға силжишни ўзида мужассам этган ва уларнинг ҳар бири бу борада ажойиб муваффақиятларга эришган.
Уларнинг танлаган мақсадлари – бу инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишми, аёлларни ҳимоя қилишми, атроф-муҳитни муҳофаза қилишми ёки қишлоқларда мувозанатни сақлашми, ҳар қандай мавзу, нима бўлишидан қатъи назар, аёлларнинг профессионал ишларини кўришимиз мумкин.
Ишончим комилки, бу аёлларнинг ҳаёти бутун бир ёш авлодни илҳомлантиради ва улар нафақат ўз ҳаётларида муваффақиятга эриша олишларини тушунишади. Танланган касблари орқали эркаклар билан тенг равишда бу дунёни яхши томонга ўзгартиришади”.
Кўргазма учун тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, экология, институционал ривожланиш соҳасидаги олималар, аёллар ҳуқуқлари ҳимоячилари, аёл иқтисодчилар, спортчилар, IT-технологиялар соҳасидаги мутахассислар танлаб олинган.
Бу кўргазма шунчаки 17 нафар хотин-қизларнинг чиройли суратлари эмас. Уларнинг ҳар бири ўз фаолияти билан стереотипларга қарши кураша олган. Қаҳрамонларни танлашда уларнинг ёшига эмас, балки фаолиятига асосий эътибор қаратилган.
Мўътабар Хушвақтова – экоблогер ва ёш она. Экологияни асраш бўйича қилган ишлари эътироф этилгани уни янада кўпроқ шижоат билан ишлашга чорлаганини айтади:

“Экология энг керакли ва биринчи ўринда туриши керак бўлган мавзу. Унинг кундан кунга ифлосланиши блогимни янада фаолроқ олиб боришимга сабаб бўлди. Ҳозир ҳар қачонгидан-да кўпроқ экологик муаммолар ҳақида гапириш керак. Чунки келажакка тоза ер, тоза ресурслар қолдиришимиз шарт. Бу эътирофга лойиқманми, йўқми билмайман. Лекин жуда ҳам хурсанд бўлдим. Тадбирни бундай катта миқёсда ўтади деб ўйламагандим”.
Дурдона Баҳронова IT соҳаси бўйича яхшигина натижаларга эришиб улгурган. Нега энди биринчи дастурчи аёл бўлади-ю, унинг давомчилари фақат йигитларни ташкил этиши керак, дейди ёш мутахассис:

“Кутмагандим! Бутун Ўзбекистон бўйича 17 нафар танланганлардан биттаси бўлишни кутмагандим. Мендан кўра кўпроқ ишлар қилган инсонлар борлигига ишонаман. Шу ўринда бу ишонч мени жуда қувонтирди ва ўзимга бўлган ишончимни оширди.
Нима учун аёллар IT соҳаси билан шуғулланиши керак эмас? Бу соҳа аёл киши томонидан яратилган бўлса, нега биз уни давом эттиришимиз керак эмас. Жисмоний меҳнат талаб қилмайди. Айнан аёллар учун мос иш. Бу келажак касбини имкон қадар кўпроқ қизлар ўрганишини истайман”.
“Матонатнинг 17 қиёфаси” лойиҳаси ушбу кўргазмани 2022-2023 йиллар давомида 17 та мамлакатда амалга оширишга имкон беради.
Ҳар бир мамлакат ўз қадриятлари ва маданиятининг энг ёрқин вакиллари бўлган ва 17 барқарор ривожланиш мақсадлари билан мос равишда танлаб олинадиган 17 нафар аёлни тақдим этади ва унинг фотосуратларини тайёрлайди.
Бу миллий кўргазмалар ўтказилганидан сўнг, уларнинг барчаси 2023 йилда БМТнинг Женевадаги ваколатхонасида ўтказиладиган қўшма кўргазма учун йиғилади.
Мавзуга оид
16:37 / 02.01.2025
Аёлларнинг ишламаслиги: маданий чекловми ёки иқтисодий?
11:47 / 03.12.2024
BBC ўзбекистонлик тадбиркор — Дилором Йўлдошевани «дунё бўйлаб илҳомлантирувчи ва нуфузли 100 аёл» рўйхатига киритди
18:52 / 27.11.2024
Президент аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилишга доир давлат дастурини маъқуллади
17:57 / 12.10.2024