Ўзбекистонда аёлларнинг ишламаслигини изоҳлаганда, асосан гендер тенгсизликка олиб келувчи омиллар, яъни патриархал тузум, оила аъзоларининг аралашуви, "мачо менталитети" каби консерватив тушунчалар сабаб қилиб кўрсатилади.

Кенг тарқалган нарративлар аёлларнинг ишламаслигига, масалан, қуйидагиларни сабаб қилиб кўрсатади:

  • Жамият "мачо менталитет"га эга, яъни эркакларга қаратилган кутилмалар жуда кўп. Қолаверса, эркаклар кучли рашк туфайли аёлининг ишлашига қарши бўлади.
  • "Аёллар камроқ қобилиятли, шунинг учун уларнинг жойи уйда" каби стереотиплар мавжуд.
  • "Ишлаш аёлнинг аёллик хусусиятларига путур етказади" каби стереотиплар ҳам кенг тарқалгани боис аёллар ҳақ тўланадиган ишларда ишламайди.

Тушунганингиздек, аёлларнинг ишламаслиги гендер тенгсизлиги ёки маданий нормативлар билан изоҳланади: консерватив қарашлар ва патриархал тузум туфайли, эркаклар аёлларнинг ишлашига тўсқинлик қилиши ёки уларнинг уй-рўзғор ишлари билан шуғулланишини талаб қилиши аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштирокини чеклайди.

Жаҳон банкининг 2024 йилги "Ўзбекистонда гендер тенглиги таҳлили"га кўра, аёллар ўртасидаги иш ҳақи ва бандликнинг пастлиги иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатмоқда ва камбағалликни кучайтирмоқда. Агар хотин-қизлар иқтисодий фаолиятда эркаклар билан бирдек иштирок этса, Ўзбекистонда миллий даромад 29 фоизга ошар экан. Аёлларнинг эркаклар билан бир хил маош олишини таъминлаш эса 700 мингдан ортиқ одамни камбағалликдан чиқаришга ёрдам берар экан.

Сабабми ёки оқибат?

Юқорида санаб ўтилган ижтимоий нормативлар, аслида, иқтисодий шароитларнинг оқибати бўлиши мумкин. Аёлларнинг ишламаслиги, Ўзбекистон каби паст даромадли мамлакатларда, одатда, иқтисодий жиҳатдан “табиий қарор” бўлади. Бошқача қилиб айтганда, аёлларнинг ишлаши кўпинча иқтисодий жиҳатдан самарасиз саналади. Чунки болаларни боғчага бериш, уй-рўзғор ишлари хизматини ёки овқат тайёрлаш хизматини сотиб олиш каби харажатлар аёлнинг ишлашидан келадиган даромаддан кўпроқ бўлиши мумкин. Яъни ҳақ тўланадиган ишнинг муқобил қиймати бўлмиш ҳақ тўланмайдиган ишнинг қиймати анча юқори. Шу туфайли, аёлларнинг ишламаслиги оилага иқтисодий жиҳатдан фойдалироқ ҳисобланади. Масалан, ўзбекистонлик аёлларнинг учдан икки қисми 2 млн сўмгача маош олади. Шу билан бирга, атиги 1 фоизининг ойлик маоши 5 млн сўмдан ошади.