Божхона қўмитаси энг кўп импорт қилинадиган маҳсулотларни онлайн кўриш имкониятини ишлаб чиқди
Ўзбекистонга энг кўп импорт қилинадиган 31 гуруҳдан иборат 722 турдаги истеъмол товарлари рўйхати ва ҳажми билан танишиш имконияти яратилди. Бунинг учун customs.uz сайтига кириб, товарларнинг ташқи божхона статистикаси бўлимига ўтиш керак бўлади.
Божхона қўмитаси матбуот хизматига кўра, жорий йил август ойидан Ўзбекистонга энг кўп импорт бўлаётган истеъмол товарлари рўйхати ва ҳажми ҳақида маълумотлар онлайн узатила бошланди.
Маълумотлар энг кўп импорт бўлаётган 31 гуруҳдан иборат 722 турдаги истеъмол товарлари рўйхати ва ҳажмини ўз ичига олади. Уларни онлайн равишда кузатиб бориш имконияти мавжуд.
Бунинг учун божхона қўмитасининг расмий веб сайти – customs.uz’га кириб, товарларнинг ташқи божхона статистикаси бўлимига ўтиш керак. Кейинги босқичда истеъмол товарлари импорти қисми танланади. Ойнанинг ўнг томонида жойлашган тугма ёрдамида ҳисобот даврини кўрсатиш орқали импорт озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлар рўйхати ва ҳажми билан танишиб, керакли бўлган товар гуруҳини танлаш йўли билан ушбу товарларнинг қиймати ва ўсиш динамикасини кўриш мумкин. Барча маълумотларни excel форматида юклаб олиш имконияти ҳам бор.
Қўмита матбуот хизмати раҳбари (вазифасини бажарувчи) Ҳусан Тангриевнинг Kun.uz’га айтишича, 2024 йилнинг 17 июл куни давлат раҳбари бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида энг кўп импорт қилинаётган товарлар ҳақида онлайн маълумот бериш функциясини ишга тушириш борасида топшириқ берилган.
“Тадбиркорлар Ўзбекистонга қайси товар энг кўп импорт қилинаётгани ҳақидаги маълумотларни билсин ва шунга қараб бизнеси, ишлаб чиқаришини йўлга қўйсин деган мақсадда шундай функцияни ишга туширдик”, - деди у.
Энг кўп экспорт қилинаётган товарлар ва давлат кесимида қайси маҳсулот қанча импорт қилинаётгани ҳақида маълумотлар ҳозирча мавжуд эмас. Ҳусан Тангриевнинг қўшимча қилишича, бу таклифлар билдирилган.
“Кўпдан бери тадбиркорларнинг бундай маълумотларга “доступи” бўлмаган. Маълумотлар янада кенгайиши, қўшимча маълумотлар қўшилиши мумкин. Давлатлар кесимида ҳам рақамлар очиқланиши мумкин”, - деди у.
Мавзуга оид
20:17 / 28.11.2024
“Божхона органлари ҳайдовчилардан ишончнома талаб қилиши қонунчиликда назарда тутилмаган” – Божхона қўмитаси
18:13 / 19.08.2022
Икки карра беписандлик. Божхона қўмитаси суд қарорини бажармаяпти
07:21 / 25.06.2022
«Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари Божхона қўмитасига бириктирилади
07:40 / 19.04.2022