Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ТАТУ Қарши филиали қошидаги “ўгай” лицей: ётоқхона таъмири чала, вояга етмаган ўқувчилар ижарада
Қарийб тўрт йил олдин Қашқадарё вилояти ҳокимлиги топшириғи билан капитал таъмирга тушган ТАТУ Қарши филиалига қарашли академик лицей ётоқхонасида иш тўхтаб қолган. Натижада 100-200 километрдан келиб таҳсил олаётган, вояга етмаган ўқувчилар ижарада яшашга мажбур бўлмоқда.
Kun.uz Қашқадарёда бўлиб, лицей жамоаси, ТАТУ Қарши филиали раҳбарияти ҳамда дастлаб таъмир учун маблағ ажратган ва ишни охирига етказмаган вилоят ҳокимлиги мансабдорларидан вазиятга изоҳ олди.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги инжиниринг компанияси ва “Насаф махсус ихтисослаштирилган капитал қурилиш” хусусий корхонаси ўртасида 2019 йил 8 октябрда тузилган пудрат шартномага кўра, 1 млрд 866 млн сўмга маҳаллий бюджет томонидан молиялаштирилиб, ўша йилнинг декабр ойида бино тўлиқ фойдаланишга топширилиши керак эди. Бироқ 924 млн сўмлик иш амалга оширилган, холос.
Ётоқхона шундоққина лицей ҳовлисида жойлашган экан. Демак, у ишга туширилса, ўқувчилар муассаса биносидан ташқарига чиқмаган ҳолда таҳсил олиш имкониятига эга бўлишади.
Бу борадаги қатор ташкилотларга йўлланган мурожаатлар самара бермаган.
Академик лицей психологи Шаҳодат Меҳмонова ўқувчиларнинг ижарада туриши кўплаб ноқулайликлар келтириб чиқараётганини билдирди. Унинг айтишича, ўқувчилар олис туманлардан келиб ўқишади ва йўл харажатларининг ўзиёқ ота-оналарга оғирлик қилади. Қолаверса, ҳали вояга етмаган ўғил-қизларнинг ижарада яшаб, устозлар кўз олдида бўлмаслиги, таълим-тарбиясини назорат қилиш имкониятининг камлиги нохуш ҳолатларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.
“Бундан ташқари, ўқувчиларимиз лицей ётоқхонасига жойлаштирилса, дарсдан кейинги бўш вақтларида қўшимча машғулотларга кўпроқ жалб қиламиз, овқатланишлари, кундалик эҳтиёжлари ҳам анча арзонга тушади”, деди психолог.
“Қиз бола бўлганим учун ҳам тезроқ лицейимиз ётоқхонаси фойдаланишга тушишини кутяпман. Ўқишга қатнаш менга ҳар томонлама қийинчилик туғдирмоқда” дейди Миришкор туманидан келиб ўқиётган ўқувчи Озода Жўраева.
Дарҳақиқат, мазкур лицей жойлашган ҳудудда йирик олий таълим муассасалари ҳам жойлашгани сабаб, ўқувчилар осонликча ижара уй тополмайди. Бори ҳам қиммат ёки шароити кўнгилдагидек эмас.

ТАТУ Қарши филиали директори вазифасини бажарувчи Отабек Омонов таъмирлаш ишлари маблағ йўқлиги сабаб тўхтаб қолганини айтиб, масала вилоят кенгаши сессияси тасдиғига киритилганини маълум қилди.
Тақдим қилинган ҳужжатлар орасида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси томонидан 2021 йилнинг 30 декабрида вилоят ҳокими ўринбосари А.Эшонқулов номига юборилган хат ҳам бор. Унда келтирилишича, ТАТУ Қарши филиалига қарашли ётоқхонани капитал таъмирлаш топшириғи вилоят ҳокимлиги томонидан берилган. Капитал таъмирни якунига етказиб қўйиш учун қарийб бир млрд сўм маблағ талаб қилиниши ва ўша сумма маҳаллий бюджет ҳисобидан инжиниринг компанияга ўтказиб бериш сўралган. Буни қарангки, ўтган йили вилоят инжиниринг компанияси ТАТУ Қарши филиалидан ҳам академик лицейни таъмирлаш учун маблағ ажратишда амалий ёрдам сўраган.


Демак, вилоят инжиниринг компаниясида ушбу масала юзасидан аниқ чора-тадбирнинг ўзи йўқ. Акс ҳолда бир нечта ташкилот номига маблағ ажратишда ёрдам беринг, ётоқхонанинг таъмирини тугатиб қўяйлик, деб хат ёзмасди. Чунки бир объектни таъмирлашга киришишдан аввал инжиниринг компания аталмиш йирик ташкилот аввало, молиявий манбанинг қаердан қопланиши, объектни фойдаланишга топшириш муддати ва шу каби бошқа лойиҳа ҳужжатлари ҳақида бош қотириши лозим.

Академик лицей ётоқхонасида қурилиш ишларини якунлаш учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратиш кўзда тутиляптими-йўқми, деган савол билан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаевга мурожаат қилдик. Эркаев гарчи дастлаб вилоят кенгаши сессияси қарори ва ҳокимининг топшириғи билан лицей ётоқхонасини таъмирлашга маблағ ажратилган бўлсада, қолган маблағни ажратиш учун ҳужжатларга яна бир қараб олишини маълум қилди. Ҳокимнинг биринчи ўринбосари ишчи гуруҳ ёрдамида ушбу масалани ўрганиб, вазият бўйича бизга маълумот тақдим қилинишини билдирганига ҳам бир неча ҳафта ўтди. Аммо бу муддат ичида ҳокимлик ҳеч қандай амалий ҳаракат қилмагани хабар берилди.
ТАТУ Қарши филиали раҳбарияти тўрт йил аввал вилоят ҳокимлиги бош-қош бўлган лицей таъмири нега ярмида тўхтаб қолгани бўйича тайинли изоҳ ололмаяпти.
Хулоса қилиш мумкин, ҳозирча академик лицейга на ҳудудий жиҳатдан мансуб бўлган Қашқадарё вилояти ҳокимлигидан, на оталиққа олган ТАТУ Қарши филиалидан ҳеч қандай амалий ёрдам берилмаяпти.
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Суратлар муаллифи Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
09:35 / 06.01.2026
Ижара хизматларининг ярмига яқини автомобил ижараси ҳиссасига тўғри келди
14:14 / 28.12.2025
Қашқадарёдаги даҳшатли автобус ҳалокати, 26 қурбон ва 2 минг сўм “пора” – судланган ИИБ ходими 16 йилдан сўнг оқланди
08:50 / 25.12.2025
Қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш тартибига ўзгартиришлар киритилди
09:38 / 24.12.2025