Иқтисодиёт | 10:14 / 08.08.2023
26120
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари кетма-кет тўртинчи ой камайди

Июль ойи давомида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 33,72 млрд доллардан 33,64 млрд долларга камайди. 1 август ҳолатига, Марказий банк захирасида 11,8 млн троя унция олтин ва 9,56 млрд доллар хорижий валюта захиралари мавжуд.

Фото: Reuters

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро валюта захираларига оид маълумотларни янгилади.

Унга кўра, 1 август ҳолатига, Ўзбекистоннинг расмий захиралари 33,64 млрд долларни ташкил қилди. Бу – жорий йил бошидан буён қайд этилган минимум кўрсаткич.

Захиралар ўтган ойга нисбатан деярли 72 млн долларга, сўнгги 3 ойда эса 1,75 млрд долларга камайди.

Ҳисобот даврида олтиннинг физик ҳажми 12,1 млн троя унциядан 11,8 млн троя унцияга, қиймати эса 23,08 млрд доллардан 23,02 млрд долларга пасайган.

Шунингдек, захира активлари таркибидаги хорижий валюта захиралари 9,57 млрд доллардан 9,56 млрд долларга камайган.

Маълумот учун, мамлакатнинг олтин-валюта захиралари тўлов ва савдо балансидаги дефицитни бартараф этиш, инфляцияни ушлаб туриш, миллий валютани молия бозорида қўллаб-қувватлаш учун валюта сотиб олиш давлатнинг ташқи қарзларини тўлаш ва давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун ишлатилади.

Мавзуга оид