Ўзбекистон | 09:21 / 25.11.2019
14299
2 дақиқада ўқилади

ОТМ рейтингини баҳолаш мезонлари ва педагогларга малака тоифалари бериш тизими қайта кўриб чиқилади

Фото: shutterstock/vostock-photo

Ўзбекистонда олий таълим муассасалари рейтингини баҳолаш мезонларини қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини 2020 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасида айтилади.

Қайд этилишича, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинади. Бунда, олий таълим муассасалари рейтингини баҳолашда талабаларни спорт билан қамраб олиш, жисмоний тарбия ва спорт бўйича моддий техник базаси ҳамда спорт фаолияти натижадорлиги кўрсаткичларини назарда тутиш мўлжалланган.

Ижро муддати - 2020 йил январь. Масъул ижрочилар - Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги.

Шунингдек, педагог кадрларга малака тоифалари бериш тизимини қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.

Бу борада ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинади. Унда жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига амалий машғулотлар натижалари асосида малака тоифаларини бериш тизимини жорий этиш кўзда тутилади.

Ижро муддати - 2020 йил январь. Масъул ижрочилар - Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид