Жаҳон | 23:16 / 17.01.2026
6496
9 дақиқада ўқилади

Венесуэла устидан назорат Трампни “нефт қироли”га айлантира оладими?

Дунё бўйича энг катта тасдиқланган нефт захираси Венесуэла ҳиссасига тўғри келади – тахминан 303 миллиард баррел. Таққослаш учун, бу миқдор АҚШ ва Россиядаги умумий захиралардан ҳам 2 баробарга кўп. Трамп ва унинг жамоаси президент Николас Мадуро олиб қочилганидан кейин Венесуэладаги мислсиз қора олтин захиралари устидан тўлиқ назорат ўрнатиш ҳақида очиқча баёнотлар бера бошлади.

Дастлаб Венесуэла АҚШга 30 миллиондан 50 миллион баррелгача нефт етказиб бериши кераклиги иддао қилинган бўлса, кейин нефт нархини бир баррел учун 50 долларгача арзонланлаштириш режалари ҳақида хабарлар чиқа бошлади.

Хўш, расмий Вашингтон нефтни ўз манфаати учун ишлайдиган сиёсий қуролга айлантира оладими?

Нефт қазиб олишнинг қисқариши

Юқорида Венесуэла дунёдаги энг катта нефт захираларига эга эканига тўхталдик, бироқ жаҳон энергетика бозорларида бу мамлакатнинг ҳозирги ўрни жуда кичик. Венесуэлада кунига ўртача бир миллион баррел нефт қазиб олинади, бу глобал таклифнинг 1 фоизини ташкил этади.

Ўтган асрнинг 50-йилларида Венесуэлада кунига 1,5 миллион баррел нефт қазиб олинарди, бу ўша даврдаги жаҳон нефт қазиб чиқариш ҳажмининг қарийб 15 фоизига тенг бўлиб, Форс кўрфази мамлакатлари барчаси биргаликда қазиб олганидан ҳам кўпроқ миқдор бўлган. Мамлакат нефт саноатида деярли барча энг йирик компаниялар фаолият юритган. Расмий Каракас 1960 йилда Эрон, Ироқ, Кувайт ва Саудия Арабистони билан бирга OPEK'ни ташкил этган асосчилардан бири ҳамдир. Аммо қазиб олиш пасайиши ва экспорт мажбуриятларини бажариш қобилияти сусайиши ортидан, унинг ташкилотдаги таъсири сезиларли даражада заифлашди.

2005 йилгача Венесуэла АҚШнинг энг йирик нефт таъминотчиси бўлган. Бироқ вазият тубдан ўзгарди: 2007 йилда Уго Чавес саноатни миллийлаштирди, жумладан, мамлакатда ишлаётган Америка компанияларига тегишли мулкларни ҳам мусодара қилди. Натижада соҳага йиллар давомида етарлича сармоя киритилмай қолди, халқаро санкциялар ҳам Венесуэла нефт сектори ривожланиш имкониятларини жиддий чеклади. Айрим ғарб компаниялари, жумладан Chevron, мамлакатда ишлашда давом этаётган бўлса-да, санкциялар режимининг кенгайиши ва экспортга чекловлар кучайиши ортидан уларнинг иштироки сезиларли даражада қисқариб кетди.

Муаммоли жиҳатлар

Карнеги Берлин марказининг катта илмий ходими Сергей Вакуленконинг таҳлилларига кўра, бир қатор омиллар сабаб Венесуэла нефт саноати тасаввур қилинганичалик истиқболли бўлмаслиги мумкин. Унинг сўзларига кўра, асосий захиралар дунёдаги энг йирик нефт тўпланган ҳудуд – Ориноко дарёси бўйида жойлашган бўлиб, бу ерда қатор муаммоли жиҳатлар бор. Конлардаги қатламларга нефт билан озиқланувчи бактериялар тушиб қолиши натижасида бутун захира деградацияга учраган. Бактериялар нефтнинг енгил фракцияларини “еб юборгани” сабабли, у ерда фақат ўта оғир ва ёпишқоқ хомашё қолган. Бундай нефтни оддий усуллар билан қазиб олишнинг иложи йўқ: ундан фойдаланиш мумкин бўлиши учун махсус қайта ишловдан ўтказиш талаб этилади, бу эса қазиб олиш таннархини кескин оширади. Технологиялар кун сайин ривожланиб бораётган бўлса-да, уларнинг нархи ҳали ҳам қимматлигича қоляпти.

Оғир нефт қатлам ичидаги ҳарорат ва босимда оқувчанлигини сақлаб турган тақдирда ҳам, ер юзасига чиққач тезда қотиб қолади. Шу сабабли уни қувурлар ёки танкерлар орқали ташиш учун енгил углеводород фракциялари, масалан бензин билан суюлтиришга тўғри келади. Бундан ташқари, кўпинча қатламни қўшимча равишда қиздириш зарур бўлади. Буларнинг барчаси нефт қазиб олишни ниҳоятда қиммат қилади. Якунда ҳам бозорда одатий навларга нисбатан 15–20 фоизга арзонроқ сотиладиган нефт олинади.

Оғир нефтни апгрейдер деб аталадиган махсус қурилмалардан ўтказиш мумкин – улар оғир фракцияларнинг бир қисмини бензин ва дизел фракцияларига айлантириб, нефтнинг бозор қийматини оширади. Аммо бу жараён ҳам қўшимча харажатларни талаб қилади. Шу сабабдан 2000-йиллар бошида ҳам Ориноко дарёси ҳавзасидаги захираларнинг иқтисодий жиҳатдан самарадорлигига шубҳа билан қараб келинган. Кейинчалик нефт нархлари уч хонали рақамга чиқиши фонида қазиб олишнинг рентабеллиги қайта баҳоланади ва Венесуэла нефт захиралари қоғозда бир неча баробарга ошиб кетади.

Венесуэла ва Мексика узоқ йиллардан буён оғир нефтни катта ҳажмларда қазиб олиб келгани, АҚШ эса улар учун асосий бозор бўлгани сабабли, Мексика қўлтиғи соҳилидаги Луизиана ва Техас штатларида оғир нефтни қайта ишлашга мослаштирилган кўплаб нефтни қайта ишлаш заводлари барпо этилган. Бу заводларнинг бизнес модели хомашёни арзонроқ нархда харид қилиш ва техник имкониятлар ҳисобига мураккабликларни бартараф этишга асосланган. Бироқ сўнгги йилларда Канадада оғир нефт қазиб олиш сезиларли даражада ошди ва бозор Венесуэла нефтига муқобил манбага эга бўлди.

Умуман олганда, енгил нефтни қайта ишлаш осонроқ, оғир нефт эса одатда битумга ўхшаш қолдиқ маҳсулотлар ҳажми кўпайишига олиб келади. Венесуэла дунёдаги энг йирик исботланган нефт захираларига эга, аммо унинг асосий қазиб олинадиган қисми оғир нефт ҳиссасига тўғри келади.

Трамп нефтни арзонлаштира оладими?

Сергей Вакуленконинг таъкидлашича, реалистик жиҳатдан йилига 10 миллиард доллардан кам бўлмаган миқдорда сармоя киритилган тақдирда, 4–5 йил давомида ҳар йили қазиб олиш ҳажмини 200–250 минг баррелга ошириш мумкин. Бироқ бу асосан анъанавий нефтга тааллуқли рақамлар. Брент маркали нефт нархи баррелига 50–55 доллар бўлган шароитда, ўта оғир нефт қазиб олишни кенгайтириш истиқболлари мутлақо ноаниқ бўлиб қолади. Бундай лойиҳалар ўзини оқлаши учун нархлар камида 20–30 долларга ошиши керак.

Бундан ташқари, қазиб олишни кўпайтириш фақат эски конларда кенг кўламли ишлар олиб бориш ҳисобига бўлиши мумкин. Бунинг учун эса катта миқдорда ускуналар, бурғилаш ва сервис бригадалари ҳамда бошқа мутахассислар зарур. Ҳозир Венесуэлада буларнинг деярли ҳеч бири йўқ.

Шу тариқа, Венесуэла нефт саноатини қайта тиклаш тез ва улкан даромадларни ваъда қилмайди. Бу эса Америка нефт компанияларини мураккаб танлов қаршисида қолдириши мумкин. Уларда Венесуэласиз ҳам пухта режалаштирилган лойиҳалар “конвейери” мавжуд. Техник, молиявий ва инсон ресурслари ҳам кейинги йиллар учун тақсимлаб бўлинган. Компаниялар бундай шароитда келажаги мавҳум ва сиёсий хатарлар юқори ҳудудга катта инвестиция киритишдан тийилишни афзал кўриши мумкин.

Хитой ва Россияга таъсири

2000-йиллар охиридан бошлаб Хитой банклари Венесуэла нефт саноатига фаол равишда пул киритишни бошлади ва бу мамлакат учун энг асосий ташқи молиялаштириш манбаларидан бирига айланди. Расмий Каракас тўловларни хом нефт жўнатмалари кўринишида амалга оширган. Мадуронинг ҳибсга олиниши ва сиёсий беқарорлик кучайиши Хитой учун ҳам хавфларни оширди. Венесуэланинг Пекин олдидаги қарзи 10 миллиард доллардан ошади ва унинг қайтарилишига бўлган ишонч аввалгидек эмас.

Ўтган йили Венесуэла нефти Хитой умумий импорт ҳажмининг қарийб 4 фоизини ташкил этган. Шундай бўлса-да, расмий Пекин учун энг катта йўқотиш Лотин Америкасидаги позицияси кучсизланиши бўлиши мумкин. Вашингтон бу минтақани ўзининг таъсир доираси деб ҳисоблайди. 2000-йилдан буён Пекин Лотин Америкасидаги аксарият мамлакатлар учун АҚШни ортда қолдириб, биринчи ёки иккинчи йирик савдо ҳамкорига айланди. Доналд Трамп президентлиги даврида АҚШда божларнинг оширилиши бу жараённи янада тезлаштирди. Лекин энди, Мадуронинг ўғирланишидан кейин минтақа давлатлари Хитой билан муносабатларда эҳтиёткорликни кучайтириши мумкин.

Бошқа томондан, нефт нархининг пасайиши Пекин учун фойдали бўлади. Чунки Хитой ташқи нефтга энг кўп боғланган ва энг катта импортёр давлат.

Мадуронинг ҳибсга олиниши фонида россиялик миллиардер Олег Дерипаска Венесуэла нефти устидан назорат АҚШга жаҳон нефт нархларини бошқариш, шу орқали Россия иқтисодиётига таъсир кўрсатиш имконини беради, деган огоҳлантириш билан чиққанди. Аммо Венесуэла нефт саноатининг реал ҳолатидан келиб чиқиладиган бўлса, ушбу мамлакат қисқа муддат ичида жаҳон бозорига катта ҳажмда маҳсулот чиқариш қобилиятига эга эмас. Агар кўпроқ янги нефт ҳажмлари бозорга чиқса ҳам, у нисбатан қиммат таннархли бўлади. Бу билан жаҳон нефт нархларини баррелига 50 доллардан паст даражада ушлаб туриш деярли имконсиз.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид