Жамият | 18:30 / 01.10.2024
4370
9 дақиқада ўқилади

“Киевда танишганмиз” — 75 ёшида инглиз тилида гаплаша оладиган нуронийлар ҳикояси

Чироқчилик Абдуҳамид ота Нурмуҳаммедов ва андижонлик Шарифа момо Убайдуллаева турмуш қуришганига 53 йил бўлган. Улар 1960-йилларда Киев чет тиллари институтида инглиз тилини ўқишаётган вақтларида танишишган. Kun.uz “Ҳаётий ҳикоялар” рукнида нуроний жуфтликнинг ҳаёт йўллари ҳақидаги ҳикоясини тақдим этади.

Шарифа ая Убайдуллаева – 75 ёшда. У Андижонда туғилган. Абдуҳамид ота Нурмуҳаммедов Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида туғилган, ёши – 76 да. Ҳозирда улар Қарши шаҳрида яшайди.

Шарифа Убайдуллаева ва Абдуҳамид Нурмуҳаммедов. Фото: Kun.uz

Шарифа ая: Ота-онам мени 10 йил кутишган. Худо 10 йилдан кейин мени уларга берган. Шу сабабли уларнинг севимли қизи бўлганман. Хоҳлаган ҳамма нарсамни муҳайё қилишган. Онам тиббиёт марказида ишлаган, отам эса тарих фани ўқитувчиси бўлган. У бизга ўзининг ёшлиги ва Афғонистонда яшагани ҳақида кўп гапириб берарди. У менинг шифокор бўлишимни хоҳлаган, лекин ўқитувчим биз ўзбекларни қўй деб атагани учун инглиз тили ўқитувчиси бўлишга қарор қилдим. Отам мени Киевга юборди, у ерда 5 йил ўқидим. Украин манбаларидан жуда кўп нарса ўргандим. Украин ва рус йигитларини урушда кўриб йиғлайман, чунки улар менинг қалбимга яқин. Бу ерда биз билан инглизча гаплаша оладиган ҳеч ким йўқ. Шу сабабли инглиз тилим унчалик яхши эмас.

Абдуҳамид ота: Менинг ҳам инглиз тилим унчалик яхши эмас, сўз бойлигим ҳам зўр эмас. Мен 1948 йилда Чироқчи туманида туғилганман, Киевда ўқиганман. Биз ўша ерда танишганмиз. 1971 йилда эса турмуш қурдик. Тўрт нафар фарзандимиз бор, иккиси қиз, иккиси ўғил.

Ҳаёт тақозоси билан шундай бўлдики, биз мактабни битиргандан кейин 1966 йилда ҳам 10-, ҳам 11-синфлар мактабни тугатди ва ўқишга кирадиган абитуриентлар жуда кўпайиб кетди. Ундан ташқари, 1966 йилда ер қимирлаши содир бўлганди, шу сабабли қардош республикалар Ўзбекистонга ёрдам қўлини чўзди. Украина ва Россия ўқитувчи кадрларни тайёрлаб берамиз деган мажбуриятни олган шекилли, Россия, Украина шаҳарларига ўқишга танлов бошланди. Ё врач ёки ўқитувчи бўлмоқчи эдим. Тиббиёт институтига кириш учун ҳамма ҳужжатларни тайёрлаб турганимда эълон келиб қолди. Тақдир тақозоси билан кириб қолдик. Ҳеч қаерга чиқмаган қишлоқ боласи Киевга кетишга мажбур бўлди.

Қишлоқда ўсганмиз, рус тилини билиш даражамиз ҳам ўзига яраша. Нон билан сувни биламиз, бошқа рус тилидан билимимиз йўқ эди. Кейин мажбур бўлдик рус тилини ўрганишга. Бизни рус болалар ичига қўшиб қўйди, улар ўзбек тилини, биз рус тилини билмаймиз. Аммо мулоқот қилиб, бир йил ичида тилни ўрганиб олдик.

Университетда инглиз тилини ўргандик, қўшимча сифатида француз тили ҳам бор эди. Асосий урғуни инглиз тилига берганмиз.

Шарифа билан танишишимиз бошқача бўлган. У Фарғона томондан, мен Қашқадарё томондан Киевга борганман. Ўша ерда танишганмиз. Кўз учиргани, қош қоққани йўқ, ўқишни битириб, 1971 йилда оила қурганмиз.

Шарифа Убайдуллаева ва Абдуҳамид Нурмуҳаммедовнинг шахсий архивидан

Шарифа ая: Дадам ўқитувчи, кейин болалар уйи директори бўлган. Жуда кўп танишлари бўлган, масалан, Мукарамма Турғунбоева, Тамарахонимлар билан танишганман. Дадам мени театрларга олиб борарди. Инглиз тилидан яхши ўқимаганман. Устозимиз арман аёл эди: “дарахт ҳам охир-оқибат овоз чиқаради, сиз ўзбеклар қўйсизлар” деб айтарди. Шу гаплари таъсир қилиб, инглиз тилини ўқийман дедим. Дадам йўлланма олиб келиб, Киевга ўқишга юборди.

Акам ҳам ўқитувчи бўлган, тарих фанлари номзоди, доцент бўлган. Оиламизнинг ярми савдогар, ярми ўқитувчи эди.

Кетаётганимизда Тошкентга йиғилдик. Ғафур Ғулом келиб, бизга насиҳат қилиб юборди. Ҳаммамизга 28 рублдан тарқатишди. Менинг навбатим келганда, тўртта эркак ўтирган экан, биттаси айтди: дадангизни исми нима, деб. Мирабдулла ака дедим. Дадамнинг ўқувчилари кўп эди, исталган университетга жойлаштира оларди. Ҳаммага 28 рублдан бериб, менга 40 рубл берди.

10 йил мактабда дарс бердик, бу ерга келгандан кейин мактаб йўқлиги учун болалар боғчасида ишладим, Ўзбек тилидан дарс бердим. Касал бўлиб қолганим учун ногиронлик нафақасига чиқиб, уйда зерикиб, болаларга [инглиз тилини] ўргатишни бошладим, Нечадир йил олдин санаганимда 300 дан зиёд ўқувчим бор эди. Турли давлатларда – Америкада, Испанияда ҳам ўқувчиларим кўп, улар мендан ҳам ўтиб кетган.

Кичик болаларга фонетика, грамматикани пастдан ўргатишни бошлайман. Болалар чидаса келади, қаттиққўлман. Ким менга келса, талаффузини яхши қилишга ҳаракат қилдим.

Абдуҳамид ота: Инглиз тили бизга барибир бегона тил, қайси пайтда бўлса ҳам она тили ёдда туради, лекин бегона тил ёддан чиқиб кетаркан.

Шарифа ая: Барибир қолади, устозим инглиз тилида ўйлашингиз керак, туш кўрсанглар ҳам инглиз тилида кўринглар, дерди.

Абдуҳамид ота: Университетимиз катта урғуни талаффузга берган, салгина хато талаффуз қилсак ҳам гап эшитардик. Ҳозирги пайтда телевизорларда эшитамиз, умуман талаффузини англолмай қоласан киши. Биз ўқиган университет номи Киев чет тиллари университети, 4 та тил ўқитиларди: инглиз, француз, немиз ва испан. Умумий лекциялар украин тилида бўларди, аста-секин уни ҳам тушуниб кетдик. Украин тили чиройли ва юмшоқ тил, кундалик мулоқотни эшитиб, тушунса бўлади.

Шарифа ая: Поезддан тушганимда қизлар билан чемодан устида ўтирганман, хохолаб куладиган одатим бор эди, бу киши кўриб қолганлар.

Абдуҳамид ота: Қўлга ўргатилмаган гижинглаган от бўлади-ю, у шунақа ёввойи эди. 4-5 йил ичида ўзимизга ўргатиб олдик. Дадаси [турмуш қуришимизга] рози бўлган, замонавий инсон бўлган.

Шарифа Убайдуллаева ва Абдуҳамид Нурмуҳаммедовнинг шахсий архивидан

Шарифа ая: Мен Чироқчида биринчи марта сариқ ўтни кўриб сўрадим: бу нима, ўт яшил бўлади-ку, дедим. Ҳайрон қолардим. Чироқчида йўлда кетсак, йиғлаб кетардим, бу одамлар қандай яшайди, дарахт ҳам йўқ, уйчалари кичкина деб. Бу киши айтарди: улар жуда бой, юзта юзта қўйи, оти, моллари бор десалар, ёшларимни артиб ҳайрон қолардим. Лекин шундай болаларим бор, катта қизим ўқитувчи. Тошкентда ихтисослашган мактабда дарс беради, олий тоифали. Битта ўғлимиз сваркачи, канат йўллари, амфитеатр қурди.

Абдуҳамид ота: Оиламизда 4 фарзандимиздан 3 таси олий маълумотли. Битта олий маълумотли бўлмагани сваркачи ўғлимиз. Онаси шуни олий маълумотли қилолмадик, деб афсусланади. Мен айтаман: “Сен афсусланма, дарвозангни тақиллатиб келадиганлар уста борми деб келади, мени сўрамайди”. Обрўйи катта, ишини пишиқ қилади.

Учинчи қизимиз ҳам ўқитувчи. Туғилганда қайчини ушлаб олган, докторлар бу қиз ҳунарманд қиз бўлади дейишган. Рус тили ва адабиётини битирди, лекин бир кун ҳам ишламади. Сартарошлик касбини эгаллади, бекорга қайчини ушлаб олмаган-да.

Шарифа ая: Фурқатим кичкиналигидан ёнимда ўтирарди, мен дарс ўтардим, ўшанда инглиз тилини ўрганиб олган, қорнимда бўлганида инглиз тилида китоблар ўқирдим, шу ҳам ёрдам берганми, бемалол гаплаша оларди.

Абдуҳамид ота: Маҳалладаги пенсионерлар ҳозир эрта билан 10 км пиёда юриб келамиз, 20 дан ортиқ пенсионер эркаклар, 30 дан ортиқ аёллар бор.

[Узоқ вақт бирга яшашнинг сири] бир-бирини тушунишда. Эр хотинни, хотин эрни тушунишига боғлиқ. Бир ёқадан бош чиқариб, шунча йилдан бери бир биримизга чидаб келяпмиз.

Шарифа ая: Асосийси, чидам. Қийинчилик кўп бўлди. 10-11 та уйга кўчдик. Уйдан, кийимдан, овқатдан – ҳаммасидан қийналиб, аста-аста эришдик.

Шарифа Убайдуллаева ва Абдуҳамид Нурмуҳаммедов. Фото: Kun.uz

Абдуҳамид ота: 1972-73 йилларда ўқитувчилар ойлиги паст бўлган. Бир йилча Қаршида институтда ўқитувчилик қилиб, ойлиги пастлиги учун кетишга мажбур бўлдим. Оиламиз: кичкина бўлса ҳам томоғимиз, кийимимиз бор, шу томондан қийналганимиз учун 1978 йилдан кейин бошқа соҳага, техника соҳасига ўтиб кетишга мажбур бўлдим. 1978 йилдан то шу кунгача техника хавфсизлиги муҳандиси бўлиб ишлаганман.

Шарифа ая: Қарийб 10 йил тикувчилик қилдим, ойлигимдан бориб сариёғ, конфет олиб келиб болаларимга едирардим. Ишқилиб анча яхши бўлдик.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид