“Отамнинг ўлигини “сотдим”: отаси учун товон пули олган йигит изтироблари
“Ҳаётий ҳикоялар” рукнида берилаётган навбатдаги ҳикоямиз қаҳрамони оддий йигит. У анча йиллар аввал 10 минг доллар эвазига отасини машина билан уриб юбориб, ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчига нисбатан даъвосидан воз кечган.
Йигит мактубида ўшандан сўнг таъналар остида қолиб кетганини ва ҳанузгача одамлар ўша ишини юзига солишини ёзибди.
“Оилада ёлғиз ўғил эдим. Отам болалигимдан “Улғайсанг опаларингга ҳимоячи, ойинг билан менга суянчиқ бўласан”, деб уқтирарди.
Ёлғиз ўғил бўлганим учун анча эрка ўсдим. Ота-онам барча орзуларимни муҳайё қиларди. Нима сўрасам олиб берарди.
Энди эсласам, отам яхши одам эди. Кучсизларни ҳимоя қиларди. Камбағалларга тез-тез эҳсон тарқатарди. У мен учун идеал одам эди. Улғая бошлагач унга ўхшашга ҳаракат қила бошладим.
Мактабни битирганимдан сўнг институтларнинг бирига ҳужжат топширдим ва контрактга илиндим. Кейинги йили бюджетга ҳаракат қиламан деган жойимда отам “Ўқийвер, контракт пулингни тўлаб бераман”, деб қолди.
Ўқишни битириб уйга қайтдим, бироқ ўқиган соҳам бўйича яхшироқ иш топилмади. Бозордан ижарага дўкон олиб, савдога чиқа бошладим.
Ўтган йиллар мобайнида опаларим узатилиб кетди, мен уйланишим керак эди. Ўйлаб кўрсам, опаларимни узатиш отамга осон бўлмаган, бироқ у ҳаммасига улгурар эди.
Бирон марта унинг нолиганини ёки пул масаласида қийналганини айтганини эшитганим йўқ. Назаримда отам яхши одамлиги учун Аллоҳ унинг ишларига, топаётган пулларига барака берарди.
Бу орада мен уйландим. Ўша пайтларда зўр пул топмасам-да, ишларим ёмон эмасди. Бир куни ўтириб отамга диққат билан қарадим ва унинг сочлари оқариб, юзларини ажин босганини кўрдим. Ёши олтмишга бораётган отам қарий бошлаганди.
Пенсияга чиққач у ишдан бўшади. “Онанг билан менга пенсиям етади. Сен энди ўзинг ва оиланг учун ҳаракат қилавер”, деди у. Отам ошна-оғайнилари билан кунора учрашар, улар билан гап ўйнар, қисқаси ҳаётнинг завқини тотиб, умр кечира бошлади.
Бироқ бу кунлар вақтинча экан. Бир куни ажал фариштаси унинг жонини олди. Бунга эса қоидабузар ҳайдовчи сабабчи бўлди.
Кунларнинг бирида бозорда савдо қилиб турган жойимда хотиним телефон қилди. У йиғларди. Нима бўлганини сўрасам, “Отангизни машина уриб кетибди, шифохонага олиб кетишибди”, деди.
Дўконни қулфладим-у, шифохонага қараб отландим. Борсам отам жонлантириш бўлимида экан. Шифокорга учрашсам у “Ука, биз қўлимиздан келадиганини қиляпмиз, шифо Аллоҳдан”, деди.
Бир зумда шифохонага онам, опаларим, поччаларим ва бошқа яқин қариндошлар етиб келишди. Ўша пайтда бизнинг қўлимиздан фақат дуо қилиш келарди холос.
Неча соат ўтганини билмайман, шифокор чиқиб “Отангиз бўлмади, сизларга сабр тилайман”, деди. Шундан сўнг йиғлаб юбордим ва унинг чўнтагига пул тиқиб, “Илтимос, жасадни ёришмасин”, дедим.
Отам жон берганча қанча азоб тортган, жасадини ёриб, энди ўликни ҳам қийнашмасин, деб ўйлардим.
Эртаси куни жаноза бўлди ва отамни кўмиб келдик. Шифохонада отамнинг ҳаққига дуо қилиб турганимда ҳушим ўзимда эмасди, уни уриб юборган ҳайдовчи ҳақида ўйлаганим ҳам йўқ.
Жанозадан сўнг уйимиз олдига бир машина келиб тўхтади ва ундан тўрт киши тушиб келди. Улардан бири ҳайдовчининг отаси, қолгани ака-укалари экан.
Отахон мендан кўнгил сўради. Сўнг ҳар бир инсоннинг қачон туғилиши ва ўлиши тақдирида ёзилиши, бу дунё барча учун синов экани, ўғли эса ана шу синовдан ўта олмагани ҳақида гапирди.
“Кечира олсангиз ўғлимни кечиринг. Уни қаматиб юборганингиз билан отангиз тирилиб келмайди. Аллоҳ унинг умрини ҳам сизларга қўшиб берган бўлсин”, деди ва олдимга анча пул қўйди.
Ҳайрон бўлиб қарагандим, “Бу пул отангизнинг маъракалари учун” деди. Ҳайрон бўлиб амакимга қарагандим, розилик маъносида бошини ирғаб қўйди.
Улар кетгандан сўнг амаким изоҳ берди: Сен отангдан айрилиб, яна харажат қиласанми? Пулларни олавер, ҳали отангнинг маъракаларини ўтказиш керак, асқатиб қолади”.
Бир неча кун фотиҳахонлик бўлди ва кўнгил сўраб келганлар билан банд бўлдим. Шу кунлар орасида терговчи бирон марта ҳам телефон қилмади. Отамни уриб юборган йигит эса қорасини кўрсатмади. Отаси ва инилари ҳам пул бериб кетгандан сўнг қайтиб келмади.
Одатда одам ўлими билан боғлиқ авария содир бўлса жиноят иши очилиши, тергов ўтказилиши керак. Терговчи нимадир маълумот сўраши керак. Шу томонлама ҳеч қандай хабар бўлмагани учун ўзим туман ИИБга бордим.
Отамнинг ўлими билан боғлиқ иш топширилган терговчини топиб, олдига кирсам у менга “Ҳали жиноят иши очилмади, терговга қадар суриштирув ишлари кетяпти”, деди.
Унинг бу гапидан жаҳлим чиқди. Бир инсон машина бошқариб бировнинг ўлимига сабабчи бўлди. Ўлган одам дафн қилинди. Орадан қарийб бир ҳафтача муҳлат ўтди. Лекин ҳали жиноят иши очилгани йўқ.
“Мақсадингиз нима, шу ишни секин ими-жимида “марҳумнинг ўзи айбдор бўлган” деб ёпиб юборишми?” – дея терговчига кескин савол бердим.
“Ука, қизишманг, ҳали ҳеч нарса аниқмас. Аварияга отагизнинг ўзи сабабчи бўлган бўлиши ҳам мумкин”, деди. Унинг бу гапидан тепа сочим тикка бўлди.
Шундан сўнг энг биринчи навбатда отамни уриб юборган йигитни суриштирдим. Маълум бўлишича у тадбиркор, акаси эса туман ҳокимлигида муҳим бир вазифада ишлайди. Ўша куни у отамни “Каптива” машинаси билан уриб юборган.
Ҳодиса юз берган жойга бориб у ердаги савдо дўконларига кириб “Каптива” отамни қай ҳолатда уриб юборгани билан қизиқдим. Бирон киши мен кўрдим, фалон ҳолатда содир бўлди демайди. Ким билан гаплашсам, қаттиқ зарба овозини эшитиб ташқарига чиқдик, отангиз йўл ўртасида ётарди. Уни қандай уриб кетганини кўрмадик деб жавоб берарди.
Шунда кўчанинг нариги тарафидаги савдо дўкони пештоқидаги кузатув камерасига кўзим тушди. Дарҳол ўша ёққа бордим ва дўкон эгасидан илтимос қилиб, кадрларни олдим.
Қарасам, отам машина билан бориб йўл четига тўхтаяпти. Сўнг ундан тушиб машина олдида турибди. Турган жойи йўлнинг қатнов қисми эмас. Шу пайтда жуда тез келаётган “Каптива” ўзидан олдинда кетаётган “Жигули”ни ўнг тарафдан қувиб ўтмоқчи бўляпти ва рул чамбарагини сал кўпроқ буриб юборяпти.
Оқибатда машина бошқарувини йўқотиб, йўл четида турган отамни уриб кетяпти. Видеода отам “Каптива” уриб юборгандан сўнг бир неча метрга кўтарилиб, асфалга келиб урилгани кўриниб турганди. “Каптива” ҳайдовчиси тўхтамай кетиб қолган.
Видеонинг давомида ҳодиса жойига дарҳол одамлар тўпланди. Кимдир тез ёрдам машинасини чақирди. Бу орада ЙПХ машинаси келиб тўхтатди.
Ҳайдовчи бу ерда камида иккита қоидабузарлик содир этган, биринчиси – ўнг томондан қувиб ўтган, иккинчиси – тезликни меъёрдан оширганди. Бироқ тезлик қоидасини бузганини видеога қараб белгилаб бўлмасди, экспертиза қилиб аниқлаш мумкин эди.
Дўкон эгасидан илтимос қилиб видеони отамни тез ёрдам машинаси олиб кетган жойгача кўчириб олдим ва терговчининг олдига жўнадим. Бориб унга кадрларни кўрсатдим ва жаҳл устида “Агар шу ишни ёпиб юборадиган бўлсанг, сени ва ҳайдовчини онангдан туғилганингга пушаймон қиламан”, деб чиқиб кетдим.
Шундан сўнг бир ҳафтача тинчлик бўлмади. Тумандаги “оғзи катта, гапи ўтадиган” кимлар бўлса, ҳайдовчи ҳаммасини менга элчи қилиб жўнатди. Ҳатто маҳалладошлар ва қариндошлардан айримлари ҳам ўртага тушишди.
Уларнинг барчаси бир пайтлар ҳайдовчининг отаси гапирган “кечиримли бўлиш, отамнинг тирилиб келмаслиги” каби гапларни айтиб, уни кечиришимни сўрашарди.
Мен “элчилар”нинг барчасига иккита гапни такрорлардим: “Агар отамни уриб юборгандан сўнг қочиб кетмай, уни шифохонага олиб борганда кечирардим. Қочгани учун ҳеч қачон кечирмайман”.
Бир муддат ўтгач ҳайдовчининг отаси келди. Бу сафар бир ўзи эди. Уйга киргач гап бошлади:
“Ўғлим, ҳеч ким бировни уриб юбориб ўлдирай деб машина миниб чиқмайди. Ўғлимнинг айби йўқ демайман, ўтган гал келганимда ҳам унинг Яратганнинг синовидан ўта олмаганини айтгандим. Отангнинг белгилаб берилган ҳаёти шу ёшида тугаши ёзилган экан, ўша иш содир бўлди. Ҳозир ўғлимни қаматсанг ҳам отанг тирилиб келмайди. Шу учун мана буни ол, кам-кўстингга ишлатасан, судда даъвойим йўқ деб айт, илтимос. Ҳозир сен олмасанг, шу пулга бемалол терговчини ва судяни “сотиб” ололаман ва ўғлим жазодан қутулади. Бироқ мен бундай йўлни танламадим ва пулларга улардан кўра сени ҳақлироқ деб ўйладим. Буёғи ўзингга ҳавола”.
Ҳайдовчининг отаси олдимга бир пачка доллар қўйди. Ўша пайтда бир муддат тилим каловланиб қолди. Отахонга нима дейишимни билмасдим. Ўша пайтда унинг ўғлига бўлган нафратим бироз сўниб, ичимда уруш бошланди.
Ярмим “пулни ол” дерди, қолган ярмим “отангнинг ўлигини 10 минг долларга сотасанми?”, деб турарди. Ўйланиб қолганимни кўрган отахон “сукут аломати ризо” қабилида индамай ўрнидан туриб кетди. Пул дастурхон устида қолди.
Шундан сўнг амакимнинг олдига жўнадим ва отахон билан бўлган ишни айтиб бердим. Амаким шундай деди:
“Сен отангдан айрилган бўлсанг, мен жигаримдан айрилдим. Сени билмадим-у, мен уни кечирмайман. Чунки у ҳозир жазосиз қолса, эртага шу ишни такрорлаши ва бошқа бировнинг умрига зомин бўлиши мумкин. Шу учун ҳар қандай ҳолатда айбдор жазоланиши тарафдориман. Сенга маслаҳатим, агар ўша йигитни кечирмоқчи бўлсанг пулни олмасдан кечир. Кечирмоқчи бўлмасанг ҳам ўзинг биласан. Агар пулларни олсанг ва кечирсанг, бошинг бир умр таънадан чиқмайди. Ҳамма “Мана бу одам отасининг ўлигини сотганди”, деб бир умр гапиради. Шунга ўйлаб иш қил”.
Амакимнинг олдидан чиқдим ва ўйлаб-ўйлаб пулларни олиб, ҳайдовчини кечиришга қарор қилдим. Лекин бу ҳақда ҳеч кимга индамадим ва қароримни судда айтдим.
Йигит айбдор бўлса-да, етказилган зарарларни қоплагани ва менинг унга даъвойим йўқлиги учун қамалмади. Фақат ҳайдовчилик гувоҳномасини икки йилга олиб қўйишди.
Суд залидан чиққанимиздан сўнг амаким “пулларни қайтариб бердингми?” деб сўради, йўқ девдим, бошини чайқаб, афсус деганча нари кетди.
Мана ҳозир ўша воқеаларга ҳам 10 йилдан ошди. Ўшандан буён маҳаллада бош кўтариб юра олмайман, дўстларим даврасига киришга бетим йўқ. Баъзилар орқаваротдан, бошқалари ўзимга эшиттириб “отасининг ўлигини сотган шу йигитми?” дейишади.
Ўшанда амакимнинг гапини олмаганимга жуда афсусланаман, бироқ энди кеч. Ҳатто олган пулларимни қайтариб берсам ҳам бунга ҳеч кимни ишонтира олмайман. Бу тавқи лаънатни бир умр кўтариб ўтсам керак.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
13:27 / 03.10.2024
«Дўстимнинг ўлимига сабабчи бўлганман» – «авария» содир этган йигитнинг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
18:30 / 01.10.2024
“Киевда танишганмиз” — 75 ёшида инглиз тилида гаплаша оладиган нуронийлар ҳикояси
18:18 / 20.09.2024
Она дуосини олмаган кишининг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
13:43 / 12.09.2024