Жаҳон | 13:09 / 28.11.2022
49227
9 дақиқада ўқилади

Японлар нега ҳамма жойни тозалаб юришади?

Спорт мусобақаларидан кейин японияликлар трибуналарни тозалаб, чиқиндиларни олиб кетишгани, футболчилар, спортчилар эса кийим алмаштириш хонасини йиғиштириб, мезбонларга миннатдорчилик хатини қолдиришгани ҳолатлари тез-тез учраб туради. Нега шундай?

Фото: Getty Images

Қатарда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионати ҳам истисно бўлмади. Япониялик мухлислар Германия устидан қозонилган ғалабадан сўнг трибунани тозалаб, чиқиндиларни йиғиштириб кетишди. «Биз японмиз, шунинг учун чиқинди қолдирмаймиз. Биз бу жойни ҳурмат қиламиз», деди мухлислардан бири.

Бундай мисоллар тез тарқалади ва дунёни ҳайратда қолдиради, гарчи японлар учун атрофни тозалаш ва саранжомлик ғайриоддий ҳодиса бўлмаса-да. Улар атроф-муҳит озодалигини жуда ҳурмат қилишади.

Озодалик маданияти японлар онгига сингиб кетган

Япон дунёқарашида муҳим ўринни покланиш эгаллайди: озодалик яхши, ифлослик – ёмон. Покликка қарама-қарши томонда «кегаре» туради – у ўлим, касаллик ва ҳаётнинг бошқа нохуш ҳодисаларини ўз ичига олади. Уларнинг олдини олиш учун японлар руҳий ва жисмоний покланишни муҳим деб ҳисоблашади.

The New Yorker нашрининг ёзишича, тозалаш ва озодалик маданияти «Энгишики» китоби билан боғлиқ. У 927 йилда ёзилган бўлиб, Япония императори фармонлари ва қонунчилик кодексидан иборат. Китобда Киотодаги император саройини ҳар йили тозалаш мажбурияти таъкидланган, бу маросим диний маънога эга: янги йилдан олдин ёвуз руҳлар ва омадсизликлар шу тарзда ҳайдалган. XIII асрдан бошлаб, бу одат ибодатхоналар ва зиёратгоҳларга ҳам жорий қилинди. Шундан сўнг, аҳоли орасида ҳам тарқалди.

Япония маданиятида жамият уйғунлигига катта эътибор берилади. Бу миллий хусусиятдир. Атроф-муҳитни тоза сақлаш тана ва руҳни тоза сақлашга тенглаштирилади.

Японлар кичиклигидан тоза юришга одатланган, ота-оналар эса боғчалардан болаларининг ифлос тагликларни олиб кетишади

Тозалаш – мактабдаги ўқув жараёнининг бир қисмидир. Болалар бу билан олти-етти ёшдан, биринчи синфга борганидан бошлаб шуғулланади. Синфни тозалаш улар томонидан жазо сифатида қабул қилинмайди, балки ўйин форматини олади ва одатга айланади. Бу одат уйда ҳам тозалик ва тартибни сақлашни талаб қиладиган ота-оналарнинг таъсири билан мустаҳкамланади. Шу тариқа, бола япон жамиятига интеграциялашиб, ўзида масъулият ва ўзаро ёрдам туйғусини ривожлантиради.

Тозалаш болаларга бутун мактаб даврида ҳамроҳ бўлади. Бошланғич синф ўқувчиларига юқори синф ўқувчилари ёрдам берса, ҳожатхоналарни тозалаш, таъмирлаш ишлари мутахассислар томонидан амалга оширилади. Тозалаш учун уйда бўлгани каби чангютгич эмас, балки супурги ва ҳокандоз ишлатилади. Ёзувчи Ютака Окиҳара «Мактабни тозалаш» китобида ёндашувни шундай ифодалаган: «Ҳар қандай иш, ҳатто ифлосликларни тозалаш ҳам ўқувчи учун жуда паст иш ҳисобланмайди. Мактабни озода сақлаш ҳар кимнинг бурчидир».

Япония мактабида таълим олган журналист Ҳироко Йода тозалаш жараёни ҳақида шундай дейди: «Ҳар куни дарс тугагач, биз бир неча гуруҳларга бўлиниб, навбатма-навбат парталарни артиб, полни супуриб, чиқиндиларни йиғиб чиқардик».

2007 йилда Японияга кўчиб ўтган ёзувчи Даниэл Деметриу шундай ёзади: «Боғчаларда ота-оналарга (ўзимга ҳам) болалари томонидан кун давомида ишлатилган тагликларни («памперслар») эҳтиёткорлик билан пакетларга ўраб, уйга бериб юборишади. Ота-оналар уларни уйда чиқинди қутисига ташлашади. Яқинда биринчи синфга борган 6 ёшли болам учун спорт тўплами, қалам қутилари билан бир қаторда, идиш-товоқ артадиган салфеткаларини ҳам сотиб олдим. Барча болалар биринчи кундан бошлаб синфни ва овқат қолдиқларини яхшилаб тозалашга ўргатилади».

«Бу ишлар фалсафа даражасида жиддий эмас», дейди япон мактаби ўқитувчиларидан бири. «Биз болаларга шуни ўргатмоқчимизки, агар бирор нарсадан фойдаланса ёки маълум бир жойда вақт ўтказса, хоҳ у синфда, хоҳ уйида бўладими, ҳамма нарсани ўзи тозалаши керак. Бу бизнинг одатимиз, бу биз учун табиийдир».

Япония кўчаларида чиқиндилар учун шаффоф қутилар бор, ит эгалари чиқиндини уйига олиб кетишади ва ҳожатхонага ташлашади

XVIII-XIX асрларда Японияга борган европаликлар кўчалар тозалигига ва японларнинг саранжомликка интилувчанлигига эътибор қаратишган. Bloomberg ҳисоб-китобига кўра, Японияда аҳоли жон бошига Америкадагига қараганда икки баравар кам маиший чиқинди тўғри келади. Чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича японлар америкаликлар ва инглизлардан олдинда туради. Бунга чиқинди полигонлари учун ер майдони етишмаслиги ҳам таъсир қилади.

Ёзувчи Даниэл Деметриу Токиони дунёдаги энг тоза шаҳарлардан бири деб ҳисоблайди. У шаҳарда 14 миллион киши истиқомат қилишига қарамай, аэропортлар, вокзаллар ва кўчалардаги озодаликни таъкидлайди: «Ҳатто юқори технологияли жамоат ҳожатхоналарида ҳам саранжомлик бор, камдан кам ҳолларда қоғоз йўқлигини кўриш мумкин».

Япония кўчаларида чиқиндилар ва чиқинди ташлайдиган қутилар деярли йўқ. 1995 йилда Токио метросига кимёвий қурол ёрдамида ҳужум қилинганидан кейин чиқинди қутилари сони камайтирилди. Унда 12 киши ҳалок бўлган ва бир неча минг киши заҳарланган эди. Шундан сўнг, темирйўл вокзаллари ва бошқа жамоат жойларидаги қутилар йўқолди, чунки улар янги ҳужумларни амалга оширишнинг қулай усули сифатида қабул қилинди.

Аммо катта сайёҳлик оқими туфайли Япония аста-секин кўчаларда чиқинди қутиларидан фойдаланишга қайтди. Энди кўплаб чиқинди қутилари шаффоф ва улар метро станцияларида назоратга олинган.

Чиқинди қутилари йўқлиги кўчалардаги чиқинди миқдорига таъсир қилмади. Японлар шунчаки чиқиндиларни уйига олиб кетишади ёки бунга мослаштирилган жойларга ташлашади. Ушбу амалиёт итлари билан сайр қиладиган одамларга ҳам тааллуқли.

The Washington Post мухбири Саймон Дениер шундай ёзган: «Ит эгалари ҳар доим, истисносиз, кўчада итининг нажасини тозалайди, сийдигини эса пластик идишда олиб юриладиган сув билан ювиб ташлайди. Нажасни пластик пакетга солиб, уйига олиб бориб, унитазга оқизиб юборади».

Японлар жамоат ҳожатхоналарида шиппак кияди, такси ҳайдовчилари қўлқопда, касал одамлар эса ниқобда юради

Японияда озодаликка эътибор кундалик ҳаётнинг кўплаб соҳаларини қамраб олади. Токиода 15 йилдан ортиқ яшаб келаётган журналист Юрий Синалеев уйлардаги ичимлик суви сифатига эътибор қаратди:

«Уни қўрқмасдан ичиш мумкин. Бир вақтлар Токио мэрияси ташаббуси билан сув ҳатто пластик бутилкаларда рамзий ҳақ эвазига сотилган. Шунингдек, махсус акция ўтказилиб, аҳолига текин пластик стаканлар юборилган, жўмракдан олинган сувни ичишдан қўрқмасликка чақирилган. 2011 йил март ойидаги ҳалокатли зилзиладан кейин, акция маълум муддатга тўхтатилди, бироқ ўшанда ҳам сувнинг сифати ҳеч қандай ташвиш туғдирмади».

Ёзувчи Юлия Андреева шундай ёзади: «Таксиларда ўриндиқларга оқ чехол кийдирилган бўлади, ҳайдовчилар тоза оқ қўлқоп кийишади. Сайловолди кампаниялари пайтида сиёсатчилар автобусларга ўтириб, кўчалар бўйлаб оқ қўлқопда ташвиқот ўтказишади».

Японлар европаликларнинг компютеридан жирканади, чунки биз улардан фарқли ўлароқ, сичқонча ва клавиатурани дезинфексия қилишга эътибор қаратмаймиз. Японлар уйида, ресторанда ёки меҳмонхонада ҳожатхонага бориш учун алоҳида махсус шиппак кияди.

Ўқувчилар мактабда пойабзалини ечиб қўйишади ва бошқа оёқ кийимини кийишади. Томошабинлар театрда оёқ кийимини алмаштиришади. Уйга чақирилган усталар остонада пойабзалини ечиб киришади.

Александр Прасол «Япония. Давр юзи» китобида хонага киришдан олдин пойабзални ечиш – стандарт жараён эканини ёзади: «Ички ва ташқи макон ўртасидаги чегарани белгилаш учун пол йигирма-ўттиз сантиметрга кўтарилган ҳолда бўлади».

Агар япониялик шамоллаб қолса, бошқаларга юқтирмаслик учун жамоат жойларида тиббий ниқоб тақиб юради.

Ёзувчи Даниэл Деметриу шундай таъкидлайди: «Японияда жамият уйғунлигига беғараз ҳурмат – миллий белги ҳисобланади. Бу унинг ўта пунктуаллиги ва жуда таъсирли меҳмондўстлигида ўз аксини топади».

Мавзуга оид