Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рекламаларни давлат тилида эълон қилиш талаби қўйилади
Ўзбекистонда рекламаларни давлат тилида бериш қатъий белгиланиши кутилмоқда. Қонунчилик палатаси қабул қилган қонунга биноан, давлат тилидаги реклама бошқа тилларда ҳам айнан қайтарилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори Элмурод Ҳайитметов “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири юзасидан маълумот берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, айни дамда Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқиш учун тайёрланаётган қонунда бир қатор янгиликлар назарда тутилган.
“Шу пайтга қадар амалдаги қонунимизда реклама тилига бўлган талаб мавжуд эмасди. Яъни реклама уни берувчининг хоҳишига кўра, исталган тилда берилиши мумкин эди. Эндиликда рекламани дастлаб давлат тилида бериш қатъий белгиланяпти ва реклама берувчининг ихтиёрига кўра, бошқа тилларда ҳам айнан қайтарилиши мумкин”, – дейди агентлик директори.

Шунингдек, қонунда вояга етмаганларни рекламанинг салбий таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган нормалар ҳам мавжуд.
“Вояга етмаганларни хавфли вазиятларда кўрсатиш тақиқланмоқда. Рекламаларда вояга етмаганларнинг кескин жароҳат олиши мумкин бўлган ҳолатда маҳсулотларни реклама қилиш, реклама қилинаётган маҳсулотга эга бўлмаслик унинг тенгдошлари ва жамоатчилик орасида камситилишига олиб келиши ҳақидаги тасаввурни шакллантириш, кундалик овқатлантиришлар сонини кўпайтиришни ёки асосий озиқ-овқатларни енгил озиқ-овқатлар, қандолат маҳсулотлари ва бошқалар билан алмаштиришни рағбатлантирувчи рекламага йўл қўйилмайди.
Шунингдек, айрим маҳсулотлар рекламаси тегишли огоҳлантириш ва қўшимча ахборотларни илова қилган ҳолда амалга оширилиши талаби белгиланмоқда. Хусусан, дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар, энергетик ичимликлар, халқ табобати, лотерея рекламаларига уларнинг хавфи, таъсири тўғрисида қатъий огоҳлантиришлар бериб бориш талаби қўйилмоқда”, – деди Элмурод Ҳайитметов.

Унинг қўшимча қилишича, кўплаб истеъмолчиларнинг шикоятлари инобатга олиниб, уяли алоқа компаниялари томонидан фойдаланувчиларнинг розилигисиз уяли алоқа воситаларига турли рекламалар жўнатилиши ҳам тақиқланмоқда.
Мавзуга оид
11:02 / 21.01.2026
Тошкентда ҳинд тилидаги реклама ноқонуний ўрнатилгани аниқланди
22:42 / 18.01.2026
ChatGPT’да реклама пайдо бўлади
15:48 / 12.01.2026
Аэропорт, вокзал ва автостанция номлари давлат тили қоидаларига мослаштирилади
09:38 / 06.01.2026