Жамоатчилик муҳокамаси портали Адлия вазирлигига ўтган. Вазир кутилаётган ўзгаришлар ҳақида гапирди
Адлия вазири Regulation.gov.uz портали буткул янгиланишини маълум қилиб, амалга ошириладиган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамасида кузатилган қатор камчиликлар туфайли Regulation.gov.uz портали Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилган. Бу ҳақда Адлия вазири Русланбек Давлетов журналист ва блогерлар билан учрашувда маълум қилди.
Учрашувда муҳокамага қўйилаётган қонун ҳужжатларининг тили жуда мураккаб экани, кўп ҳолларда қабул қилинадиган қонун ҳужжати билан амалда нималар ўзгаришини кўп ҳолларда тушуниб бўлмаслиги, айрим ҳолларда ҳужжатлар «жамоатчилик муҳокамасига қўйилди» деган қайд учунгина номига порталга жойланаётгани айтилди.
Хусусан, стипендия масаласидаги ҳужжат жамоатчилик норозилигига сабаб бўлган, кўплаб таклиф-мулоҳазалар билдирилган бўлса-да, ҳозиргача ушбу таклифларнинг қайсилари инобатга олингани, қайсилари рад этилгани ҳалигача очиқланмаётгани билдирилди.
«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамасида муаммолар бўлаётгани учун яқинда Regulation.gov.uz сайтига раҳбарлик қилиш вазифаси Адлия вазирлигига топширилган. Чиндан ҳам қайсидир қонун ҳужжатига ўзгартириш ё қўшимча киритилаётганда, айнан нима ўзгараётганини тушуниш жуда қийин. Масалан, қайсидир модданинг фалон бандидаги қайсидир сўзлар мана бу сўзларга алмаштирилсин деб ёзилади одатда. Уни ўқиган одамда олдин қанақа эди бу ҳужжат, нега ўзгаряпти, энди нима бўлади, деган саволлар туғилиши табиий.
Шунинг учун биз яқинда таҳлилий маълумотлар беришни мажбурий қилиб қўймоқчимиз. Бунинг учун платформамиз тайёр бўлиши керак. Regulation.gov.uz портали буткул янгиланади. Бу бўйича иш олиб бориляпти», дея Русланбек Давлетовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Вазирнинг сўзларига кўра янгиланаётган порталда қабул қилинаётган қонунлар жадвал шаклида берилади, фойдаланувчи ундан ҳужжатнинг аввалги ҳолати ва қабул қилингандан сўнг нима ўзгарганини кўриб туради.
«Ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси бўйича нечта таклиф ёки эътироз келиб тушгани, уларнинг қанчаси инобатга олингани, қанчаси нима учун инобатга олинмагани ҳам жадвал кўринишида оммага тақдим этилади. Эртага ҳужжат қабул қилиниб, ҳуқуқий экпертизадан ўтказиш учун адлия вазирлигига келганидан сўнг ана шу нарсаларни талаб қиламиз.
Муҳокамага қўйилаётган қонун лойиҳалари бўйича Бош вазир ҳар доим раёсат йиғилишида муҳокама давомида қанча таклиф келиб тушгани, шундан қанчаси қонун ҳужжатида акс этгани, шундан энг аҳамиятлилари қайсилар деб сўрайди. Фақат битта нарсани айтишим керак, жамоатчилик назорати бўйича қонунга кўра ҳам қайсидир таклифни олиш мумкин эмас. Нимага олмаганини тушунтириб беролса бўлди. Инобатга олинган бўлса, нимага инобатга олинганини ёзиб қўйиш керак. Бугунги кунда шу нарсани барча идоралардан талаб қиляпмиз», дейди Руслан Давлетов.
Мавзуга оид

16:09 / 18.03.2025
Адлия вазирига янги ўринбосар тайинланди

16:18 / 07.03.2025
Худоёр Мелиев адлия вазири ўринбосари лавозимидан кетди

12:29 / 28.01.2025
НҲҲ лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаси бўйича топшириқ бажариляптими?

21:06 / 06.01.2025