Ўзбекистон | 11:34 / 18.05.2024
8040
8 дақиқада ўқилади

Болани давлат боғчасига жойлаш учун йиллаб навбат кутиладими? – соҳа масъули изоҳ берди

Аҳоли орасида “бола туғилдими, зудлик билан боғчага навбатга қўйиш керак” деган тасаввур шаклланиб қолган. Бунинг сабаби эса оддий - талаб юқори, боғчалар ва ундаги ўринлар сони чекланган. Вазирлик масъулининг тушунтиришича, навбат қачон келишини олдиндан айтиш қийин, муассасалар қуввати ва навбатлари сони турлича. Kun.uz мухбири Мактабгача таълим агентлиги бўлим бошлиғи Анвар Жўраев билан давлат боғчаларига йиллаб кутиладиган навбатлар ҳақида суҳбатлашди.

2018 йил апрел ойидан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан давлат боғчаларидаги бўш жойларнинг электрон ҳисобини юритиш, болаларни ташкилотларга қабул қилиш учун электрон навбатни шакллантириш ва йўлланмаларни расмийлаштириш махсус ахборот тизимида амалга оширилиши белгиланганди. Бугунги кунга келиб, бу тизим орқали минглаб болалар боғчаларга навбатга қўйилмоқда.

Хўш, бу жараён қандай кечади, ўртача ҳисобда боланинг боғчага чиқиш навбати қанчада келади, нима сабаб ота-оналар йиллаб навбат кутишга мажбур бўляпти? Шу каби саволларимизга Мактабгача таълим агентлигининг ахборот хавфсизлиги ва рақамлаштириш бўлими бошлиғи Анвар Жўраев жавоб берди.

Боланинг боғчага навбатга қўйилиши қандай кечади?

Мактабгача таълим ташкилотига фарзандини жойлаштирмоқчи бўлган ота-оналар давлат хизматлари маркази ёки электрон шаклда my.gov.uz сайтлари орқали навбатга қўйишлари мумкин, ҳамма аризалар электрон тарзда берилади. Бунда навбатлар боланинг ёши ва ариза берилган санага мувофиқ шакллантирилади. Соддароқ тушунтирсак, ариза берганда бир нечта ҳолатларни кўриш мумкин.

Биринчиси, санасига мувофиқ. Айтайлик, ота-она бирор боғчага болани навбатга қўйган бўлса, бугунги кунда 100-ўринда туриши мумкин. Лекин шу ўринда тургани билан ундан аввал ариза берганларнинг ёши турлича бўлади. Яъни қайсидир ота-она болани 1 ёшлигида, яна қайсидири 4 ёки 5 ёшлигида навбатга қўйган бўлади.

Бунда ариза берилганда ота-онага 2 та навбат кўринади. Дастлабкиси ариза санаси билан 100-навбат бўлса, бундан ташқари ёши бўйича ҳам навбати шаклланади. Жараёнда ёшига доир гуруҳлар шаклланади, шунга қараб ўзининг навбати бўлади. Ёши мувофиқ бўш жой бўлсагина, фарзанднинг боғчага чиқишига йўлланма юборилади.

Электрон навбатнинг шаклланиши ҳам айнан шу шаффофликни таъминлаш мақсадида қилинган. Бунда Мактабгача таълим агентлигининг махсус платформаси бор. Бу платформа орқали ҳар бир ота-она фарзандининг навбатини реал режимда кузатиб бориши мумкин. Нафақат ўзининг, балки бутун республика бўйича жойлашган боғчаларига берилган аризалар ҳолатини ҳам кўришига имконият бор. Бу ота-оналар учун жуда қулай. Яъни фарзандини навбатга қўйишдан аввал ушбу мактабгача таълим ташкилотининг бўш ўринлари ёки навбатлар сонини ҳам кузатиб бориши мумкин.

Бир боланинг навбати ўртача қанча вақтда келади?

Буни бирор бир боғча мисолида айтиш тўғри бўлади. Чунки мактабгача таълим ташкилотида навбатлар, уларнинг қуввати турлича. Айтайлик, 120 нафарлик қувватга эга боғча бўлса, бунда гуруҳлар сони 4 та бўлади. Ота-она фарзандини у мактаб ёшига етганидан кейин ёки бошқа манзилга кўчгач боғчадан олиши мумкин. Асосан бир ота-она фарзандини мактабгача таълим ташкилотига жойлаштиргандан кейин токи мактабга чиққунича шу боғчада таҳсил олади.

Энди 120 нафар бола таълим оладиган боғча деб олсак, ҳар 3, 4, 5 ёшдаги гуруҳлар биттадан шаклланган бўлади. Агар ҳар бир гуруҳнинг қуввати 30 ўринли деб тасаввур қиладиган бўлсак, бир йилда 30 та бола мактабга чиқиб кетади дегани. Яъни мактабга тайёрлов гуруҳидаги болаларимиз мактабга чиқади, тайёрлов гуруҳидаги болаларнинг бўшаган ўрни учун бошқа болалар қабул қилинади. 120 ўринли боғчадан мисол келтирадиган бўлсак, болаларнинг мактабга чиқиши туфайли бир гуруҳ бўшайди, бу асосан ёз ойларига тўғри келади.

Умумий ҳисобда бунинг статистикасини юритиш имкони йўқ, чунки қайсидир боғчанинг тайёрлов гуруҳлари 3 ёки 4 та бўладиган бўлса, қайсидир боғчаларда 1 та бўлади. Бу қабул қилинадиган болалар сони турлича бўлади дегани.

Ҳозирда навбат кутаётган болалар сони қанча?

Ҳар бир мактабгача таълим ташкилотига умумий навбатлар юритилади, ҳозирги кунда фарзанд туғилганда ФҲДЁ органларидан навбатга қўйиш йўлга қўйилган. Энди биз умумий навбатлар сонини олсак ҳам унинг 40-50 фоизи ҳали мактабгача таълим ташкилоти ёшига етмаган бўлади. Чунки ФҲДЁ органларида нол ёшдан навбатга қўйиб кетиляпти. У 3 ёшга етмагунга қадар барибир йўлланма шаклланмайди, чунки мактабгача таълим ташкилотига қабул қилиш 3 ёшдан деб белгиланган.

Қўшимча сифатида айтмоқчиман, биз умумий навбат деб олганимиз билан бу аниқ боғчага жойлаштирмоқчи бўлганлик сонини бермаслиги мумкин. Чунки бир болани 3 тагача боғчага навбатга қўйиш мумкин. Бола аслида битта, лекин у 3 тагача МТТда навбатда туради. Ота-оналар ўзларига яқин бўлган 3 тагача МТТга навбатга қўяди, қайси боғчага йўлланма шаклланадиган бўлса, уларда шу боғчага жойлаштириш ҳуқуқи бор.

Йўлланма шаклланиб, шу асосда бола боғчага қабул қилинса, қолган навбатлар автоматик тарзда ўчирилади. Чунки бола боғчага жойлашди, қолган МТТдаги навбатлар сунъий ошиб кетишининг олди олиниши учун бу навбат автоматик ўчирилади. Агар айтайлик, 3 тагача боғчага навбатга қўйган, шулардан бирига йўлланма ҳам шаклланган, лекин ота-она бу боғчага фарзандининг қабул қилиниши юзасидан мурожаат қилмаган бўлса ва бола ростан ҳам қабул қилинмаган бўлса, қолган йўлланмалар ўз кучида қолади.

Ота-она йўлланма олгач, 15 иш кунида боғча мурожаат қилса, бола боғчага қабул қилинади. Агар 15 иш кунидан ортса, бу йўлланма ўз кучини йўқотади, ҳақиқий деб ҳисобланмайди. Ота-она шу боғчага боласини қўймоқчи бўлса, қайта навбатга қўйиши керак бўлади. Бу 15 иш куни дейиляпти, лекин календар куни билан 20 кун бўлади, чунки шанба ва якшанба дам олиш кунлари, қолаверса, байрам кунлари ҳисобга олинмайди.

Нима сабаб навбати келиб, болалар боғчага қабул қилинмай қолади?

Ота-оналарнинг йўлланма юборилган бўлса ҳам, МТТга мурожаат қилмагани таҳлил қилинган. Бу борада бир нечта асослар бор. Фарзандини бу боғчага жойлаштирмасдан, қолган навбатларини кутиш ҳолати бор. Яна бири маълум бир даврда шу МТТга жойлаштириш учун ариза берган, лекин яшаш манзили ўзгаргани ҳисобига бу аризага эҳтиёжи қолмаган ҳолатлари бор.

Агар боғчага қабул қилиш бўйича ариза берилиб, бугунги кун ҳолатида бунга эҳтиёжи бўлмаса, ота-оналар истаган вақтида бу аризани ўзлари рад қилишлари мумкин. Бунинг учун my.gov.uz сайтига кириб, ариза рақами терилади ва бекор қилиш тугмаси босилади.

Агентлик томонидан талаб юқори, имконияти бор боғчаларнинг қуввати 35 тагача (бир гуруҳ учун максимал шарт 30 нафар) қилиб қўйиш ҳолатлари ҳам мавжуд. Талаб юқори боғчаларимиз бор, уларда ҳақиқатан ота-оналар йиллар давомида кутган ҳолатларини ҳам кузатишимиз мумкин. Бу ерда ота-оналардан ҳам илтимос қилган бўлардик, мисол учун, кўпчилик билади, биринчидан яшаш ҳудудига яқин боғчалар танланади, иккинчидан катта фарзанди шу боғчага борган, ота-она педагог ходимларини танийдиган ва кичик фарзандини ҳам шу боғчага беришни исташ ҳолатлари бўлиши мумкин.

Аслида шу ҳудудга яқин бошқа боғчаларимиз ҳам бор бўлади. Мисол учун, 2 та бир-бирига яқин боғчаларни оладиган бўлсак, баъзиларида юзлаб навбатлар бўлса, ёнидаги бошқа боғчалардаги навбат бундай бўлмаслиги мумкин. Бугунги кунда МТТда таълим жараёнлари бир стандарт асосида амалга оширилгани, бир хил ўқув дастурлари бўлгани учун қайсидир боғчага ойлаб навбат кутишдан кўра, фарзандларини навбати тез келадиган ёки бўш боғчага берганлари маъқул.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Тасвирчи Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид