Жаҳон | 17:15 / 17.05.2022
45533
9 дақиқада ўқилади

Украина армияси Харковда Россия чегарасига чиқди. Бу фронтда нимани англатади?

Украина ҳарбийлари Харков областидан рус қўшинларини сиқиб чиқармоқда. Ғарб экспертлари аввалроқ Россия амалда Харков учун жангни ютқазганини айтишганди. Энди эса Украина қуролли кучлари батальонларидан бири Россия билан чегарага етиб боргани хабар қилинди. Бу ўзгаришлар фронт учун нимани англатади?

Фото: Reuters

Якшанба куни Украина мудофаа вазирлиги фейсбукдаги саҳифасида Харковдаги мудофаа кучлари 127-бригадасининг 227-батальони Россия қўшинларини тор-мор этиб, Россия билан давлат чегарасигача етиб келгани ҳақида хабар берди.

Украиналик жангчиларнинг президент Володимир Зеленскийга йўллаган видеомурожаатида жангчилар чегара устунини олиб келиб ўрнатаётгани ҳам акс этган.

«Биз етдик, жаноб президент, биз шу ердамиз! Чегарачилар ҳам биз билан... Жаноб президент, биз етдик!» - дейишади видеодаги ҳарбийлар.

Россия мудофаа вазирлиги Харковдаги ҳарбий ҳаракатлар ҳақида сўнгги бор 13 майда эслаб ўтган. Ўшанда вазирлик «украинларнинг иккита «Град» бараварига ўт очиш реактив тизими» ҳамда «АҚШда ишлаб чиқарилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими» йўқ қилингани айтилганди.

Ўтган шанбада Харков мэри Игор Терехов BBC билан суҳбатда россиялик ҳарбийлар Украинадаги иккинчи йирик шаҳар атрофидан кетаётганини маълум қилди. Харков области маъмурияти раҳбари Олег Синегубов ўшанда сўнгги беш кун давомида Харков ўққа тутилмаётгани, аммо региондаги бошқа шаҳарларга зарбалар берилиши давом этаётганини билдирганди.

Америкадаги Урушларни тадқиқ қилиш институти (ISW) 13 май куни эълон қилинган тадқиқотида россиялик ҳарбийлар катта эҳтимол билан Харков атрофидаги барча позицияларини ташлаб кетишга қарор қилгани ҳақида маълум қилди.

Бунга сабаб - украин армиясининг муваффақиятли қарши ҳужуми ва Россия қўшинларига қўшимча кучлар етказиб беришдаги муаммолар.

Россия армияси чекинмоқдами?

Америкадаги Урушларни тадқиқ қилиш институти таҳлилчиларига кўра, Россия қўшинлари энди Донецкдан Изюмга қадар ҳудуддаги Украина армиясини қуршовга олиш бўйича режадан воз кечган ва энди кўп эҳтимол билан асосий эътиборни Луганск областини тўлиқ эгаллашга қаратади.

Бу Россия кучларига диққатни янада торроқ секторга жамлаш имконини беради ва улар ушбу участкада ҳал қилувчи устунликка эришишга ҳаракат қилишади. Бу ҳолда россияликларнинг ҳужумларидаги асосий мақсадлар Луганск областининг Украина назоратида қолган қисмининг маъмурий маркази ҳисобланган Северодонецк шаҳри ва Украина кучларининг таъминотига путур етказиш ҳисобланади.

Исроиллик ҳарбий эксперт Давид Гендельманнинг BBC рус хизматига айтишича, Харков ҳудудидаги муваффақиятлар нафақат украин ҳарбийларининг ҳаракатлари, балки Россия армиясининг фронт чизиғини қисқартиришга бўлган умумий истаги билан ҳам боғлиқдир.

«Украинларнинг Харковдаги ҳаракатларига келсак, у ерда кенг кўламли қарши ҳужум эмас, балки кичик тактик ҳаракатлар юз бермоқда. У ердаги россияликлар, афтидан, Чернигов ва Суми областларидаги каби ҳаракат қилишга қарор қилишган. Улар шунчаки ўз қисмларини бу ҳудудлардан олиб кетишмоқда.

Аммо Харков йўналишидаги гуруҳлаш шусиз ҳам катта эмасди. Бешта батальон-тактик гуруҳлари ва бу у қадар кўп эмас. Ташқаридан қаралса, улар шунчаки фронт чизиғини қисқартиришга ҳаракат қилишмоқда. Аммо Харковдан жуда узоққа чекинмаслик керак, чунки бу Россия армиясининг Изюм йўналишидаги гуруҳининг қанотини зарба остида қолдиради», дея қайд этади исроиллик эксперт. 

Бундан ташқари, Foreign Policy журналисти Жек Детчнинг твиттерда ёзишича, Пентагон томонидан Украина армиясига етказиб берилган М777 гаубицалари (ҳозиргача бундай қуроллардан 74 таси Украина армияси ихтиёрида) босқинчиларга қарши муваффақиятли қўлланмоқда ва айнан шу қуроллардан Харков атрофидаги россияликлар позицияларига самарали зарбалар берилган.

Илья Барабанов, BBC корреспонденти:

Украина армияси фронт чизиғини Харковдан узоқлаштиришда давом этмоқда, шундай экан, шаҳарда жамоат транспорти фаолиятини тиклаш мумкин бўлади. Россия ҳарбийлари ҳали ҳам  Волчанск ва Купянск каби чегарадаги шаҳарларда ушлаб турилибди, аммо Харков атрофида рус ҳарбийлари қолмаган.

Луганскдан келган видеороликларга кўра, Россия армияси Казачья Лопань, Стрелечья ёки Липци каби посёлкалардан чекиниш вақтида «ЛХР»да ҳарбий ҳаракатлар учун сафарбар этилган ҳарбий хизматчилар эвакуацияси ҳақида қайғурмаган.

Сафарбар этилган луганскликлар Россия позицияларини мустаҳкамлашда фойдаланилганди, аммо энди улар чегарадаги Нехотеевка назорат-ўтказиш пункти яқинидаги «бетараф полоса»да қолиб кетишган, россиялик чегарачилар уларни чегарадан ўтказмаяпти.

Бу ҳарбийларнинг қариндошлари «республика» раҳбариятига мурожаат қилиб, яқинлари Россия ҳудуди орқали Луганскка қайтишини таъминлашга ҳаракат қилмоқда, акс ҳолда улар Украина қуролли кучларига таслим бўлишларига тўғри келади.

Ҳудудлар ёппасига ўққа тутилмоқда

Одесса области бўйлаб ракета зарбалари оқибатлари

Душанба куни Одесса областидаги Белгород-Днестровск районидаги туристик инфратузилма объектларига ракета зарбалари берилди. Натижада тўрт киши оғир тан жароҳатлари олган, улар орасида олти ёшли қизча ҳам бор.

Украина бош прокурори офиси маълумотига кўра, иккита дам олиш маскани бинолари ва 15 дан ортиқ уч шикастланган. Ҳудуддаги ҳарбий объектлар ҳужумга учрамаган.

Россия артиллерияси шу куни Северодонецк ва Лисичанскка ҳам артиллерия зарбалари йўллади, натижада камида 10 киши ҳалок бўлган.

«Северодонецк жуда кучли зарбаларни бошдан кечирди. Шикастланган уйлар миқдори ҳали ҳисоблаб чиқилгани йўқ. Қутқарувчилар маҳаллий илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси омборхонаси биносидаги ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлишди. Лисичанскда душманнинг зарбалари оқибатида турар жойлар фондида ёнғин юзага келган», дея хабар қолдирган телеграм-каналида Луганск области раҳбари Сергей Гайдай.

Херсонда гуманитар инқироз бошланмоқда

Фото: JOHN MOORE

Бу ҳақда душанба куни Украина омбудсмани Людмила Денисова маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, оккупация қилинган Херсон областида Украина назоратидаги ҳудудга ўтиш ва умуман област ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш имкониятидан маҳрум бўлган 500 минг киши қолмоқда.

Шаҳар мэри Игор Колихаев Херсонда дори-дармон захираси икки ҳафтадан кейин тугашини маълум қилган. Ҳозирданоқ томизгич учун суюқлик тугаган, юрак-қон томир препаратлари тугамоқда, шифохоналарда кислород етишмайди.

Украина томони россиялик ҳарбийлар гуманитар ёрдам олиб ўтмоқчи бўлган кўнгиллиларни ўтказмаётгани ва гуманитар юкларни талаётгани, маҳаллий аҳолига эса муддати ўтган дори-дармон ва озиқ-овқат тарқатилаётганини маълум қилмоқда.

НАТОнинг кенгайиши ва Кремлнинг реакцияси

Финландия ортидан Швеция ҳам НАТОга аъзо бўлиш тўғрисида мурожаат қилишга қарор қилди. Швеция альянсга кирмоқчилиги ҳақида ўтган ҳафта охирига келиб маълум бўлган, душанба куни Швеция бош вазири Магдалена Андерссон расман баёнот берганди. 

Андерссоннинг сўзларига кўра, айни вақтда Швецияга муайян ҳарбий таҳдид мавжуд эмас, аммо ҳукумат бу мурожаат кўриб чиқилиши даврида ташқи хавф қаршисида ожиз қолиши мумкинлигини инобатга олади.

Сешанба куни эса мамлакат ташқи ишлар вазири Анн Линде НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризани имзолади. Линденинг сўзларига кўра, Швециянинг НАТОга қўшилиш ҳақидаги аризаси Финландия аризаси билан биргаликда топширилади. Альянсга аъзо бўлиш жараёни қарийб бир йил вақт олиши мумкин.

«Бу катта, жиддий қадам. Биз ўз фикримизга кўра Швеция учун энг яхши йўлни аниқлаштириб олдик», дея изоҳлади у ҳужжатнинг имзоланишини.

КХШТнинг Москвадаги саммитида Владимир Путин Россиянинг Финландия ва Швеция Шимолий Атлантика альянсига киришига муносабати уларнинг инфратузилмалари нечоғлиқ кенгайишига боғлиқ бўлишини маълум қилди.

Кремл матбуот хизмати ҳам Россияда Швеция ва Финландия билан муаммо йўқлиги, Украинадан фарқли ўлароқ бу икки давлат билан ҳудудий баҳслар мавжуд эмаслигини қайд этган.

АҚШ Украинага янада кўпроқ Javelin бермоқда

Танкка қарши Javelin ракета мажмуалари танкларнинг башнясини нишонга олади. Фото: Reuters

АҚШ ҳукуматининг танкка қарши Javelin ракета мажмуалари ишлаб чиқариш бўйича навбатдаги йирик ҳарбий буюртмаси ҳақида маълум бўлди. Шартнома қиймати - 300 млн доллар, бунинг бир қисми Американинг Украинага сўнгги ҳарбий ёрдам пакети ҳисобидан тўланади.

Келишув шартига кўра, Украина яна 1300 дона Javelin олади, бу қурол Россия зирҳли техникалари учун «даҳшат»га айланган ва урушнинг биринчи қисмида муҳим рол ўйнаган. Аввалроқ АҚШ Украинага 5 мингдан ортиқ танкка қарши ракета мажмуалари юборганди.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид