Иқтисодиёт | 12:42 / 29.11.2022
55032
5 дақиқада ўқилади

МБ ҳукуматни имтиёзлардан воз кечиш ва импорт тўсиқларини олиб ташлашга чақирди

Ўзбекистон Марказий банки монетар сиёсат самарадорлигини ошириш бўйича ҳукуматга тавсиялар берди. Ундан тадбиркорликка оид барча ҳужжатлардан рақобатга зид нормаларни чиқариб ташлаш, импорт чекловларини камайтириш, ички бозордаги улгуржи савдони фақат нақдсиз ҳисоб-китобга ўтказиш, имтиёзли кредитлашни тўхтатиш ва бошқалар ўрин олган.

Фото: Марказий банк

Ўзбекистон Марказий банки эълон қилган “Пул-кредит сиёсатининг 2023 йил ва 2024−2025 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари” шарҳида самарали пул-кредит сиёсати юритишнинг шарт-шароитлари ҳам санаб ўтилган.

Унга кўра, келгуси йилларда пул-кредит сиёсати самарадорлигини ошириш масаласи иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга ошириладиган қуйидаги чоралар билан чамбарчас боғлиқ бўлади.

Истеъмол бозорларида рақобат муҳитининг ривожланиши

Ушбу йўналишда:

  • тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлаб чиқилган қарор ва фармонлар ҳамда механизмларни халқаро консалтинг компаниялар билан биргаликда инвентаризациядан ўтказиб, бозор механизмларига ва рақобат муҳитига зид нормаларни бекор қилиш;
  • истеъмол товарлари импортида тариф ва нотариф чекловларни камайтириш, соҳани етарли даражада либераллаштириш, истеъмол ва инвестицион товарлар ташқи савдосида монопол ҳолатларга чек қўйиш, импортёрлар сонини ошириш, импорт географиясини кенгайтириш ва муқобил янги маршрутларни ишлаб чиқиш;
  • темир йўл ва ҳаво транспорти хизматлари соҳаларига хусусий корхоналарни жалб этиш, мазкур хизматлар бозорида эркин рақобат шароитларини яратиш орқали ташиш ва транспорт харажатларининг маҳсулотлар таннархига таъсирини пасайтириш;
  • монопол характерга эга корхоналар товар ва хизматлари нархларини шакллантириш механизмларининг шаффофлигини таъминлаш;
  • Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ишларини тезлаштириш ва минтақавий транспорт коридорларининг муҳим бўлагига айланиш бўйича чоралар кўриш келгуси йилларда муҳим аҳамият касб этади.

Хуфёна иқтисодиётни қисқартириш

МБнинг қайд этишича, мамлакатда хуфёна иқтисодиётни қисқартириш бўйича стратегик йўналишларни белгилаш ва бунда, барча манфаатдор вазирлик ва идораларни сафарбар этган ҳолда, қуйидаги йўналишларда чораларни амалга ошириш зарур:

  • 2023-2024 йилларда алоҳида корхона ёки тармоқларга берилган имтиёзларни тўлиқ танқидий хатловдан ўтказиш ва бекор қилиш орқали барча бозор иштирокчилари учун тенг имкониятларни ҳамда соғлом рақобат муҳитини яратиш;
  • импорт товарларининг ички бозордаги улгуржи савдосини фақат нақд пулсиз ҳисоб-китоб шаклида амалга оширилишини тўлиқ таъминлаш ва буни назорат қилиш учун импорт маҳсулотлари ҳаракати бўйича ягона ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;
  • солиқдан қочиш ҳолатларида жазонинг муқаррарлигини таъминлаш, расмий иқтисодиётда ишлашни яширин иқтисодиётда фаолият юритишдан кўра манфаатли қилиш, бу борадаги тўсиқларни бартараф этиш, барча ахборот воситалари орқали тушунтириш ишлари кўламини кенгайтириш;
  • юридик шахслар томонидан жисмоний шахсларнинг банк ҳисобварақларига молиявий ёрдам ва қарз сифатида йўналтирилаётган маблағларга нисбатан жисмоний шахсларнинг даромад солиғига тортиш амалиётини жорий этиш, маблағлар тўлиқ қайтарилганда ушбу тушумларни солиқ базасидан чиқариш;
  • жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тизими доирасида шубҳали мижозлар ва операцияларни олдиндан аниқлаш индикаторларини жорий этиш ва мониторингини кучайтириш.

Банк тизимида трансформация ва хусусийлаштириш

Регулятор бу борада ҳукуматга қуйидаги тавсияларни берган:

  • 2023 йилда давлат улуши юқори бўлган йирик банкларни хусусийлаштириш жараёнини мантиқий якунига етказиш, хусусан давлат улуши мавжуд банклар (Қишлоқ қурилиш банк, Халқ банки, Микрокредитбанк, Алоқа банк, Агро банк ва Миллий банкни) акцияларини оммавий очиқ савдоларга (IPO) олиб чиқиш ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда Асака банкдаги трансформация жараёнларининг фаол фазасига ўтиш;
  • банк хизматлари бозорида рақобатни кучайтириш ва барча иштирокчиларга тенг шароитларни таъминлаш юзасидан бошланган ишларни халқаро тажриба асосида такомиллаштириб бориш;
  • 2023 йилдан бошлаб иқтисодий фаолликни рағбатлантиришда рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи ва молиявий ресурсларнинг самарасиз тақсимланишига сабаб бўлувчи имтиёзли кредитлаш (фоизлари бозор фоиз ставкаларидан паст бўлган кредитлар) ва директив кредитлаш (маҳаллий ҳокимлик органлари ва давлат идоралари томонидан кредитларни белгилаб бериш) усулларидан босқичма-босқич воз кечиш.

Таъкидланишича, банк тизимида ажратилаётган кредитларнинг 60 фоизи директив асосда ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келмоқда ва айнан ушбу омил таъсирида тижорат банкларининг кредит портфелида муаммоли кредитлар улуши юқори даражада қолмоқда.

Марказий банкка кўра, давлат улушига эга банкларни трансформация қилиш ва хусусийлаштиришни муваффақиятли якунлаш қуйидагиларга замин яратади:

  • давлат бюджетидан банклар капиталига пул киритиш заруратини кескин камайтиради;
  • банк тизимининг бозор муносабатлари асосида фаолият юритиши таъминланади;
  • банклар капиталини хорижий инвестициялар ва хусусий инвесторлар маблағлари ҳисобидан ошириб бориш ва шу орқали иқтисодиётда пул оқимларининг самарали тақсимланиши натижасида истиқболли лойиҳаларни кредитлаш кўламининг кенгайишига шароит яратилади.

Мавзуга оид