Ислом динида кийиниш маданияти
Юнусобод тумани бош имом-хатиби, Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси, «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов ислом динидаги кийиниш маданияти ҳақида мақола ёзди.
Либос бу – Аллоҳнинг Ўз бандаларига ато этган тенгсиз неъматларидан бири десак муболаға қилмаган бўламиз. У инсонни иссиқ-совуқдан сақлайди, авратларини беркитади ва кишига зийнат бўлиб хизмат қилади.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади «Эй Одам болалари, дарҳақиқат, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан либосини ҳам нозил қилдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир» (Аъроф сураси: 26-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга авратларини беркитадиган ҳамда уларга зийнат бўладиган ҳар турли либосларни яратиб бергани, уларга бу нарсаларни бичиш, тикиш ва тайёрлаш учун имкон берганини «нозил қилдик» деган сўз билан эслатар экан, авратларни мазкур либослар ила тўсишга амр этмоқда.
Аврат ўринлари эркакларда киндикдан тиззагача бўлган жойни ўз ичига олади. Демак, мазкур жойларни беркитиш вожибдир. Имом Аҳмад ўзларининг «Муснад» номли ҳадис тўпламларида ривоят қилишларича, Жарҳад исмли саҳобий сонини очиб турган пайтда Набий алайҳиссалом унинг ёнидан ўтиб қолдилар ва «Эй Жарҳад, сонингни ёп(!), зеро, сон авратдир», дедилар.
Мазкур ҳадиси шарифни ҳужжат қилиб аксар уламолар, жумладан, Ҳанафий мазҳаби уламолари сон авратдир, дейдилар. Шундай экан, киши энг камида ўзгаларга баданининг мазкур жойларини очиқ ҳолда кўрсатмаслиги лозим. Акс ҳолда гуноҳкор бўлади.
Ислом дини мукаммал шариат бўлгач, унда барча нарсанинг одоби ва маданияти муфассал тарзда баён қилиб берилган. Шу жумладан динимиз таълимотида кийиниш маданиятининг ҳам ўзига хос одоблари мавжуд бўлиб, қуйида улар ҳақида қисқача сўз юритамиз.
1. Либос инсоннинг терисини кўрсатадиган даражада юпқа ва шаффоф бўлмаслиги лозим.
2. Тор бўлмаслиги. Баъзи либослар терини кўрсатадиган даражада юпқа бўлмасада аммо, аврат ерларининг шаклини кўрсатиб қўядиган даражада тор бўлади. Бу ҳам мумкин эмас.
3. Эркак киши кийинишда ўзини аёлларга ўхшатиб олмаслиги ёки аксинча, аёл эркакча кийинмаслиги лозим. Имом Бухорий ўзларининг «Саҳиҳ» тўпламларида Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (кийинишда) ўзини аёлларга ўхшатадиган эркакларни ва эркакларга ўхшаб кийинадиган аёлларни лаънатладилар».
4. Кийим олишда ҳаддан ошмаслик, одамлардан ажралиб туриш учун ўта қиммат либосни харид қилмаслик. Имом Аҳмад ўз «Муснад»ларида Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Кимки, дунёда шуҳрат либосини кийса, Қиёмат кунида Аллоҳ унга хорлик либосини кийгазади». Демак, мусулмон киши одамларга кибру ҳаво қилиш, ўзини улардан юқори тутиш ёхуд шуҳрат қозониш учун кийинмаслиги лозим. Чунки, бу нарса уни кибру ҳавога берилиб, ўзидан мамнун бўлишга етаклайди. Бу эса маънавий иллатлар сирасига кирувчи зарарли хислатлардан биридир.
5. Эркакларга тилла тақинчоқлар ва ипак либосларнинг ҳаромлиги. Имом Абу Довуд ўзларининг «Сунан» номли ҳадис тўпламларида Али (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишларича, бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ипак матони олиб ўнг томонларига қўйдилар, тиллани олиб чап томонларига қўйдилар. Сўнг: «Мана бу икки нарса умматимнинг эркакларига ҳаромдир!», дедилар.
6. Либос кийишда ўнг томондан кийиш суннатдир. Оиша онамиз (разияллоҳу анҳо) айтадилар: «Набий алайҳиссаломга покланишда (яъни, таҳорат ва ювинишларда), соч тарашда ва оёқ кийим кийишда ўнг томондан бошлаш ёқар эди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бу ҳадисда фақат пойабзал кийиш зикр қилинган бўлсада, ҳадисда тилга олинган суннат бўлмиш ўнг томондан бошлаш бошқа турдаги либосларни кийишга ҳам тааллуқли ҳисобланади.
Уламоларнинг таъкидлашларича, овқатланиш, кийиниш ва ҳоказолар каби инсоннинг каромати ва обрўсига далолат қиладиган ишларда ўнг қўлни ишлатиш ёки ўнг томондан бошлаш мустаҳабдир. Истинжо каби паст ишларда эса чап қўлни ишлатиш лозим. Чунки, ўнг қўл олий ишлар учун, чап қўл эса юқорида айтилганидек, зарурат бўлган аммо, ўзи паст нарсалардан саналувчи ишлар учундир.
7. Оқ рангдаги либосларнинг афзаллиги. Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом шундай деганлар: «Кийимларингиздан оқ ранглисини кийинглар, зеро, у либосларингизнинг энг яхшисидир. Ва маййитларингизни ҳам унга (яъни оқ рангли матога) кафанланг!» (Абу Довуд ривояти).
8. Кийимларни пок тутиш лозимлиги. Ислом дини поклик динидир. Бу поклик маънавий ва моддий покизаликни тақозо этади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Муддассир сурасида Набий алайҳиссаломга қарата ва у киши орқали бутун инсониятга хитоб қилар экан: «Кийимларингни пок тут!», деган. Демак, либос покизалиги мусулмон кишининг ҳаётида ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Шу боис ҳам намознинг шартларидан бири либоснинг поклигидир. Ундан ташқари поклик ва орасталик иймондан эканлигига далолат қилувчи бир қанча ривоятлар ҳам келган.
9. Кийим кийишда айрим дуоларни ўқишнинг савобли эканлиги. Мусулмон киши аксар вақтда Аллоҳни зикр қилади, Уни ёдга олади. Бу нарса унинг қалби покланиб, ярақлашига, руҳан юксалишига ва гуноҳлари ўчирилиб, даражалари ошишига сабаб бўлади. Набий алайҳиссалом кўп ҳолларда Аллоҳни зикр қилардилар, уйга киришда, чиқишда, уйқуга ётишда, уйқудан туришда, таомланиш олдидан, таомдан сўнг ва ҳоказо. Шу жумладан, либос кийишда ҳам айтиш савобли ва мустаҳаб бўлган баъзи бир зикру дуолар борки, уларнинг айримларини мисол тариқасида келтирамиз. «Алҳамду лиллаҳиллазий касааний ҳаза ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний валаа қувваҳ». Яъни, «Барча ҳамду санолар менинг ўзимда ҳеч қандай куч-қудрат ва имконият бўлмаган ҳолда бу либосни менга кийдирган ва ризқ қилиб берган Аллоҳга хосдир».
10. Инсоннинг устида яъни либосида Аллоҳ неъматининг асари кўриниб туриши. Агар кимгадир Аллоҳ кенгчилик ва давлат ато этган бўлса, у инсон ўзининг имконияти ва мақомига мос равишда яхши кийимлардан кийиши, ташқи кўринишига эътибор бериши, покиза ва ораста кийиниши мақсадга мувофиқдир. Зеро, Аллоҳ таоло бирон кимсага неъмат ато этган бўлса, ўша инсонда мазкур неъматнинг асари ва аломати кўриниб туришини яхши кўради. Абул Аҳвас номли саҳобий ўз отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига паст (эскириб кетган, увада) кийимларда келдим. Шунда у киши менга «Сенинг мол-давлатинг борми?», дедилар. Мен: «Бор!», дедим. «Нималаринг бор?», сўрадилар яна Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Мен: «Аллоҳ менга туя, қўй ва отлар ҳамда қуллар ато қилган», дедим. Буни эшитгач, Набий алайҳиссалом: «Аллоҳ сенга мол-дунё ато қилган бўлса, Унинг сенга берган неъмати ва икромининг асари кўриниб турсин!», дедилар (Абу Довуд ривояти).
Худди шунга ўхшаш воқеа мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан ҳам рўй берган. Ўйлаймизки, мазкур воқеани келтириш фойдадан холи эмас.
Бир куни Абу Ҳанифа ҳамсуҳбатларидан бирининг устида эскириб, увадаси чиққан кийимларга кўзи тушди. Одамлар тарқалиб, мажлисда фақат Абу Ҳанифа-ю ҳалиги кишининг ёлғиз ўзи қолгач, Имом унга юзланиб, деди:
- Анави жойнамозни кўтаргин-да, тагидагини ол.
Киши жойнамозни кўтарди, қараса, тагида минг дирҳам пул бор эди.
- Уни олиб, уст-бошингни тартибга келтир, - деди Абу Ҳанифа.
Шунда, - мен ўзимга тўқман,- деди ҳалиги киши,- Аллоҳ менга бойлик, мўлчилик ато қилган. Бу пулларингизга эҳтиёжим йўқ.
Бу сўзларни эшитгач, Абу Ҳанифа (р.ҳ.) ҳалиги кишига:
- Аллоҳ таоло сенга бойлик ва фаровонлик неъматини ато қилган экан, Қани У берган неъматларнинг асари?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Албатта Аллоҳ Ўз бандасининг устида унга берган неъматининг асарини кўришни севади», - деган сўзлари сенга етиб келмаганми? Ҳамонки, бой экансан, ўзингни тартибга келтириб, уст-бошингга қараб юришинг даркор. Токи, ўз яқинларингни ғамга ботирмагайсан,- дея насиҳат қилди.
Аллоҳ таолодан барчамизни тақво либоси ила зийнатлашини, хато-ю камчиликларимизни эса Ўзининг сатри ила беркитишини сўраб қоламиз.
Мавзуга оид
17:10 / 17.10.2024
Ислом оламининг забардаст уламолари Тошкентда жамланди — фоторепортаж
20:27 / 12.12.2022
«Она ўғлига ё мени, ё аёлингни танла деб шарт қўйиши гуноҳ» — муфтий оилалар бузилишининг олдини олиш ҳақида
19:10 / 09.12.2022
«Динимизда пора берувчи ҳам, олувчи ва воситачи ҳам лаънатланган» — Муфтий коррупционерларни бошқаларнинг мулкини ейиш гуноҳидан огоҳлантирди
10:08 / 29.12.2019