Ислом дини тинчлик ва омонлик, инсонни комилликка етакловчи дин. Аммо, баъзида айрим шахслар томонидан бу динга нисбатан ғаразли бўҳтонлар бўлиб туради. Бундан ташқари, дунёнинг турли мамлакатларида содир этиладиган турли хуружлар, қуролли ҳужумларни ушбу дин билан боғлаш ҳолатлари учрайди. Қолаверса, ҳозирги кунда Исломга эътиқод қилувчилар орасида ҳам турли фикрлилар, ҳар хил ғояларга эргашувчилар бор. Табиий, бундай ҳолатда уларга Ислом дини ва унинг таълимотларини тўғри етказиш жуда муҳим ҳисобланади.

Замонамизнинг диний олимларидан бири Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ Ислом дини таълимотларини шогирдлари ва мўъмин-мусулмонларга ўргатар экан, Аҳли сунна ва жамоа эътиқодини кенг ёйиш, унга риоя қилишни ўз дастурул-амалига айлантирган эди. 

Россияда бўлиб турган Kun.uz мухбирлари Москва шаҳрида ташкил этилган Шайх номидаги мадрасада бўлди ва унинг фаолияти билан яқиндан танишди ҳамда Шайх ҳазратларининг шогирдларидан бири – мадраса мударриси Рисқулбек домла Каримбеков билан суҳбат қилди.

-        Ассалому алайкум. Домла, ҳозир биз Москва шаҳридаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номида ташкил этилган ва сиз мударрислик қилаётган мадрасада бўлиб турибмиз. Мазкур мадраса ташкил этиш ғояси қачон ва қандай пайдо бўлди?

Шайх ҳазратлари ҳаётлик вақтларида Москвада «Доруннашр» ва «Ҳилолнашр» деб номланган нашриётларимиз бор эди. У кишининг ташаббуслари билан китоблари рус тилига таржима қилиниб, Россиядаги русийзабон ўқувчиларга тақдим этилар эди. У киши вафотларидан сўнг, «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги маънавий-маърифий уй» деб номланувчи ташкилот очдик. Мазкур ташкилот ҳузурида бир мадраса ташкил этишга қарор қилдик. Бу Ҳазратнинг ишларини давом эттириб келаётган Исмоил Муҳаммад Содиқ ва улуғларимиз билан маслаҳатлашиб амалга оширилди.

-        Ушбу мадрасада неча киши таҳсил олмоқда, Ислом дини таълимотларини ўрганмоқда?

Рисқулбек домла Каримбеков

Мадрасамиз икки қисмга бўлинади. Биринчиси, эркаклар учун мўлжалланган бўлиб, 50га яқин талабамиз бор. Иккинчиси, Москва шаҳрининг бошқа ҳудудида бўлиб, аёлларга Ислом таълимотларини ўргатади. У ерда 3та гуруҳимиз бўлиб, ўзбек, қирғиз ва рус тилларида илм бериш йўлга қўйилган. Аёллар мадрасасида 100га яқин аёллар ўз она тилларида диний таълим олиш имкониятлари барпо қилинган.