Жамият | 14:13 / 04.12.2023
43793
12 дақиқада ўқилади

«IELTS’дан юқори балл олиш муҳим эмас» — АҚШ университетига тўлиқ грант ютган ўзбекистонлик билан суҳбат

Ислом Уролов АҚШнинг Tufts университетида магистратура босқичида ўқияпти. У АҚШ университетларига тўлиқ грант ютиш йўллари, талаб этиладиган ҳужжатлар ва буни ҳеч қандай консалтинг фирмалар ёрдамисиз қандай амалга ошириш мумкинлиги ҳақида гапириб берди. “Бирор консалтинг фирмаси сиз учун ўзингизчалик ҳаракат қилмайди”, дейди у.

Фото: Kun.uz

Ўқиш вақтидаги стажировканинг аҳамияти

Мен бакалаврни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг халқаро иқтисодий муносабатлар йўналишини битирганман. 2020 йил, ўқишни битиришим биланоқ Марказий банкда пул кредит сиёсати департаментида иш бошлаганман. Албатта, бу жойга келиш ўзидан ўзи бўлмаган. 2019 йилда Марказий банк эълон қилган махсус стипендияни ютганман ва 10 ой ўша ерда стажировка қилганман. Стажировка якунида суҳбат қилиниб, шу орқали ишга кирганман. Банкда 2020-2022 йилларда ишладим. Бу стажировка Америкага грант ютишимда жуда катта рол ўйнаган деб ўйлайман. Чунки магистратурада чуқурлаштирилган билимлар берилади. Марказий банкдаги стажировкам билимларимни мустаҳкамлашга ёрдам берган. Қолаверса, иш жараёнида соҳам бўйича кўп саволлар пайдо бўлишни бошлаган ва уларга жавоб топиш учун магистратура босқичидаги билимларга эҳтиёж туғилаётганини сеза бошладим.

Халқаро грантларга ҳаракат

Шундай қилиб, 2021 йилдан бошлаб магистратура учун ҳужжат тайёрлашга киришдим. Германия, Италия, Венгрия, Франция, Англия, Америка давлатларидаги 20дан ортиқ университетга ҳужжатларимни топширдим. Ва 10дан ортиғига қабул қилинганим ҳақида жавоб хати олдим. Америкага ўқиш истагим кучли бўлгани учун шу ердаги университетларни танлаш ниятим бор эди. Лекин бу университетлар мени танлашига ишончим йўқ эди. Хаёлимда бир нарса бўлган: бу йил барибир ўтолмайман, бу тажриба бўлади ва кейинги йил топшираман. Лекин Tufts университети тўлиқ грант берди. Бу келажак лидерлари стипендияси бўлиб, талабаларга 2 йил давомида магистратура учун ўқишда барча харажатларни қоплаб берадиган дастур. Бундан ташқари, менга Америкага кўчиб келиш учун 1700 доллар миқдорида пул ҳам беришган.

АҚШ университетларидан қандай грант ютиш мумкин?

Очиғи, бу саволга умумий жавоб йўқ. Бу борада айтиш мумкин бўлган ягона умумий гап: АҚШда тўлиқ scholarship олишнинг имкони бор. Лекин ҳар бир университет ва дастур бўйича грант ютиш йўллари ҳар хил. АҚШда давлат ёки бирор ташкилотлар берадиган грантлар ва алоҳида университетлар фақат ўз талабалари учун ажратадиган грантлар мавжуд.

Булар орасида магистратура ва PhD босқичида ўқимоқчи бўлганлар учун давлат томонидан молиялаштириладиган Fulbright дастури жуда машҳур. Дастур томонидан талабанинг ўқиш давомидаги барча (ўқиш, кўчиб келиш ва яшаш) харажатлари қопланади. Дастурга топшириш шартлари ва талаблари бўйича бу ҳавола орқали танишиб чиқиш мумкин.

Шунингдек, АҚШдаги жуда кўп университетлар ўз талабалари учун махсус грант ва молиявий ёрдам дастурларини йўлга қўйган. Масалан, Stanford университети, Yele, Minnesota каби университетлар берадиган грантлар ўқиш харажатларини тўлиқ қоплайди. Бундан ташқари, деярли ҳамма университетларда маълум ҳажмда молиявий ёрдам дастурлари бўлади. Масалан, мен ўқиётган Tufts университетида ҳам ҳар хил грант ва молиявий ёрдам дастурлари бор. Мен олган scholarship эса GSAS Future Leaders Fellowship дастури бўйича факултет декани томонидан берилган.

Ушбу scholarship'лар талабаларнинг қобилияти (merit-based) ёки/ва муҳтожлиги (need-based)га кўра ажратилади. Буни олиш учун баъзи дастурлар алоҳида талаблар қўяди ва алоҳида ҳужжатлар тайёрлаш керак. Баъзи дастурларда эса фақат университетга ҳужжат топширишнинг ўзи кифоя. Масалан, мен scholarship олиш учун алоҳида ҳеч нарса қилмадим. Фақат университетга қабул қилиниш учун талаб этилган ҳужжатларни топширдим холос.

Scholarship'лар қандай олиниши бўйича аниқ умумий талаблар йўқ. Лекин умумий айтадиган бўлсак, merit-based scholorship учун кучли портфолио йиғиш керак, need-based scholorship учун шу ёрдамга муҳтожлигингизни исботлашингиз керак. Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоиздан ошиғи даромадлар даражасининг камлиги туфайли need-based scholarship талабларига тўғри келади. Merit-based scholorship олиш эса анча мураккаб. Тўлиқ грантлар ҳам асосан merit-based scholorship'да бўлади. Merit-based scholarship учун портфолио:

ўз соҳангизда эришган академик, илмий ютуқлар;

профессионал тажриба;

ижтимоий соҳадаги фаоллик;

бакалаврдаги ўртача балл юқори бўлиши

кучли мотивацион хат ва тавсияномалар;

CV ҳаммаси ўзаро изчил (бу жуда муҳим) дастур учун муҳим жиҳатларингизни очиб беришга йўналтирилган ва дастур шартларига мос тузилган бўлиши керак.

Кўпчилик тўлиқ грант ютганимни эшитиб, мендан IELTS 8 ёки 9 олган бўлсангиз керак деб сўрашади. Чунки кўпчилик IELTS/TOEFL балларининг юқори бўлиши scholorship олиш эҳтимоллигига таъсир қилади деб ҳисоблайди. Бу Корея ёки Япония каби давлатларда ўринли бўлиши мумкин, лекин АҚШда булар шунчаки минимум талаблар холос. IELTS баллингиз 9 бўлиши merit-based scholarship учун умуман ёрдам бермайди. Шунчаки, халқаро тил сертификатларининг бирортаси бўйича минимум талабга жавоб берсангиз кифоя (асосий талаб тил билиш эмас). GRE/GMAT балларининг merit-based scholarship ютишда бироз таъсири бор. Чунки кўп университетлар қабул қилинган талабаларнинг GRE/GMAT баллари бўйича ўртача кўрсаткичларни эълон қилиб, бу орқали мақтанишни ёқтиришади. Шунинг учун бу сертификатлар бўйича кўп ҳолларда минимум талаб қўйилмаса-да, университетларга GRE/GMAT юқори балл олганларни қабул қилишади.

Қисқаси, АҚШ университетларидан scholorship олиш учун IELTS/TOEFL’дан максимал балл олишга эмас, кучли портфолио яратишга кўпроқ эътибор қаратиш керак.

АҚШ университетларида магистратура учун талаб этиладиган ҳужжатлар қайсилар?

Албатта, ҳамма университетларда магистратура соҳасига қараб ҳар хил ҳужжатлар талаб этилади. Лекин мен ўзим ҳужжат топширмоқчи бўлган вақтимда АҚШдаги 100 га яқин университетларда (MS in Economics бўйича) ҳужжат топшириш талабларини қараб чиқиб, деярли барчасида асосан бир хил талаблар эканлигини билган эдим.

Демак, Tufts'да MS in Economics бўйича қандай ҳужжатлар талаб этилади:

  • Ҳужжат топшириш тўлови (Aplication fee) – $85.
  • Таржимайи ҳол (Resume/CV).
  • Мотивацион хат (Personal statement).
  • GRE сертификати (Official GRE required).
  • Халқаро инглиз тили сертификатларидан бири (Official TOEFL, IELTS, or Duolingo English Test, if applicable).
  • Бакалавр диплом иловаси (Transcripts).
  • Учта тавсиянома (Three letters of recommendation).

Баъзи университетлар яна бирор ёзма иш (writing sample) ҳам сўрашади. Агар АҚШдан ҳали бирор университет танламаган бўлсангиз, мана шу талаблар бўйича тайёрлансангиз ҳам бўлади, бошқа университетлардан кўп фарқ қилмайди.

Personal statement энг муҳим ҳужжат

Personal statement ёки motivation letter деб аталадиган ҳужжат грант ютишда ўта муҳим рол ўйнайди. Хўш, у қандай ёзилади? Буни ёзишда универсал бир структура ёки 100 фоиз scholorship ютишни кафолатлайдиган деган формула йўқ. Ҳамманинг ўзининг ҳикояси бўлади. Масалан, баъзилар уни ҳаётий ёзишни маслаҳат беради. Яна бошқалар ўзингиздаги муаммони айтиб, шунинг атрофида мақсадларингизни кўрсатиб беришингизни тавсия қилади. Бошқа бир вариантга кўра, 3та муҳим саволга жавоб бериш талаб этилади: нима учун шу университетни танлаяпсиз, улар нима учун сизни танлаши керак ва келгусидаги мақсадларингизда шу дастур қандай ёрдам беради? Ана шу 3та саволга аниқ, эмоционал гапларсиз жавоб бериш керак. Лекин ўзим шу 3 йўналишда ёзилган эсселарнинг ҳам катта катта scholarship'лар ютганини кўрганман. Менга қолса, 3-йўналишда ёзилган маъқул.

Бу хатни ёзишда бировдан кўчирмаслик энг муҳими. Чунки CV'гизга киритган маълумотлар мақсадингизга қанчалик уйғунлигини кўрсатиши керак. Айнан нимага эътибор қаратиш керак десангиз, ютуқларингизни тўғридан тўғри эмас, уларни қайси мақсад бирлаштирганини кўрсата олишингиз керак. Ва шулар юқорида санаган 3та саволга жавоб ҳам бўла олиши керак.

Яна бир муҳим нарса ёзилган иншони шу йўлни босиб ўтганларга ҳам ўқитиб, фикр олиб кўриш керак.

Бу ҳужжат муҳим бўлгани учун кўп талабалар ундан қочиб, орқага суриб ёзмай, ҳужжат топшириш вақтига тақаб юришади. 2 соат қолганда нимадир ёзиб топшириб юборади. Бу жуда катта хато. Ёзишни қанча эрта бошласангиз шунча яхши. Қайта-қайта ёзиб мукаммал шаклга келтира оласиз.

Америкадан университетни қандай танлаш мумкин?

Мен ўқишга топшириш учун университетларни қидирганимда учта асосий жиҳатга эътибор бергандим:

1) Менга керакли йўналиш бу университетда борми?

Масалан, кўп университетларда мен қидирган иқтисодиёт бўйича магистратура дастури йўқ эди ёки мен хоҳлагандек эмас эди. Буни аниқлаш учун ихтиёрий бир рўйхат (масалан, US News ranking) асосида ҳар бир университет сайтига кириб Graduate progmgrams бўлимига қараб чиқиш керак. Сизга керак йўналиш бўлмаса, кейинги университет сайтига ўтасиз, агар йўналишингизни топсангиз, ҳужжат топшириш учун охирги муддат (deadline) қачонлигини қидириш керак. Агар охирги муддатгача етарлича вақт бўлса, унда иккинчи муҳим жиҳатни қидиришга ўтасиз.

2) Бу университет мен топширадиган дастурга грант ажратадими ва қанча ажратади?

Деярли ҳамма университетлар сайтида молиявий ёрдам (financial aid) деган жойи бор ва шу жойи жуда муҳим. Мен Америкада контрактда ўқиёлмаслигимни билганим учун фақат грант берадиган дастурларни қидирардим. Америкада кўп университетларнинг ўз грант дастурлари ёки талабаларга молиявий ёрдам фондлари бўлади. Булар ҳамма университетда ҳар хил йўналишлар ва дастурлар бўйича турлича тақсимланади. Шунинг учун айнан сиз топширмоқчи бўлган дастур учун қанча грант ажратилишига эътибор бериш керак. Масалан, бир университетда фақат иқтисодиёт бўйича Graduate programm'да грант йўқлигини деярли ҳамма ҳужжатларимни топшириб бўлганимдан кейин билганман ва ариза тўловини (application fee) тўламаганман. Хуллас, агар сизга керак йўналиш бўйича грант берадиган дастурни топсангиз, учинчи жиҳатга эътибор бериш керак.

3) Мен бу дастурга топшира оламанми?

Барча дастурларга топшириш учун махсус талаблари бўлади, шу жойига яхшилаб эътибор бериш керак. Чунки бу минимал талабларга мос бўлмасангиз ҳужжатларингиз охиригача кўриб чиқилмайди. Яъни сиздаги IELTS/TOEFL сертификати, GRE/GMAT баллари, бакалаврда олган ўртача баҳойингиз, баъзи ҳолларда иш тажрибаси дастур томонидан қўйилган минимал талабларга жавоб бермаса, дарҳол бошқа университетни қарашга ўтиш керак. Баъзилардан шундай саволни эшитдим: “Агар менда GRE баллим жуда юқори бўлса-ю, IELTS баллим минимал талабдан озгина паст бўлса, университетлар GRE'нинг ўзини IELTS ўрнида қабул қилишадими?” Бошқа давлатларда аниқ қандайлигини билмадим-у, лекин Америкада бундай қилишмайди. Ҳар бир талаблар бўйича минимумларга жавоб бермасангиз, ҳужжатингиз биринчи босқичнинг ўзи (screening)даноқ ўтмайди.

Мана шу уч босқичнинг барчасидан ўтсангиз, кейин ҳужжатларни топширишга киришиш мумкин.

Бу йўл менинг тажрибам холос. Кўпчилик мана шу оддий ишни билмай ёки билса ҳам эриниб, ўқишга топширишга ёрдам берадиган консалтинг фирмаларга мурожаат қилади. Бунда юқоридаги ишларни фирмалар сиз учун пулга қилиб беради. Лекин ҳеч қайси консалтинг фирма сиз учун сиз ҳаракат қилганчалик ҳаракат қилмайди. Тўғри, ўзингиз ҳаммасини қилсангиз жуда кўп вақт кетади, лекин бу ўзингиз хоҳлаган натижага еришнинг ягона ишончли йўли, менимча.

АҚШ университетларига ҳужжат топшириш ҳақида бу ердан кўпроқ маълумот олишингиз мумкин.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.

Мавзуга оид