Спорт | 21:38 / 08.08.2024
8056
6 дақиқада ўқилади

Аёллар спортнинг қайси турларида эркакларни ортда қолдира олади?

Эркакларга хос бақувват мушаклар ва узун бўй-баст кўплаб спорт турларида юқори натижаларни қайд этишда муҳим ўрин тутади. Лекин айрим спорт турлари борки, уларда жисмоний куч билан бирга, турли ташқи омилларга мослашувчанлик ва руҳий барқарорлик ғалабани таъминлаб беради.

Фото: Getty Images

BBC спортнинг қайси турларида аёллар эркакларга қараганда яхшироқ натижалар кўрсата олишига эътибор қаратди.

Мутахассисларга кўра, спортнинг камида учта тури: узоқ масофага сузиш, узоқ масофага югуриш ва ўқ отишда аёллар эркаклардан кўра яхшироқ ёки улар билан тенг натижаларни қайд эта олишади.

40 йилдан ошиқ вақт ўтибдики, америкалик сузувчи Пенни Ли Дин 1978 йилда денгизда қанчалик совуққотганини жуда яхши эслайди. Ўшанда у Ла-Манш бўғозини 7 соат-у 40 дақиқада сузиб ўтиб, бу борада жаҳон рекордини янгилаган. Бундай натижага эришиш учун очиқ осмон остида, муздек сувда узоқ машғулотлар олиб боришига тўғри келган.

“Қўл-оёқларингиз уюшиб, тортишиб қолади”, дея эслайди у. Сузувчи очиқ сувда сузиш машқларидан кейин, танасини илитиш учун унга бир марта ванна қабул қилиш етарли бўлмасди: ваннадаги сув совий бошлаши билан, бир пиёла чойни ичиб, иккинчи иссиқ ванна томон йўл оларди.

Сувнинг суяк-суяккача борадиган совуқлиги қанчалик ёқимсиз бўлмасин, Пенни ўз мақсадига эришиш учун бунга чидаши керак эди. Мутахассисларга кўра, совуқ ҳароратга чидаш қобилияти – аёлларнинг сузиш спортидаги устунликларидан биридир, сабаби аёл организмида ёғларнинг улуши эркакларга қараганда кўпроқ бўлади, бу эса совуқ сувда тана ҳароратини нисбатан мўътадил ушлаб туришга ёрдам беради.

Аёлларда ҳам турли ноқулайликларга сабр-у тоқат қила олиш қобилияти етарли даражада яхши ривожланган, дейди Ли Дин.

Америкалик Диана Нйад Кубадан Флорида қирғоқларигача бўлган 160 км масофани акуладан ҳимоя қафаслари ёрдамида сузиб ўтган биринчи одамга айланган эди. / Фото: Getty Images

Норвегиянинг Арктика университети спорт фанлари профессори, Норвегия элитар спорт турлари мактаби директори Ойвинд Сандбакк ҳамкасблари билан бирга ўрганишлар олиб бориб, энг яхши натижаларга эга аёл ва эркак спортчилар қайд этган кўрсаткичларни таққослади. Маълум бўлишича, жаҳон рекорди натижаларида фарқ эркаклар фойдасига тахминан 8-12 фоизга кўпроқни ташкил этади. Тадқиқот шуни кўрсатдики, сузишнинг жуда машаққатли форматлари ва тананинг юқори қисми кучли бўлишини талаб қиладиган спорт турларида бу фарқ анчагина кичик бўлиши мумкин.

Тадқиқотчилар аёлларнинг эркаклардан устунлик қилиши мумкин бўлган яна бир спорт тури сифатида узоқ масофага югуришни айтишади. Аёллар марафонларда темпни яхшироқ ушлай олади, дейишга бирмунча асослар бор.

Ўта узоқ мусофаларга югуришда масофа қанчалик узоқ бўлса, аёллар ва эркакларнинг натижалари ўртасидаги фарқ шунча кичрайиб бораверади. / Фото: Getty Images 

Узоқ масофага югуриш мусобақаларида об-ҳаво, оғриқ ва бошқа факторлар таъсирига мослаша олиш жуда муҳим. Ўта узоқ мусофаларга югуриш марафонларида масофа қанчалик узоқ бўлса, аёллар ва эркакларнинг натижалари ўртасидаги фарқ шунча кичрайиб бораверади. 2020 йилда ўтказилган таҳлилларга кўра, югуриш масофаси 314 кмдан ортиқ марафонларда аёллар эркакларга қараганда 0,6 фоиз яхшироқ натижа қайд этган.

Узоқ масофага югуриш темпини самарали бошқаришда аёлларга нафақат физиология, балки ижтимоий омиллар ва психология ҳам қўл келиши мумкин.

Шунингдек, айнан психология аёлларга ўқ отиш спорт турида эркаклар билан тенгма-тенг беллаша олиш имконини беради. Париждаги ўйинларнинг кумуш медал совриндори кореялик Ким Йежи бир неча ой аввал бўлиб ўтган жаҳон кубогида 25 метр масофадан пистолётда ўқ отиш бўйича жаҳон рекордини янгилаган эди. Бу борадаги аввал рекорд ҳам аёл кишига – бошқа бир кореялик мерган Янг Жиинга тегишли эди.

“Ўқ отиш – бу жисмоний эмас, руҳий спорт тури. Бунда онг ва руҳнинг аҳамияти кўпроқ”, дейди Ким Йежи. Унинг фикрича, катта босимга қарамай хотиржам тура олиш қобилияти аёлларга бу спорт турида кўпроқ устунлик беради.

Ким Йежи шу йил 25 метр масофадан пистолётда ўқ отиш бўйича жаҳон рекордини янгилади. / Фото: Getty Images

Халқаро ўқ отиш спорти федерацияси Атлетлар қўмитаси раиси Кассио Риппелнинг сўзларига кўра, эркакларда мушакларнинг кўпроқлиги уларни бардошлироқ қилади, лекин аёлларнинг тана вазни камроқлиги ва оғирлик марказининг пастроқлиги яхшироқ мувозанат сақлашда қўл келади.

2020 йилги Токио олимпиадасида ўқ отиш мусобақалари таҳлил қилинганида, эркаклар ҳаракатдаги нишонларни мўлжалга олишда яхшироқ натижа кўрсатишгани, ҳаракатсиз ҳолатдаги нишонларни мўлжалга олишдаги кўрсаткичлар бўйича жинслар ўртасида мувозанат борлиги аниқланган.

Бу ўринда эътибор қаратиш керакки, аёллар ва эркакларнинг спортдаги натижаларига таъсир ўтказувчи биологик ва ижтимоий омилларни адолатли тадқиқ қилиш жуда қийин. Ана шундай омиллардан бири – эркаклар ва аёлларда спорт билан шуғулланиш имкониятларининг тенг эмаслигидир.

Эслатиб ўтамиз, Париж олимпиадаси – иштирокчи аёл ва эркак спортчилар сони тенг бўлган илк олимпия ўйинлари сифатида тарихга киради.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид