Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ўзбекча ўйлайман ва гапираман» – ўзбек тилини ўз она тилидек биладиган ўзбекистонлик турли миллат вакиллари
Дунёдаги 50 миллионга яқин киши ўзбек тилида ўз она тили сифатида гаплашади. Ўзбек тили 7 мингдан ортиқ дунё тиллари орасида энг кўп фойдаланиладиган тилларнинг 50 талик рўйхатига киритилади. Kun.uz’нинг бугунги қаҳрамонлари турли миллат вакиллари бўлишларига қарамасдан, ўзбек тилида ўз она тилидек гапиради. Улар билан болалиги, ўзбек тилини ўрганиш тарихи ва давлат тилининг ҳаётларида қандай ўрин тутаёгани ҳақида суҳбатлашдик.
Ўзбекистоннинг дунёга очилиши, бой маданияти, тарихи ва юқори туристик потенциали сабабли бугунги кунда бошқа давлатларда ҳам ўзбек тилини ўрганишга эҳтиёж пайдо бўлмоқда. Сўнгги йилларда Бирлашган миллатлар ташкилоти минбарларидаги Ўзбекистон давлати томонининг нутқларида ҳам дунёга айнан давлат тилида мурожаат қилиняпти.
1989 йил 21 октябр – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун. 34 йил олдин ягона расмий тил сифатида қонунчилик билан белгилаб қўйилган ўзбек тилини билиш, ўрганиш ва қўллаш — барча ўзбекистонликларнинг конституцион бурчи.
“Миллатим арман. Кичкиналигимдан ўзбек боғчасига борганман. Ундан кейин мактаб, коллеж ва университетни ҳам ўзбек гуруҳларида тугатдим. Давлат тилини билишим менга катта имкониятлар берди. Мен яхши бир ҳуқуқшунос, иқтисодчи ёки бошқа соҳа вакили бўлишим мумкин эди. Лекин мен дадамнинг орзусини амалга ошириб, журналист бўлдим. Бутун Ўзбекистонга танилишим сабаби ҳам айнан ўзбек тилини билганим учун”, - дейди Ареват Григорян.
Тошкент шаҳридаги маҳаллалардан бирида туғилиб ўсган Владимир Лим видеоблогерлик фолиятини ўзбек тилида олиб боради.
“Миллатим тоза корейс, лекин қалбим ҳақиқий ўзбек”, дейди у. Ҳатто унга Ваҳоб дея ўзбекча исм қўйишган. Вахоб давлат тилини билиш ҳар бир фуқаронинг бурчи деб ҳисоблайди.
Сирдарёлик Азиз оға Байрамов эса вилоятнинг Сирдарё туманидан. Унинг айтишича, 1938 йилда Озарбойжондан келган ота-боболари шу ҳудудларга келиб, қўним топган.
“Сирдарёдаги Озарбойжон маданият маркази директориман. Вилоятимизда 3 мингдан ортиқ озарбойжонлар бор. Уларнинг ҳаммаси давлат тилида гаплашишади. Ўзбеклар билан қуда-анда бўлиб кетганмиз. Давлат тили – ўзбек тили бизнинг она тилимиз! Барчани Давлат тили байрами билан табриклайман”, дейди Азиз оға.
Тошкент шаҳрида банкир бўлиб ишлаётан 27 ёшли Денис Кохаев эса ўзбек тилини боғча тарбиячисидан мукаммал ўрганган.
“Боғчада тушки уйқу пайтида ҳамма болалар каби ухлашга қийналардим. Шундай пайтларда тарбиячимиз менга турли адабиётлардан ўқиб берарди. Унинг отаси тил ва адабиёт ўқитувчиси бўлган. Шу сабабли уларнинг ўзбек тилига бўлган ҳурмати менга ҳам ўтган ва мен ҳам жуда кичкиналигимдан ҳақиқий адабий ўзбек тилини ўрганиб катта бўлганман”, дейди асли рус миллатига мансуб Денис.
Абдураҳмон Мешаян эса миллати арман бўлишига қарамай, ўзбек, форс, озарбойжон адабиёти ва тарихи шайдоси. Ўзбек тилида ёзилган юзлаб шеърлар муаллифи. Унинг тилларга бўлган севгиси ва ҳурмати оиладаги муҳит – ота-онасининг турли тилларда мукаммал гаплаша олиши сабабидан деб ҳисоблайди. “Ҳатто тушларимни ўзбекча кўраман”, дейди Абдураҳмон.
Сирдарёлик Камуна Сатторова ҳам у ерлик озарбойжонлардан. Ўзбек йигитига турмушга чиққан. Оилада ҳар икки тилда ҳам гаплашишади. Камуна опа турли табдирларда ўзбек ва озарбойжон тилларида қўшиқлар куйлайди. Давлат тилини мукаммал билгани учун ҳам мусиқа мактабида ўқувчиларга дарс беради.
Мана шундай ватанпарвар ва халқсевар юртдошларимиз борлигидан фахрланамиз, хурсанд бўламиз! Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида мамлакат ҳудудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаш, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиш белгилаб қўйилган. Шунинг баробарида Ўзбекистон аталмиш мустақил давлатнинг ягона расмий тили ўзбек тили экани ҳам белгилаб қўйилган. Бу эса давлат тили талабларига барча ўзбекистонликлар бирдай масъул эканликларини англатади.
Кўрсатувни юқоридаги видео орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Сардорбек Усмоний суҳбатлашди.
Мавзуга оид
14:10 / 18.11.2025
Ўзбекистонда сув объектларининг давлат тилидаги рўйхати тасдиқланди
07:55 / 26.10.2025
Ўзбек тилидаги сиёсий китоблар ва Европа билан катта битим — ҳафта дайжести
09:50 / 24.10.2025
Турар жой мажмуаларининг номи ўзбек тилида бўлиши талаби қўйилди
11:53 / 22.10.2025