11:19 / 21.10.2015
91473

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 26 йил тўлди

Бугун «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинганига 26 йил тўлди. 

Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида Президент Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида давлат тилига ҳуқуқий мақом бериш масаласи кун тартибига қўйилди ва 1989 йил 21 октябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги алоҳида қонуни қабул қилинди.

Ҳар йили 21 октябрь юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланади. Бу йил ҳам турли жамоат муассасаларида, мактабларда, кутубхоналарда, клиникаларда тегишлича тадбирлар ўтказилмоқда.

Қонунга асосан энг муҳим қадриятлардан бири ҳисобланган тил қонун даражасида ҳуқуқий асосга эга бўлди. Бу қонун билан ўзбек миллатининг маънавиятини, руҳиятини, қадрини кўрсатадиган муҳим омил, яъни тилнинг мақоми ҳуқуқий мустаҳкамланди. Мазкур ҳуқуқий асос орқали янги шаклланаётган давлатнинг, ҳукуматнинг, унинг янги раҳбарининг элга, юртга нисбатан эътибори, эҳтироми намоён этилди.

Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки ҳисобланади. Ҳар бир халқ, ҳар бир элат, ўзи ҳурмат ва эҳтиром қиладиган тилга эга. Тилда ана шу тилнинг ижодкори бўлган халқ, элатнинг тарихи ва маданияти акс этади. Айни замонда, тил ижтимоий тараққиётда улуғвор аҳамият касб этади. Тил – ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгисидир.

Ўзбек тили – Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг мутлақ кўпчилиги бўлмиш ўзбек халқининг она тилидир. У Ўзбекистон бирлиги ва яхлитлиги, жамият жипслигининг муҳим омили ҳисобланади. Ўзбек халқининг, унинг миллий маданияти ва ўзига хослигини ифода этувчи восита бўлмиш ўзбек тилининг ҳар томонлама ривожланишини таъминлаш, мазкур тилнинг давлат тили мақомидек салоҳиятини изчил ва тўлиқ рўёбга чиқариш муҳим вазифадир.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ўзбек адабий тилини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида ўзбек тили давлат тили, давлат рамзи, миллий маданият ва маънавиятни ифодаловчи ҳамда уларни келажак авлодга етказувчи муҳим мулоқот воситаси даражасига кўтарилди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашувлар, музокараларда тилимиз кенг қўлланилаётгани, хориждаги кўплаб университетлар, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сафи тобора ортиб бормоқда.

Ўзбекистонда нафақат ўзбек тили, балки бошқа миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ҳурмат қилиниши миллий қонунчилигимизда акс этган. Унинг амалий исботини Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасидаги қуйидаги норма мисолида кўриш мумкин: «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади».

«Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида қайд этилишича, давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилади. Давлат ўзбек тилининг бойитилиши ва такомиллаштирилишини таъминлайди, шу жумладан, унга ҳамма эътироф қилган илмий-техникавий ва ижтимоий-сиёсий атамаларни жорий этиш ҳисобига таъминлайди. Бу орқали давлат ўзбек тилини асраш, бойитиш ва ривожлантиришда масъулликни ўз зиммасига олган. Шу асосда юртимизда ўзбек тилининг бойитиш ва такомиллаштиришга доир кўплаб илмий изланишлар, лойиҳалар олиб борилмоқда, турли соҳаларга оид луғатлар, илмий рисолалар мунтазам нашр этилмоқда. Айни пайтда мамлакатимиздаги барча нашриёт матбаа-ижодий уйлари томонидан она тилимизнинг жозибасини бор бўй-басти билан намоён этишга доир нашрлар чоп этилиб, китобхонлар эътиборига ҳавола этилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Шунингдек, юқоридаги Қонуннинг 8-моддасида Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилиниши ва эълон қилиниши белгиланган. Мазкур норма «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Қонун 26-моддасининг тўртинчи қисмида янада аниқлаштирилган. Унга асосан, «қонун лойиҳаси ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Қонунчилик палатасига давлат тилида киритилади». Ушбу нормаларнинг ижроси амалда таъминланаётганини ҳозирги кунда Қонунчилик палатасига киртитилаётган қонун лойиҳалари мисолида ёки Олий Мажлисда қабул қилинаётган қонунлар ўзбек тилида қизғин муҳокама этилаётганлигида кўриш мумкин.

Top