19:02 / 12.05.2016
7374

ОПЕК нефть қазиб олиш кўрсаткичини саккиз йилдаги энг юқори кўрсаткичга етказди

Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти апрель ойида нефть қазиб олишни кунига 330 минг баррелга ошириб, 32,76 миллион баррелга етказган. Бу 2008 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир. Халқаро Энергетика агентлиги ҳисоботида шу ҳақда маълум қилинмоқда.

Ушбу натижага Эрон, Ироқ ва БААда нефть қазиб олишнинг кўпайиши ҳисобига эришилган. Бу, ўз навбатида, Кувайт ва Нигериядаги нефть қазиб олиниши пасайишининг ўрнини тўлдирган. Саудия Арабистони кунига 10,20 миллион баррель нефть қазиб олган, Эрон ҳиссасига эса 3,56 миллион баррель тўғри келади.

Агентликнинг фикрича, ташкилот ОПЕКнинг июнь ойида бўладиган саммити арафасида нефть қазиб олишни кўпайтиришда давом этади. Шу билан бирга, ХЭА ташкилотга кирмаган мамлакатлар нефть қазиб олишни пасайтиришини тахмин қилмоқда. У кунига 800 минг баррелга камайиб, 56,8 миллион баррелга тушади.

10 май куни, Саудия давлат нефть қазиб олиш компанияси Saudi Aramco раҳбари Амин Нассер подшоҳлик 2016 йили углеводородларни кўпроқ қазиб олиш режаларини ошкор қилган эди.

Шу куннинг ўзида Нигерия нефть вазири Эммануэль Качикву қора олтин қазиб олиш ҳажмини бир ярим баравар ошириб, кунига 2,3-2,5 миллион баррелга етказишини билдирди.

Бугунги кунда ОПЕК таркибига 13 давлат киради: улар орасида Саудия Арабистони, Эрон, Ироқ, БАА, Нигерия ва Венесуэла давлатлари бор.

Top