13:35 / 04.07.2016
33196

Ўзбекистон Жаҳон банкининг логистика рейтингида 11 ўринга кўтарилди

Ўзбекистон Жаҳон банкининг LPI индекси - логистика самарадорлиги бўйича рейтингида 118-ўринни эгаллади, бу 2014 йилги кўрсаткичга қараганда 11 ўринга юқоридир. 

LPI индекси маҳсулотларни етказиб бериш осонлиги ва миллий ҳамда халқаро даражадаги савдо логистикасининг ҳолатини акс эттиради. У, 6 омилга асосан тузиб чиқилади: божхона самарадорлиги, инфратузилма сифати, халқаро ташувларни амалга оширишнинг соддалиги, логистика қамрови, юкларни кузатиш ва етказиб бериш муддатига риоя этиш шулар жумласидан. 

Божхона бўйича Ўзбекистон 114-ўринга муносиб кўрилган. Инфратузилма борасида – 91-, юк ташишнинг соддалиги бўйича –130-, қамров кўрсаткичига кўра –116-, юкларни кузатишда – 143-, муддатга риоя қилиш бўйича – 114-ўриндан жой эгаллаган.

Собиқ иттифоқ мамлакатлари орасида икки йил ичида энг юқори натижага Литва эриша олган. У аввалги кўрсаткичдан 17 ўринга кўтарилган. Арманистон эса, бирданига 49 ўринни бой берган. Тожикистон ҳам кучли пастга тушиб, охирги ўнликдан жой эгаллаган. 

Жаҳон банки рейтингига кўра, логистикаси энг ривожланган давлат сифатида  Германия тан олинган. Топ-ўнликка шунингдек, Люксембург, Швеция, Нидерландия, Сингапур, Бельгия, Австрия, Буюк Британия, Ҳонконг ва АҚШ жойлашган.

Сурия эса, логистика жиҳатидан энг ёмон давлат сифатида қайд этилган. Ундан олдинги ўринларни Ҳаити, Сомали, Мавритания, Экваториал Гвинеяси, Сьерра-Леоне, Лесото, Тожикистон, Лаос ва Зимбабве эгаллаган.

Умуман, LPI индексида дунёнинг 160 мамлакатига оид рақамлар келтирилган. 
 

Top