Спорт | 12:17 / 10.07.2016
17570
3 дақиқада ўқилади

Португалия - Франция баҳси арафасида тахминлар баҳси

Ўзбекистонлик собиқ футболчи Миржалол Қосимов журналист Элмурод Эрматов билан гаплашиб, Европа чемпионати финали арафасидаги фикрларини билдириб ўтди.

Португалия - Франция: ким ғолиб бўлади?
Миржалол Қосимов,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий, ўсмирлар ўртасида жаҳон ва Европа чемпиони, Россия чемпиони, Осиё ўйинлари чемпиони, ўзбек футболи афсонаси :
- Аввало, Францияда бўлиб ўтаётган Евро-2016 баҳслари жуда қизиқарли ва жозибадор ўйинларга бой ўтганини таъкидлаш жоиз. Уэльс, Бельгия, Хорватия, Италия термалари иштирокидаги баҳслар мухлисларнинг хотирасида узоқ вақт сақланиб қолади. Мана мусобақанинг энг чўққиси бўлган финал ўйини ҳам етиб келди. Аслида, финал ўйини олдидан башорат қилишнинг ўзи қийин. Португалиянинг финалгача бўлган йўлига эътибор берадиган бўлсак, гуруҳдан дуранглар билан чиққан жамоа плей-оффда жуда самарали ўйин кўрсатди. Термада жаҳоннинг топ-ўйинчиси Роналду бор. Умуман олганда, Сантуш шогирдлари ҳар томонлама мукаммал ўйин кўрсатишяпти. 

Франция эса зўр ижрочиларга эга жамоа. Уларнинг ҳужум чизиғида тўп сураётган Гризманн ва Погбани алоҳида эътироф этиш керак. Германия билан бўлган ярим финал баҳси "учранглилар"нинг қандай салоҳиятга эга эканлигини кўрсатиб берди. Бир қарашда финалда ҳар икки жамоанинг имкониятлари эликка-элликдек. Лекин, французларни ўз уйида ўйнаётганини унутмаслик керак. Ўша машҳур иборани эслаймиз: “Ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради”. 

Менимча, мезбон жамоада ҳар доим устунлик бўлган ва мазкур жиҳат эртага ҳам ўз сўзини айтади.   

Элмурод Эрматов, спорт журналисти:
- Дарҳақиқат, Фернанду Сантуш термаси гуруҳ баҳсларида венгерлар, австрияликлар ва исландлар билан нурсиз дуранг қайд этиб, навбатдаги босқичга чиқди. Кейинги баҳсларда эса жамоа худди алмаштириб қўйилгандек ўйин кўрсатмоқда. Таркибдаги алмаштиришлар, бир вақтни ўзида ҳам ҳимоя ва ҳужумда бир хил фаол ўйин намойиши португалларга ҳақли равишда финал йўлланмасини келтирди. Асосийси, уларга плей-оффда рақиб бўлган Хорватия, Уэльс ва Польша термалари ҳимояда интизомли ўйин кўрсатаётган Португалия дарвозаси олдида жуда кам  хавфли вазиятларни юзага келтира олдилар. Португаллар эса ҳар бир ҳужумдан  самарали фойдаланиб, навбатдаги босқичга чиқиш учун нечта гол керак бўлса шунча гол уришди. Сўнги ўйинда французлар ҳужум чизиғи вакилларида чарчоқ аломатлари сезилмоқда. Криштиану ва Нани жуфтлиги эса ажойиб спорт формасида эканлигига гувоҳ бўлдик. Катта эҳтимол билан Португалия ғолиб бўлади.

Бугун ўтказиб юборманг! Португалия - Франция, финал ўйинидан матнли трансляция!

Мавзуга оид