18:11 / 21.07.2016
6713

Хакерлар "Олмаота иссиқлик тармоғи" номидан шаҳарликларни ҳақоратлашди

Фото: facebook

Хакерлар "Олмаота иссиқлик тармоғи" номидан шаҳардаги фойдаланувчиларга сохта мактублар юбориб, уларни ҳақоратлаган. Сўкиш сўзлари ёзилган огоҳлантириш мактубининг суратини компаниянинг собиқ раҳбари Даврон Алимбеков Facebookдаги саҳифасига жойлаштирган, деб хабар қилмоқда Tengrinews.kz.

"Қозоқчани тушунмайдиганларга: немис сантехниклари тўғрисидаги фильмни тасаввур қилинг. Агар сиз қарзингизни тўламасангиз, улар сиз билан айнан шундай қилмоқчи", - дея изоҳ қолдирган Алимбеков. Унинг сўзларига кўра, бу каби мактуб шаҳарнинг ярим аҳолисига етказилган. 

"Олмаота иссиқлик тармоғи" матбуот котибаси Наталья Инкинанинг изоҳ беришича, шаҳарликлар хакерлар ҳужуми сабаб бу каби мактубларни олишган. Унинг сўзларига кўра, ғаразгўйлар компания серверига ҳужум қилишган. Бироқ, бундан хабари бўлмаган ходимлар, мактубларни чоп этиб, манзилларга юборишган. 

"Айни вақтда, биз компания сайтида расман узр сўрадик. Биз албатта, мижозларимизга янги мактуб юборамиз", -деган Инкина Tengrinews.kz мухбирига. 

Унинг айтишича, бундай мактублар асосан, шаҳарнинг Бостандик ва Олмали туманлари аҳолисига тарқатилган. 

 

Top