Жаҳон | 10:15 / 08.08.2016
11397
2 дақиқада ўқилади

Сурия армияси Ҳалаб жанубидаги 800дан ортиқ жангарини йўқ қилди

Фото: ТАСС

Сурия армияси "Жайш ал-Фатҳ" бирлашган қуролли коалициянинг Ҳалаб жануби ва жануби-ғарбида амалга оширган ҳужумини қайтарди. Al-Watan газетасининг сайтида маълум қилинишича, Сурия армияси аскарлари ва кўнгиллилар бир сутка ичида 800дан ортиқ террорчини ер тишлатган, ўнлаб зирҳли техникаларни сафдан чиқарган. 

Нашр маълумотларига кўра, ҳукумат кучлари Рамуснинг жанубий чеккаларида жойлашган ҳарбий билим юртлари ҳудудларидаги позицияларини қайтариб олишга ҳозирлик кўрмоқда. 

Сурия Қуролли кучлари вакили, шунингдек, жангари гуруҳларнинг жанубий Шайх-Саид чеккаларини назорат қилаётгани тўғрисидаги мухолифат хабарларини рад этган. 

Al-Watan нашрига кўра, ҳукумат кучлари Рамусда аёвсиз жанглар давом этаётгани боис, халқа йўлининг Рамусдан ўтувчи ҳудудини вақтинча ёпиб қўйган. Ҳалабнинг Сурия армияси назоратидаги ҳудудларига кирувчи машиналар айланма йўллар орқали ҳаракатланмоқда. 

Мшерфа аҳоли пунктида ҳам кескин тўқнашувлар юз бергани ҳақида хабар қилинаяпти. Айни чоғда, Al Mayadeen телестанцияси "Жайш ал-Фатҳ" гуруҳининг "Ҳалабни бутунлай озод этиш жангини бошлаши" ҳақидаги коммюникесини эълон қилган. Шу мақсадда, шаҳарнинг жанубий чеккаларига қўшни Идлиб ва Хама вилоятларидан ёрдамчи жангари кучлар ташланмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид