19:24 / 18.08.2016
17784

Ўзбекистонда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ўтказилмоқда

Энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги шодиёналари тобора яқинлашмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ушбу қутлуғ айёмни муносиб кутиб олишга қизғин тараддуд кўрилмоқда. 

Шаҳар ва қишлоқларда, маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида теварак-атрофни тартибга келтириш, ободонлаштириш, ариқ-зовурлар, хиёбонларни тозалаш ишлари амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 10 августда қабул қилинган фармойиши бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда

Ободонлаштириш ва тозалик ойлиги тадбирлари пойтахтимизда ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг Тошкент шаҳар бўлимидан маълум қилишларича, ободонлаштириш ишлари жараёнида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар, ҳовлилар, боғ ва сайилгоҳларни тартибга келтириш, чиқиндиларни белгиланган жойга чиқариб ташлаш, кўчаларни таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида маҳаллалар ҳудудидан ўтадиган юзга яқин кўча таъмирланиб, намунавий кўчага айлантирилмоқда. 

– Маҳалламиз ҳудудидан ўн учта кўча ўтади, – дейди Шайхонтоҳур тумани “Лабзак” маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби Ҳафиза Собиржонова. – Ушбу йўлларни таъмирлаш ва теварак-атрофини ободонлаштириш ишларида аҳоли фаол иштирок этмоқда. Бугунги кунгача йўлларнинг қарийб ярми таъмирланди ва кўчалар намунавий ҳолатга келтирилди. 

Кейинги йилларда маҳаллаларда яна бир замонавий инфратузилма – болалар ўйин майдончалари ҳам кўпаймоқда. Бундай масканлар нафақат болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, балки саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни жисмонан чиниқтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳар бир майдончада ўнга яқин ўйин қурилмаси ўрнатилган. Бундай масканларнинг техник ҳолати, тозалиги маҳалла томонидан доимий назорат қилинади. Яроқсиз ҳолга келган ўйин қурилмалари янгиланиб, такомиллаштирилиб борилмоқда. 

Кўп қаватли уйларни таъмирлаш, кўчаларни ёритиш тизимини модернизациялаш, чиқинди йиғиладиган майдончаларнинг моддий-техник ҳолатини яхшилаш ишлари давом этмоқда. Бу жараёнда маҳаллаларнинг уй-жой мулкдорлари ширкатлари, “Махсустранс” корхонаси, Ободонлаштириш бошқармаси билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйгани яхши самара бермоқда. 

– Тоза-озода, обод жойда файзу барака бўлади, – дейди Шайхонтоҳур тумани “Оқилон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алишер Аҳмедов. – Шунинг учун юртимизда катта шодиёналар, байрамлар олдидан умумхалқ ҳашарлари уюштирилиб, хонадонлар, маҳалла, кўча ва хиёбонлар, гузарлар, муқаддас қадамжоларни янада обод қилиш яхши анъанага айланган. Халқимизга хос бундай хайрли ишларда пок ниятларимиз, эзгу орзу-мақсадларимиз ўз ифодасини топмоқда. Мустақиллик байрами арафасида ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ўтказилиши ҳам энг улуғ, энг азиз айёмни юртимизнинг ҳар бир гўшасида муносиб нишонлашга хизмат қилмоқда. 

Шу кунларда ободонлаштириш ва тозалик ойлигини, 20-21 августда ўтадиган умумхалқ хайрия ҳашарини юқори савияда, кенг аҳоли иштирокида ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бу жараёндаги ишларни изчиллик билан ташкил этиш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузурида ишчи гуруҳлар шакллантирилди. Тозалик ва ободонлаштириш ишларида фаол қатнашганларни муносиб рағбатлантириш мақсадида хонадонлар, кўчалар, маҳаллалар, ободонлаштириш ишларига муносиб улуш қўшаётган ҳомий ташкилотлар ва тадбиркорлар ўртасида танловлар эълон қилинди. 

Top