Пойтахтда қор ёғиши ва қишки об-ҳаво шароити туфайли кўчаларни тезкор тозалаш ҳамда транспорт ҳаракатини барқарор таъминлаш бўйича ишлар кучайтирилди. Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси томонидан 230 га яқин махсус техника ҳамда 1000 нафардан ортиқ ходим ишга жалб этилган.
Маълум қилинишича, қорни тозалаш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ишлари шаҳарнинг 793 та кўчасини қамраб олган. Ишлар узлуксиз тартибда, кучайтирилган режимда олиб борилмоқда.
Хизматлар, аввало, автомобил ҳаракати гавжум бўладиган йўналишлар, жамоат транспорти қатнови фаол кўчалар, йўл ўтказгичлар ва чорраҳаларда тозалаш ишларини жадаллаштирган. Қор қоплами ва музламаларни бартараф этиш орқали йўлдаги хавф-хатарларни камайтириш, пиёдалар ва ҳайдовчилар учун хавфсиз ҳаракат шароитини таъминлаш асосий вазифа этиб белгиланган.
Шунингдек, об-ҳаво ўзгарувчан бўлган пайтларда ҳолатдан келиб чиқиб техника ва ходимлар сонини йўналишлар бўйича қайта тақсимлаш, зарур нуқталарда ишларни тезкор кучайтириш чоралари ҳам кўрилмоқда.














