Ўзбекистон | 10:42 / 29.08.2016
27636
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги янги ҳалқа йўли ҳаракатланиш учун очилди

Фото: UZ24

Тошкентда май ойида қурилиши бошланган учинчи транспорт ҳалқаси ҳаракатланиш учун очилди.

Янги йўл Нурафшон кўчасининг «Тинчлик» метро бекатидан Оқтепа майдони ва Муқимий кўчаси орқали Нукус кўчасига боғланади. У Қодирий ва Рашидов шоҳ кўчаларини ҳам ўз ичига олиб, жами узунлиги 22 км масофани ташкил этди.

Шунингдек, Оқтепа майдонидаги янги транспорт боғламаси қурилиши  ниҳоясига етган. У Муқимий кўчасини Нурафшон кўчасининг «Тинчлик» метро бекатига қадар борадиган янги 4 километрлик қисми билан боғлайди.

Кичик ҳалқа йўли очилиши эвазига бошқа трассаларда ҳаракатланиш енгиллашиб, Чилонзор марказидан Эски шаҳарга ва ортга тезроқ етиб боришга имкон туғдиради. У пойтахтнинг саккиз туманини ўзаро боғлайди.

Учинчи ҳалқа йўлининг бир қисми сифатида Яккасарой туманида Муқимий ва Шота Руставели кўчалари чорраҳасида ўзгача кўринишдаги йўл ўтказгич қурилди.

Тўрт қаторли ёйсимон кўринишдаги йўл ўтказгич «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ кўприк қурувчилари томонидан бунёд этилмоқда. У Нукус кўчасининг собиқ «Тоштекстильмаш» заводига бориб тақалувчи 900 метрлик берк кўчаси билан бирлашади.

Мазкур чорраҳада қурилиш ишлари бошланишидан аввал ҳаракат жадаллиги соатига 11,5 минг машинани ташкил этган. Ваҳоланки, кўча имконияти соатига 6000 машина ўтказишга мўлжалланган эди.

Мавзуга оид