Шаҳар транспорт тизимини модернизация қилиш доирасида Шота Руставели кўчасининг ўрта қисмида марказий автобус йўлаги жорий этилди. BRT қатлами фаqat автобуслар учун мўлжалланган бўлиб, ушбу қатламда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланиши ва тўхташи қатъиян тақиқланади. Марказий йўлак орқали ҳаракатланувчи йўналишларга йўл ҳаракатида устуворлик берилади.

Йўлакнинг ишга туширилиши натижасида йўловчи оқимини марказлаштириш, автобуслар ҳаракатини барқарор ва тезкор қилиш, шунингдек ташиш хизматининг вақтда ва интизомли бажарилиши кутилмоқда. Тирбандликларни қисқартириш, хавфсизликни ошириш ва жамоат транспортидан фойдаланиш жозибадорлигини кўтариш асосий мақсадлардан ҳисобланади.

Ҳаракат иштирокчилари учун эслатма

Йўловчиларга:

  • автобуслар йўлнинг ўрта қисмидаги махсус ажратилган BRT йўлаги орқали ҳаракатланади;
  • платформага фақат белгилаб қўйилган пиёдалар ўтиш жойлари орқали чиқинг;
  • автобус тўлиқ тўхтагандан сўнг эшикка яқинлашинг;
  • кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва болали йўловчиларга йўл беринг.

Ҳайдовчиларга:

  • марказий автобус йўлаги (BRT) — фақат автобуслар учун;
  • ушбу йўлакда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланиши ва тўхташи тақиқланган;
  • чапга бурилиш ва орқага қайриш ҳар икки йўналишда ҳам тақиқланади;
  • йўлак чекларини кесиб ўтиш, платформа олдида тўхташ каби ҳаракатлар маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.