Ўзбекистон | 11:56 / 31.08.2016
127656
2 дақиқада ўқилади

Лола Каримова ўзбекистонликларга қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ўзбек халқини Мустақилликнинг 25 йиллик байрами билан табриклади ва ўзининг фейсбукдаги саҳифасида юртдошларимизга самимий тилаклар билдирди

"Азиз юртдошлар, сизни барчамиз учун қадрли айём – Ўзбекистоннинг Мустақиллик куни билан чин кўнгилдан муборакбод этаман!

Мен бизнинг бағрикенг, меҳнаткаш ва ниҳоятда иқтидорли халқимизга бахт-саодат ва фаровонлик тилайман! Саховатли она заминимизда ҳамиша тинчлик ва хотиржамлик барқарор бўлсин. Она Ватанимизда асрлар оша мавжуд бўлган бағрикенглик, турли миллат ва динлар вакиллари орасидаги ўзаро ҳурмат ва эҳтиромга асосланган муносабатлар ҳамиша сақланиб қолишига тилакдошман.

Азизлар, ушбу фурсатдан фойдаланиб, мен барчангизга Президентимизнинг тез шифо топишларини истаб билдирган самимий тилаклар ва эзгу ниятларингиз учун чин қалбимдан ўз миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман. Бу бизлар учун жуда аҳамиятлидир, ниҳоятда самимий ва дилдан чиққан тилаклар ва сўзлар отамнинг шифо топишларида ёрдам бермоқда, деб ишонаман. Сизларга катта раҳмат, азизлар!"

Мавзуга оид